
“Озодлик” радиоси орқали Қоракўл туманидаги Нефт ва газ коллежи ўқитувчиси Илҳом Жўраев аҳолига электр токи берилмаётганлиги боис ўз норозилигини очлик акцияси орқали ифодалашга ўзида журъат топа олганлигини эшитгач, “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Жиззах вилоят бўлими етакчиси Саида Қурбоновага сим қоқдим. Чунки кўнглимда Илҳом Жўраевни бориб кўриш ва далда бўлиш истаги туғилганди. Саида опамларнинг ҳамроҳлигида 16 ноябрь куни қайдасан Қоракўл дея Бухорога йўл олдик.
Қош қорайганда Қувача қишлоғини топиб, Илҳом аканинг хонадонига кириб бордик. Ҳар доимгидек хонадонларда “Ильич чироғи” йўқ, ҳаммаёқ зим-зиё эди. Шундай бўлса-да, шамнинг хира ёруғида Илҳом ака билан бўлган суҳбатимиз узоқ давом этди.
– Ака, очлик азобини бошдан кечирганларнинг бири менман. Токи президент Каримов қабул қилмас экан, очликни тўхтатмайммиз деган шаҳд билан ҳамкасбим Саодат Омонова билан биримиз 16 кун, биримиз нақд 19 кун тишимизнинг кирини сўриб ётганмиз. Бироқ ҳукуматдан бирор зоғ “Ҳой, нима гап?” деб сўрашга ярамади. Шунда билдимки, амалдаги ҳукумат учун инсон ҳаётининг бир писта пўчоқчалик қадри йўқ, сариқ чақага қиммат. Нима, бир эмас, икки журналистнинг мамлакатнинг қоқ киндигида юрт отасининг қабулини сўраб, ҳафталаб бир ичак бўлиб ётганини Каримов эшитмаган деб ўйлайсизми? Эшитган, албатта. Нега унда сукут сақлади? Демакки, президент халқининг тақдирига бефарқ… Ана шу очлик азобларидан кейин кўзим очилди… Кўп нарсаларни гарчи кеч бўлса-да, тушиниб етгандек бўлдим… Хулосам шу бўлдики, очлик акциясини ўтказиш гуё инсоннинг ўз жонига ўзи қасд қилиши билан баробар. Киши курашиш учун очликдан силласи қуриши керак эмас экан, аксинча, ноҳақлик пойдеворига қурилган бу ҳукуматга қарши курашиши, уни қулатиши шарт экан. Бунинг учун эса одам, энг аввало, соғлом ва бақувват бўлиши зарур экан. Ва яна энг асосийси, кучларни бирлаштириш муҳим эканки, қаранг, рақибингизни шунчаки кўрсатгич бармоғингиз билан бир нуқтаб, туртиб қўйганингиз қайта-ю, беш бармоғингизни тугиб, бир мушт тушурганингиз қайда? Шу маънода сизу биз бир мушт бўлиб тугилишимиз керак, токи зарбимиздан қаршимизда турган ёвуз куч эсанкираб, ўзига келолмай қолсин. Зулмга қарши очлик йўли билан эмас, курашишнинг узга йўллари, бошқа бир қулай усулларини топмоғимиз керак экан-да, нима дедингиз, Илҳом ака? – дейман суҳбат орасида.
– Мен ҳам шуни айтаман-да, – тамоқ қириб, сўз бошлайди суҳбатдошим, – Уч кун оч ўтирдим. Келмади эмас, мана шу ўзимизнинг Қувача туман қишлоқ фуқаролар йиғини раис ўринбосари Ҳукумат номидан элчи бўлиб кетди. Уларнинг олдига шартларимни қўйгандим, қабул қилишди. Кейин очликни шу бугун тўхтатишга қарор қилдим. Талабларимдан бири мен фаолият юритаётган Нефт ва газ коллежига қуёшдан қувват олиб электр берувчи мослама ўрнатиш масаласи эди… Энди.. Шундай қиламиз… Бирлашамиз… Бирлашганга нима етсин… Лекин… Кимга ишонишингниям, кимга суяниб, кимдан умид қилишингниям билмайсан киши… Кўриб турибсиз, Ҳукуматнинг аҳволи бу, муҳолифатнинг аҳволи эса у! Интернетларда ўқиб қоламан, мухолифат деганлариям тўрт томонга бўлиниб кетган, дуч келган томонга тортиб ётибди. Ҳали униси бунисини сотқин деса, ҳали буниси унисини обориб-обкелади, ҳоинга чиқаради… Ҳеч бир нажот йўқ, – оғир уф тортиб, бошини қуйи эгади суҳбатдошим….
Тонг отгач, сафар баҳона “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Бухоро вилояти бўлими фаолларининг йиғилишини ҳам ўтказиб, келгуси ишлар хусусида маслаҳатлашиб олдик…
Илҳом ака билан суҳбатдан маълум бўлдики, чекка бир қишлоқнинг жафокаш бир ўқитувчиси қорни учун қайғураётганлари йўқ, элни деб, эртанинг эгаларини деб ғам чекмоқда. Ана шу ҳаёллар исканжасида Қувача қишлоғини кезар эканмиз, маҳалла аҳли кўчаларда тўп-тўп бўлиб бизни қарши олишди.
– Ҳамқишлоғингиз Илҳом ака электр токи берилмаганлиги учун очлик эълон қилганлигидан хабарингиз борми?, – саволга тутдим илк суҳбатдошимни.
– Ҳа, уми? Биламиз. Лекин, қани, бундан нима наф чиқди? Барибир эски ҳаммом, эски тос-ку? Яна боз боягидек. Яна свет йўқ. Бир кунда бир-икки соат ё берилади, ёки йўқ, – дейди суҳбатдошим ҳафсаласизлик билан қўл силтаб.
– Сиз уларни қувватламадингизми? Қаторига қўшилишни, далда бўлишни ўйламадингизми? Эҳтимол ўнада самараси салмоқлироқ бўлармиди?, – саволга кўмдим яна.
– Жон деб қўллардик. Мана, мен, мен бўлмасам, хўжайинимни қўллашга даъват қилардим, – суҳбатга қўшилди қишлоқ аёлларидан бири, – Кошки икки-уч кишининг оч ўтиргани билан иш битса? Светку, йўқ, лекин емаган сомсамизга пул тўлаганимизга нима дейсиз? Йўқ электр токи учун ҳар ўн кунда ҳақ олиб кетишади…
Ҳамқишлоқларнинг ҳасрати тугамасди….
– Қараб турсам, ҳар бир эшик қаршисида мана бундай қудуқлар бор. Бу нима?, – сўрадим қизиқсиниб.
– Бу сув сақлайдиган қудуғимиз. Шу қудуқ ўлгурам ҳаммадаям йўқ. Имкони борларгина қудуқ қазиб, цемонтлаб олишган. Палон пул-да буни барпо қилишам. Ҳафтада бир машинада тоза ичимлик суви олиб келишади. 4 тоннасини 80 минг сўмга сотиб оламиз-да, шу қудуққа қуямиз. Кейин, эҳтиёжимизга қараб сарфлаймиз.
– Қанча вақт истеъмол қиласизлар?
– Бировлар бир ой ичади, оиласи ихчамроқлари эса бир ярим ой…
– Шу вақт мобайнида сув ифлосланиб қолмайдими?
– Йўқ, оғзини ёпиб қўямиз-да, -кулади жувонлардан бири.
Шу пайт қўшни эшикдан қудуқдан сув тортиш илинжида чиққан ўспирин қиз кўринди:
– Исмингиз нима? Ёшингиз нечада? – гап қотдим қизалоққа.
– 16 да. Отим Дурдона, -дейди қизалоқ ийманибгина.
– Ўқийсизми?
– Шу, ўзимизнинг Нефт ва газ коллежининг 1-босқичида ўқийман.
– Ҳали мактабдан қайтиш маҳали бўлмагану? Эрта тонгдан уйдасиз? Ўқишга бормадингизми?
– Коллежимизнинг синф хоналари жудаям совуқ. Палтоларда ҳам ўтириб бўлмайди. Шунинг учун кўпчилик дарсга бормайди. Касал бўлиб қоламиз-да агар ўқиймиз десак….
Аҳоли билан шу сайилда суҳбатлашиб борарканмиз, йўл-йўлакай бир момога рўпару бўлдик.
– Вой, қизларимдан айланайин-а, совуққотиб қолибсизлар-ку? Қани, уйга киринглар, ҳозир сизларга бир ширин шилпилдоқ пишириб бераман, таъми оғзиларингизда қолади. Юринглар, юринглар, тортинманглар, – деди момо меҳмондўстлик билан.
– Ўчоқда тайёрлайсизми? Сизни қийнаб қўймайлик яна?, – дедим ҳижолат бўлиб.
– 70 йилдан буён шу тирикчиликни тутиб юрган момонгизман-да, ўргилай. Энди бир сиздек қизларимга шилпилдоқ пишириб берсам, чарчаб қоларканманми? Ошхамирни олиб қўйганман. Бир сув қайнатсак, тайёр-да, – момо шунчалар самимий, шунчалар очиқ чеҳра билан гапирдики, беихтиёр унга эргашдик.
– Менинг отим Бебит. 47 йилда, айни уруш пайтида туғилган эканман. Отам, тоғаларим урушга кетган экан. Онам бекаму кўст, дориламон замон бўлсин деб умид билан отимни Бебит қўйган эканлар, – дейди ош хамирини ёяётган момо кулиб.
Ўчоққа қора қозон осилди. Тагига ўт ёқилди. Зум ўтмай қозондаги сув ҳам шақирлаб қайнади. Ҳаял ўтмай Бебит момонинг шилпилдоғи ҳам тайёр бўлди.
– 9 нафар болам бор. Ҳаммаси ўзи билан ўзи. Оилали. Кўчиб кетишган. Кексарганимизда чолим билан яшаб ётибмиз, мана, кўрганингиздек… Шукур, ўчоқ бор, ўтин бор, чироқ бор… Фақат шу керосин ўлгур қимматлик қилаяпти-да, – беозоргина жилмаяди момо, – Газсиз, светсиз ҳам ўлганимиз йўқ, борига шукур…. Майли, газ ҳам бўп қолар, свет ҳам кеп қолар….
Бебит момо билан хушлашдик. Йўловчи машинага ўтирар-ўтирмасимиздан ўнқир-чўнқир йўл бизни зарб билан отиб урди.
– Шопир ака, ҳорманг энди. Бу… йўлларингизнинг ҳоли жуда хароб экан-ку-а?, – гап қотдим ҳайдовчига…
– Бўлади… Яхши-ку…, – секингина жавоб қилди суҳбатдошим.
– А-ҳа, ҳали яхши йўлингиз шумиди? У ҳолда ёмони қанақа бўларкин? Бир кўрсатмайсизми бизга ҳам? Шу йўлнинг аҳволи сизни ҳайдовчи сифатида қониқтирадими?, – сўрадим ҳазил аралаш.
– Ана у видео аппаратингизни ўчирсангиз, ҳаммасини айтиб бераман, – деди ҳайдовчи юзини олиб қочиб.
Шартга рози бўлиб, тасврига олишни тўхтатдим. Ҳайдовчи ҳам тўлиб турган экан, ҳасрат дафтари очилиб кетди.
– Битта балон фалон пул туради. Йўлларни эса кўриб турибсиз. Эзиворади. Қорақўлнинг йўли 20 йилдан буён таъмир кўрмаган. Бу йўлларниям сўрайдиган эгаси бормикан-а ўзи?, – дейди ҳайдовчи умидли нигоҳларини қадаб….
– Журналист бўлсанглар, мен сизларни бир жойга олиб борай. Жабрдийдалари кўп. То шу кунгача пахта пулини ололмай ранги самон бўлганлар бор Янгибозорда, борасизларми?, – гапга қўшилди ўзини Малоҳат деб таништирган жувон.
Адашимнинг таклифи билан йўлимизни Янгибозор томон бурдик. Ҳамроҳимиз бизни янгасининг туғилган кунига бошлаб борди. Кирсак, бир уй тўла аёл. Суҳбатимиз қизигандан қизиди:
– Эрим 2003 йилдан буён трактор ҳайдайди. Лекин бир сўмдан дарак йўқ. Фақат ҳар байрамларда 50-60 минг сўм бериб қўйишади, алдаб. Сиз нима деяпсиз, пахта теримида ҳам биринчи ўн кунликда ҳақ беришади, тамом. Мана, ҳозиргача пахта пулларини ололмай юрган аёллар бор далада, ҳозир борсангиз, кўрасиз, гаплашасиз, зовур қазиб ётишибди шу совуқда, – дейди ўзини Нодира деб таништирган аёл.
– Ҳақларингизни талаб қилмайсизларми?
– Сизнинг бу съёмка қилаётганларингиз бир тийин, – умидсиз қўл силтайди суҳбатдошим, – Ҳатто ҳаққимизни обериш Қоракул ҳокимининг ҳам қўлидан келмайди. Пахта пайти ҳокимимиз келди. Ҳамма аёллар ҳокимга ёпишишди, пулимизни беришсин, деб Шунда ҳокимимиз “Фермернинг ўзи хўжайин, мен эмас. Мен фермерга ишчиларнинг пулини бер деб буйруқ беролмайман. Уддасидан чиқса беради, уддасидан чиқа олмаса, чидайсизлар” деб айтганди ўшанда… Шунинг учун ҳам, мана, масалан, мен шу қишдан кейин хўжайнимни далада ишлатмайман, бошқа трактор ҳайдашига изин бермайман.
– Нима қиладилар унда?
– Нима қиларди, мардикорчиликка чиқади. Мардикорчилик қилгани минг марта яхши-да. Ҳар куни кунлик пул бор. Агар яхшироқ жой чиқса, Россияга кузатаман. Россияда ишлаб келади, – дейди Нодира қатъий.
– Сизлар Тошкентларда юрасизлар, бу халқнинг ҳолидан ҳам хабар оладиганлар борми? На газ бор, на свет. Ўлсак, ўлиб бўлдик-ку? Свет, газ беришни билишмайди-ю, лекин йўқ электру газга ҳақ ундиришга уста бўлиб кетган бу ердагилар. Йўқ жойдан одамларни қарздор қилиб қўйишадими-ей… Баччаларимиз мактабга бориб, совуққотиб, касал бўлиб қайтаяпти, -гап қотди даврада ўтирган аёллардан бири, – Болаларимиздан ўтин, кўмир, ичимлик суви учун бир-икки минг сўмдан одам бошига пул тўплаб олишади-ку, лекин барибир мактаблар совуқ, яхлаб ётибди.
– Мен 17 мактабда котиба бўлиб ишлайман… Тоза ичимлик сувини сотиб олиб, қудуқларга қуйиб қўямиз. Транспорт харажати, сув харажати бор-ку? Биргина болалар эмас, ўқитувчилардан ҳам пул йиғилади. Ўқитувчилар ҳам ёрдам қилишади. Мактабимизда 500 дан ортиқ ўқитувчи бор. Мактаб икки қаватли, замонавий бино. Катта, лекин газ бўлмагани учун иситиш тизимлари ишламайди, совуқ. Шунга ўтин учун, ичимлик суви учун ўқувчилардан киши бошига 2 минг сўмдан эмас, бор йўғи бир минг сўмдан пул йиғиб олинади, – дейди котиба опа….
– Ўқувчилардан сув, ўтин учун пул йиғилиши тўғрими?
– Тўғри эмас, лекин аҳвол оғир… Нима қиламиз… Вазиятдан чиқишнинг ягона йўли шу-да…
Суҳбатдошимиз Нодира тавсия қилган далага, зовур қазиётган аёллар ҳузурига йўл олдик… Қуруқ, қора совуқ этни жунжиктиради. 8-10 чоғлик аёл оғир кетмонини кўтариб-уриб, зовур қазиш, тозалаш билан машғул…
– Ҳормангизлар? Ассалому алайкум. Эшитишимча, шундай оғир меҳнатга маҳкум аёлларга ҳамон хизмат ҳақи берилмаган деб эшитиб келдик, шу тўғрими? – ёппасига гап ташладим аёлларга.
Паймонаси тўлиб, кўнгил сўрайдиган одамга илҳақ турган экан шекилли, аёлларнинг бири олиб, бири қўйиб, ҳасрат қила кетди….
– Пахта пулимизниям ололмай ётибмизу?
– Ҳа, эшакнинг гўшти харом, меҳнати ҳалол экан-да. Итдек ишлатишади. Ҳақ беришга келганда, кўзларини кўр, қулоқларини кар қилишади!
– Бирор кўмагингиз тегса сўранг, ёрдам қилиш қўлингиздан келмаса, дил ярамизни янгиламанг, кўнглимизни тирнаманг! – деди шартта аёллардан бири.
На илож. Очиғини айтганда, бизнинг ҳам аслида шу чорасиз аёллардан фарқимиз йўқ ҳисоби… Эй, дунёнинг бири кам экан-да, не қилайлик: Чўзай десанг қўл калта, юрай десанг йўл калталик қилиб қоларакан… Эсиз….
Ҳамюртларимизнинг оғир турмуш тарзидан бағримиз эзилиб, кўнглимиз хира тортиб Навоий вилоятига томон йўл оларканмиз кўрган кечирганларимизни йўл-йўлакай тасвирга олиш билан банд бўлдик. Кўрдикки, аҳоли тирикчилик ташвиши билан андармон: қудуқдан сув тортгани қайси, эшак-аравада ўтин ташигани қайси, трактору машинада ўтин сотгани қайси-ю, харидор бўлгани қайси…. Зовур қазигани қайси-ю, ер чопгани қай бири….Ўчоққа ўтин, печкага қўмир қалагани қайси…. Ва яна кўрдикки, аҳолининг паймонаси тўлган, пичоқ бориб бўғизга етган… Бечора элнинг ўлимдан бошқа кўрмагани, билмагани қолмаган… Халқим бечоранинг чексиз ҳақсизликлару, адоқсиз зулумлардан боши эгилиб, қадди букилиб қолган… Фақат… Фақат бир нарса, ҳақ учун, ҳуқуқ учун, қадр-қиммат талаб қилишлик учун оёққа қилқимоқ қолган, холос….
(давоми бор….)
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси



