Орамизда осон даромад топиш илинжида жиноятга қўл ураётганлар ҳам топилади. Қўшни Тожикистон оғуфурушлари бундан ўзларининг ғараз мақсадлари йўлида фойдаланишмоқда.
1982 йилда туғилган Тожикистон фуқароси Ахлиддин Караматов билан 1976 йилда туғилган Сурхондарё вилояи Узун тумани “Телпакчинор” қишлоғининг Хатиб Қаҳрамон номли маҳалласида яшовчи Мансур Қулматов бир тўйда танишиб, яқин бўлиб қолишади ва кейинчалик телефон орқали мулоқот қилиб туришади. Бу икки кимсанинг “ошна” тутинишлари, алоқада бўлиб туришлари бежизга эмас эди. Кўп ўтмай улар биргаликда жиноят содир этишди.
2012 йил 4 апрель куни Ахлиддин Мансурга телефон қилиб, гиёҳванд модда олиб келаётганини, уни кутиб олиши кераклигини айтади. Шу куни у ўзбек-тожик Давлат чегарасининг чегара ва божхона назоратини ўрнатиш мушкул бўлган айланма йўллари орқали катта миқдордаги гиёҳванд моддани Тожикистондан Ўзбекистонга олиб ўтади. Мансур “Қоратоғ” дарёси бўйида уни кутиб олади ва ўша ердан унча узоқ бўлмаган уйига олиб кетади.
Мансур аввалдан келишиб, огоҳлантирилиб қўйилган харидор – Бахтиёр исмли шахсни аэропортда кутиб олиб, уни ҳам уйига олиб келади. Мол харидорга маъкул тушиб, сотиб олишга рози бўлади. Мансур Бахтиёр билан унинг шерикларидан қорадори хариди учун пул олиб келиш мақсадида Денов шаҳрига кетади. Ана шу пайтда шеригининг уйида қолган Ахлиддин ашёвий далил – 22 полиэтилен ўрамдаги 24 килограмдан ошиқ опий гиёҳвандлик моддаси билан қўлга олинади. Денов шаҳрига етиб борган Мансур ҳам тезкор гуруҳ ходимлари томонидан ушланади.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Денов туман суди томонидан кўриб чиқилди.О. Ж. Арабов раислигидаги суд хайъати Ахлиддин Караматов ҳамда Мансур Қулматовларни белгиланган тартибни бузиб чегарадан ўтиш, катта миқдордаги гиёҳванд моддани мамлакатимизга олиб кириш, уни яшаш жойида сақлаш ва тарқатишга уринишдек оғир жиноятлани қасддан содир этганликда айблади. Судланувчилар ўзларига қўйилган айбларга иқрор бўлишди.иккалови ҳам қилмишларидан пушаймон эканликларини,қарамоғларида 3 нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини айтишиб, жазо тайинлашда енгиллик берилишини сўрашди.
Юқорида қайд этиб ўтилган жиноятларни қасддан содир этганликда айбланиб, А. Караматовга 17 йил, Мансур Қулматовга 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Иш бўйича ашёвий далил тариқасида олинган жами 24 кг 433 грамм опий гиёҳвандлик моддаси ҳукм қонуний кучга киргач йўқ қилиниши белгилаб қўйилди.
Дилроз Қулмуҳаммад.



