ЎЗБЕКИСТОН: МАҲКАМА ҲАСАН ЧОРИЕВГА ҲУКМ ЧИҚАРДИ

 

Қашқадарё вилоятининг  Яккабоғ, айни дамда Шаҳрисабз туманида истиқомат қилувчи Ҳасан Чориев Яккабоғ туман ҳокими Рашид Муҳаммадиевга туҳмат қилишликда айбланиб маҳкамага тортилган эди.

Гап шундаки, аввалига, 70 ёшли Ҳасан Чориевнинг чорвачилик фермасига қароқчилик уюштирган маҳаллий ҳокимият отахоннинг 39 бошли йирик шоҳли қора моли-ю, 135 та қўйини ноқонуний тарзда талон-тарож қилган эди. Ҳаял ўтмай Қамаши туман ҳокими Рашид Маҳаммадиев Ҳасан отанинг чорвачилик фермасига берилган 8 гектар ер майдонини ҳам хўжалик суди орқали “қонуний” усул билан тортиб олди. Камига 70 ёшли қария Қамашидаги 3 хонали уйидан бадарға қилинди ва бошпанаси  ҳукумат томонидан бузиб ташланди. Ва ниҳоят ноҳақликлардан нолиб юқори давлат идораларига шикоят аризалар ёзгани учун   Ҳ. Чориевга нисбатан ЎзМЖтКсининг тегишли моддаларига асосан иш қўзғатилди. Суд қарорига кўра, Қамаши туман ИИБ ходимларига туҳмат қилганликда айбли деб топилган отахон каттагина миқдорда жаримага тортилган эди.

Ҳукумат томонидан олган ушбу жарима деб аталмиш “сийлов”дан ҳам “тегишли хулоса” чиқармаган Ҳасан Чориев Қамаши туман ҳокими Рашид Муҳаммадиевнинг кирдикорларини очишга киришди. Хусусан, туманда 8 йилдирки фойдаланилмай келинаётган 37 гектар ер майдони хусусида қайғураркан, бу борада тегишли ҳукумат идораларига хабар берди. “Чуқур текширувлар” натижасида, Ҳасан Чориев такрор  “ўз хизмат бурчини бажараётган” раҳбарга – Қамаши туман ҳокими Рашид Муҳаммадиевга такрор туҳмат қилганликда айбланиб, маҳкамага тортилган эди.

Ниҳоят, 6 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди Ҳасан Чориевнинг “жиноий иши” юзасидан ўз ҳукмини эълон қилди. Унга кўра, Қамаши тумна ҳокими Рашид Муҳаммадиевга туҳмат қилганликда айбдор деб топилган Ҳасан Чориев энг кам иш ҳақининг 400 баробари миқдорида жаримага тортилди.

– Мен  ўз иддаоларимни исботлаш мақсадида ўша экин экилмай, қақшаб ётган 37 гектар майдонни видеотасвирга олиб, судга тақдим қилдим. Ҳоким Рашид Муҳаммадиев карахт бўлиб, тили калимага келмай қолди. Судда менга нисбатан бир оғиз ҳам қарши гапираолган эмас… Лекин илож қанча, ҳақлигимни исботлашга нечоғлик уринмай, судья барибир ҳокимнинг айтганини қиларакан-да. Барибир ҳокимнинг фойдасига қарор чиқариб берди. Менга катта миқдорда жарима солди. Аммо шу билан ҳаммаси тугади дегани эмас. Мен адолат истаб юқори суд идораларига арз қиламан. Аммо кузатувчилар, халқ шуни билишини истардимки, менга нисбатан қўлланилаётган бу ноҳақликларнинг замирида бошқа нарсалар, сиёсий масалалар ётибди.  Негаки, мен ўтган йили “Каримов истеъфога чиқсин” деган мазмунда “Озодлик” радиосига жуда кескин интервью бергандим. Ана шу воқеадан кейин менга нисбатан босимлар кучайгандан кучайиб кетди. Қолаверса, мен инсон ҳуқуқларининг ҳимоячиси, мухолифат етакчиси сифатида ҳам фаолият юритаман. Ўзбекистонда ўтказилган қаттиқ босим туфайли АҚШдан сиёсий бошпана олган 7 нафар ўғлимнинг тўнғичи Баҳодир Чориев “Бирдамлик” Халқ демократик мухолиф ҳаракатини ташкил этган. 8 йилдан буён Каримов диктатурасига қарши курашиб келмоқда. Юқоридагиларга асосланиб, иккиланмасдан айтишим мумкинки, мен айнан фарзандимнинг сиёсий фаолияти туфайли, қолаверса, Каримовга қарши билдирган кексин салбий фикрларим сабаб босимга учраб, ҳукумат томонидан тазйиқлар остида қолган одамман, – дейди Ҳасан Чориев биз билан телефон орқали бўлган суҳбатда.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот Маркази

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares