
Шундай одамлар борки, бебаҳо умрини халқи, ватани бахтига бахшида этади. Шундай кишилар бор, эл равнақи, миллат тақдири дея нафас олади. Орамизда шундай олийжаноб инсонлар борки, эрта-ю кеч ўзгаларнинг тақдири, эртаси деб яшайди, заҳмат чекади. Одамлар бор, эли, юрти, халқини мунаввар кунларга олиб чиқиш орзуси-ўйида тунларини тонга улайди. Орамизда туну кун миллат, ватан тақдири ҳақида қайқурадиган, жон куйдирадиган фидоийлар бор…
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати йўлбошчиси Баҳодир Чориев ўз ҳаётини миллати, халқи, ўзлиги, ўзбеги учун армуғон этаётган ана шундай ватанпарвар инсонлардан бири. Ёшлигидаёқ халқининг азобу уқубатлар гирдобида, аврашу алдовлар, қурқуву қийноқлар, разолату қабоҳат батқоғида, чексиз аламлар уммонида ғарқ бўлаётганини тушиниб етган Баҳодир Чориев ҳақсизликлар исканжасида, зулм қаъридаги қоронғуликда буғилаётган ватандошларини, ўз халқини, ўзбек миллатининг бошини бирлаштириш, бир тану-бир жон қилиш мақсадида “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатига асос солган эди. Мана, саккиз йилдирки, Баҳодир Чорев етакчилигида иш олиб бораётган “Бирдалмик” Халқ Демократик ҳаракати фаоллари нозўравон усул орқали амалдаги муштумзўр ҳукуматга барҳам бериш, халқимизни чин маънодаги озодликка, ҳурликка, ёруғ кунларга, чороғон келажакка олиб чиқиш йўлида доимий ҳаракатда.
Бугун миллати, ўзбеги учун, элининг эртаси учун заҳмат чекаётган халқимизнинг асл ўғлони Баҳодир Чориевнинг таваллуд айёми.
Биз, “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими фаоллари ўзбек учун яшаб, ўзбек дея нафас олаётган, эл манфаати учун тиним билмаётган юртпарвар, миллатпарвар
инсонни – Баҳодир Чориевни туғилган куни билан самимий қутлаймиз!
Баҳодир ҲАСАНОВИЧ!
Биз сизни болалардек беғубор қалбингиз, гўдаклар мисол соддадиллигингиз, очиқ табиатингиз, самимиятингизга тан берамиз. Тантилик, далли-ғуллилик, кенг феъллилик, чексиз ўйни ўйлаб, тубсиз дарё бўйлашдек сермулоҳазакорлиқ, қўйингчи, Ўзбекигимизда неги ижобий феъл бор, хуссият бор, барчаси сизда мужассам эканлигини ҳам яхши биламиз.
Истагимиз, ана шундай ўзбекона ажойиб ижобий хислатлар, самимият билан йўғрилган шаффоф туйғулар ҳеч қачон сизни тарк этмасин!
Ҳамиша танангизни тетиклик, руҳиятингизни тиниқлик, дастурхонингизни тўкинлик, оилангизни тотувлик, кўнглингизни хотиржамлик тарк этмасин. Мудом омад ортингиздан эргашиб, бахту иқбол бўйингиз билан бўйлашиб юрсин.
Яратганнинг ўзи ҳамиша ёрингиз, Пирлар мададкорингиз бўлсин!
Туғилган кун муборак!
Самимият билан
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими фаоллари номидан:
Гулчеҳра НУРИЛЛАЕВА,
Носир ЗОКИР,
Саиджаҳон ЗАЙНОБИДДИНОВ,
Валерий НАЗАРОВ,
Гулҳаё БОБОЖОНОВА,
Саноат АБДУРАҲМОНОВА,
Нодира САМАНДАРОВА,
Саида ҚУРБОНОВА,
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА



