
Йилнинг ҳар фаслини ўзига яраша қувончи бўлгани каби ташвиши ҳам етаридан ортиқдир. Айниқса иссиқ кунлар ўз ўрнини совуқа алмашган лаҳзалардан бошлаб ҳар бир оила ўтин, кўмир, суюқ газ жамланган балонларни ғамлаш илинжида бўладилар. Шу сабабдан бўлса керакки, тўртта одам бир жойга йиғилиб қолса албатта улардан иккитаси кундалик турмушдаги қийинчиликдан гапира бошлайди. Роса суҳбат қизиганда улардан бири албатта «Ҳой нолиманглар. Тинчлик бўлиб турибди-ю, бошқа жойлардаги воқеаларни кўраяпсизларми»? дейди. Албатта тинчлик яхшида. Ҳаммамизни ҳам бола-чақамиз бор. Ким ҳам урушни хоҳларди.Тинчлик яхши-ю, бироқ қоронғудаги тинчлик ёмон бўлар экан. Мана бугун уч марта чироқ ўчди. Кўп қаватли уйларда бирданига чироқ ўчиб, атрофни зулмат қоплашидан одам даҳшатга тушиб кетар экан. Айниқса ўз хонадонларида касбларига доир ишни қилаётганлар, яъни комьпютерда ишлаётганлар қай холга тушадилар. Мен ҳам комьпютерда ишлаб ўтирувдим. Янги мақолага қўл уриб, эндигина илҳом оғушига ботганимдан теша тегмаган фикрлар туғилаётганди. Ҳамма фикрларим чироқни ўчираётганларнинг «қаерлари»гадир кириб кетди. Кўп қаватли уйлар олдидаги болалар майдончасида бир-бириларни қувлаб, ўйнаб юрган набираларим ҳам тинчиб қолди. Одамларни ақлини олиш учун телевизорда берилаётган бачкана қўшиқларни ҳам уни ўчди. Кўчадаги ғала-ғовурлар ҳам тинчиди. Даҳшат!
Ўтган йиллари кўп қаватли уйларда газ ловуллаб ёниб турарди. Одамлар газ билан уйини иситиб қишдан чиқиб оларди. Чунки хонадонларни иссиқ сув билан иситиш тизими ҳам бир неча йилдан бери ишламайди. Бу йил эса газ зўрға чой қайнатадиган даражада ёнаяпди. Телевизорда ҳар куни ўтин билан кўмирни ғамлаб олишга даъват этувчи рекламани бериб ётишибди. Мустақиллигимизнинг 22-йилида бундай реклама қилишга уялишмайдиям. Ахир кўп қаватли уйларда кўмир билан ўтиндан фойдаланиб бўлмайди-ку! Аҳоли бу йил қандай қилиб қишдан чиқиб олади? Мен ўрта ва катта ёшдагиларга қараганда янги туғилган гўдаклар ҳамда беш ёшгача бўлган болакайларни ўйлаб ўртанмоқдаман. Бу бечоралар қишнинг аёвсиз совуқ кунлари нима қилар эканлар-а? Буни биргина Оллоҳимнинг ўзи билади. Бунга ким ва кимлар жавоб бериши керак? Билмадим! Ҳа, ишқилиб тинчлик бўлсинда!
Носир Зокир



