
Биз “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена Урлаева билан ҳамкорликда 2012 йилнинг 23 октябрь куни Қашқадарё вилояти бўйлаб мониторинг ўтказаётиб, Яккабоғ туман марказий кўчаларидан бирида гавжум одамларга кўзимиз тушди.
– Нега бу ерга бу қадар кўп одам тўпланган?, – қизиқсиниб сўрадим ҳайдовчидан.
– Бу ер Яккабоғнинг мардикор бозори, – деди ҳайдовчи ўта бепарволик билан. Ҳамроҳимиз шу қадар бепарволик билан гапирдики, бу оҳангдан туманда кишиларнинг мардикорликка чиқиши ва мана шу каби мардикор бозорининг мавжудлиги одатий бир ҳолга айланиб қолганлигини сезиш қийин эмас эди.
– Унда мардикор бозорга бир зумга тўхтаб ўтамиз, – дедим ҳайдовчига.
– Биз ўтирган машина “бозор” яқинига тўхташи билан машина отрофини 50 дан ортиқ эркак кишилар ўраб олишди. Улар орасида 60 ёшли одамдан тортиб 40, 35 ёшли ва ҳатто 18-19 ёшли ўспиринларни ҳам учратиш мумкин эди.
– Мен ҳар қандай ишга тайёрман, кетдикми?, – деди ўрта ёшлардаги киши.
– Йўқ, мен ёшроқ. Чаққонроқман, мени танласангиз, адашмайсиз!
– Менинг ҳар бир соҳада тажрибам бор, “люббой” ишни дўнтидриб қўяман!
– Мардикор танлашда адашманг! Фақат мен билан гаплашинг, опа, – дейди яна бошқа бири.
Бир зумда атрофни мардикорларнинг шу каби ҳайқириқли шовқини тутиб кетди. Афтидан улар бизни харидор деб ўйлашди, чоғи….
… Машинамиз атрофини ўраб олган эр йигитлар ишга талабгорлик қилиб, ўз куч-ғайратларини бозорга солишмоқда-ю, бироқ бирортаси “Қандай хизмат бор ўзи? Ғишт терамизми? Ер чопамизми?” деб сўраймайди. “Хизмат ҳақи нима бўлади? Меҳнатимизга қанча берасиз?” ҳам дейишмайди. Топган гаплари фақат шу: “Мени об кетинг! Мени танланг! Ҳамма ишнинг уддасидан чиқамиз!”.
Миллати, ўзлиги, ўзини билган одам учун бу ниҳоятда аянчли ҳолат эди…
Фурсатдан фойдаланиб, мардикорчилик илинжида иш ахтариб чиққан аҳоли билан мулоқотга киришишга уриниб кўрдик. Мазкур суҳбатимизни видео тасвирга муҳирладик. Аслида, суҳбатдошларимиз орасида ушбу видео тасвирни эълон қилишимизни истаганлар ҳам бўлди, истамаганлар ҳам…. Шу нуқтаи назардан, ушбу тасвирли суҳбатни эълон қилиш шартми, ёки йўқ деган савол хусусида анчагина бош қотиришимизга тўғри келди. Ниҳоят, эълон қилиш керак, деган хулосага келинди. Айтишади-ку, “минг марта эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал” деб. Шу боис, Яккабоғ туманидаги мардикор бозорига иш ахтариб келган маҳаллий аҳоли – мардикорлар билан бўлган суҳбатимизни сайтимиз ўқувчилари ҳукмига ҳавола қилишга қарор қилдик.
Шундай қилиб, биз Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги мардикор бозоридамиз.
Суҳбатдошимизнинг охирги сўзларига эътибор қаратдингизми? “Бизга эркнилик берган, мардикорликка чиқишга тўсқинлик қилмаётган отамизга раҳмат” дедийми? Ё шундай маънода гапирдими?
Демакки, айни дамда Ўзбекистон аҳолиси мардикорчилик орқасидан кун кўришга, ёзда офтоб тиғи-ю, қишда қор-ёмғир остида соатлаб ўз харидорини, буюртмачини кутишга ҳам рози. Фақат… фақат ҳукумат “Мардикор бозоридагилар ҳам давлатга солиқ тўласин!” деб қолишмаса бўлгани. Фуқаролар ҳукуматнинг тазйиқи, қутқусидан ўзга ҳаётнинг жамики жафоларини чекишга ҳам, қийинчилигу йўқчиликнинг таъмини тотишга ҳам тайёр, шай! Бироқ, ачинарли томони шундаки, бу ердаги бирор бир инсон “Каримов ҳукумати бизни иш билан таъминласин. Биз ҳам одамлардек яшашни истаймиз!” демайди, дея олмайди ҳам. Шундай дегудек бўлса, бошига қандай савдолар солинишини, қандай балоларга гирифтор бўлишини жуда яхши билишади-да! Шунинг учун ҳам “оч қорним – тинч қулоғим” қабилида иш тутишни афзал кўришади…
Эсиз, шусиз ҳам Ўзбекистоннинг ярим аҳолиси ҳорижий мамлакатларда мардикорчилик билан кун кўришмоқда, оила тебратишмоқда. Бу ерда, мамлакат ичкарисида қолган аҳолининг эса ҳоли мана бу – кўриб турганингиздек…. Тўрт томонимиз мардикор, атрофимиз мардикорзор! Нима ҳам дердик, суҳбатдошимизнинг фикрларига қўшилмай, қувватламай бўларканми? Ўзбекистондек жаннатмакон мамлакатни 23 йил давомида мардикористонга айлантира олган президент Каримов жанобларининг отасига “раҳмат”-э!
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси



