АЖОЙИБРОҚ ЗАМОН

БАХТИЁР МАҲМУД

 

 

Бахтиёр МАҲМУД

 

 

 

(Аваз Ўтар ғазалига мухаммас)

 

Азизлар тинглангиз, ҳақ сўз баёндур,

Кўринган белгилар офат нишондур,

Қиёмат шарпаси ёрқин аёндур,

Ажойиброқ замон ушбу замондур,

Халойиқ феъли бир-бирдин ёмондур.

 

 

Таворих кўрмаган бундоқ маҳални,

Қиличлар жанггимас, ҳиссий қамални,

Тузатмоқ наилож ушбу касални,

Ҳама эҳё ичар жоми ажални,

Они ичмак ҳамон, ўлмак ҳамондур.

 

 

 

Кезар минг Нуҳи тўфон олам ичра,

Ёнар минг онаизор мотам ичра,

Кўриб кўнглим куяр дарду ғам ичра,

Маълул ўлмай не айлай, одам ичра

Вафоу меҳрким, дерлар, ниҳондур.

 

 

 

Ёвузлар қилмиши беҳадлигидин,

Замона аҳли бемаснадлигидин,

Фақат сўрмак, емак мақсадлигидин,

Ҳама эл феълу таврин бадлигидин,

Мунингдек бўйла расвои жаҳондур.

 

 

 

Бошингни янчадур девори йўқ том,

На ҳолат азани еткурса айём,

Ғариблар ноласи султонға ором,

Бўлуб саййидлари мардуду ноком,

Ҳама қул ағниёу комрондур.

 

 

 

Бузилди, Маҳмудо, давронни тархи,

Қадамда каж эрур дунёни чархи,

Вале, би тўда кул кўнглимни шарҳи,

Бўлуб қиймат ҳама ашёни нархи,

Аваз ушуб сабабдин бағри қондур.

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares