Хоразм вилояти аҳолиси томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган замонавий енгил автомобилларни сотиб олиш ҳажми тобора ортиб бормоқда. Мамлакатимизда автомобил ишлаб чиқариш йўлга қўйилган 1996 йилдан буён вилоят аҳолиси 60 мингдан зиёд Ўзбекистон енгил автомобилини харид қилган.
Хўш, бу автомобилларга тўланадиган миллион-миллион маблағ оилаларга қаердан келяпти? Иш ҳақлари, пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг йилдан йилга оширилиши шунга имкон берадими? Йўқ, албатта. Чунки иш ҳақлари ошгани сайин халқ истеъмоли молларининг нархи ҳар сафар уларга нисбатан қарийб икки, айрим товарларда беш-ўн баравар оширилиб келинмоқда. Машина нархини-ку, айтиб ўтирмаса ҳам бўлади.
Ҳозирги кунда Хоразмда бюджет ташкилотлари ва ишлаб чиқариш корхоналарида ишлайдиганларнинг қўлига оладиган ўртача иш ҳақи 300-500 минг сўм (150-250 $) атрофида. Ҳозирги нархларда қишлоқликларга бироз енгиллик бўлиши мумкин, аммо шаҳар шароитида бир кишининг бир ойлик рўзғор халтаси учун фақат озиқ-овқатга ўртача 200 минг сўмдан (100 $дан ) зиёд пул талаб этилади. Оиланинг ҳамма аъзоси ишга яроқли эмаслигини, яроқлиларнинг ҳам ҳаммаси иш топа олмаслигини, бугунги ишсизлик шароитини, яна кийим-кечак, уй-жой, маиший техника, коммунал, транспорт ва бошқа турли-туман харажатлар борлигини ҳисобга олсак, юқоридаги иш ҳақи оилаларга урвоқ ҳам бўлмайди. Бундай оила аъзолари машина олишни фақат тушларида кўришлари мумкин. Велосипед олиб минсалар ҳам катта гап.
Шундай экан, замонавий автомобиллар қандай сотиб олинаяпти? Фикри ожизимча, бунинг биринчи сабаби, вилоят аҳолисининг кўпчилиги Россия, Қозоғистон каби яқин хориж мамлакатларида, озчилиги узоқ давлатларда ишлаб минглаб доллар, евро ва рублларни топиб келаётганлигидир. Хоразмликларнинг қўли гул. Бу воҳанинг уста бинокор, ганчкор ва безакчилари бирлари легал, бирлари нолегал тарзда дунёнинг кўпчилик қисмида қурилиш олиб боряпти. Қўлида бундай ҳунари йўқлари меҳнаткашлиги, ҳар қандай оғир ишга чидаши билан йўл топмоқда.
Кўпинча бир оиланинг битта эмас, бир нечта аъзоси хорижга ишга кетади. Кимдир ўғиллари билан биргаликда, кимдир ака-укалари, кимдир опа-сингиллари билан ишчи мигрантликка йўл олади. Ҳатто бутун оиласи билан пул топиш сафарига отланадиганлар ҳам бор. Уларнинг айримлари яқин хорижда 3 ой ёки 6 ой, айримлари 9 ой ишлаб қайтади, айримлари, 11 ой ишлаб, бир ойга уйига келиб кетади. Ёз ойларида қишлоқларга борсангиз, асосан аёллар, қариялар ва кичкина болаларга дуч келасиз, бошқа ҳамма хорижда бўлади.
Ўзбекларнинг хориждаги ишчанлиги, меҳнатсеварлиги ҳақида эл ичида турли ривоятлар юради. Бир ривоятга кўра, Россиянинг бир корхонаси бошлиғи ўз миллатдошларининг кўпчилигини ишдан бўшатиб, ўрнига хоразмлик ўзбекларни ишга олибди. Шунда руслар бунга чидолмай, мамлакат Президенти Владимир Путинга арз қилибдилар. “Биз шу ерлик бўлатуриб, нега ишдан бўшашимиз керак. Келгинди ўзбекларни ҳайдаб юборинг” дебдилар. Шунда Путин корхона бошлиғига “Ўзбеклар ва руслар қандай меҳнат қилишади? Менга гапириб бер” дебди. “Ўзбеклар эрта тонгдан кун ботгунча тинмай меҳнат қилишади, руслар эрталабки соат 9дан 17гача ишлашади, шу вақтнинг анча қисми дам олишга кетади. Ичиб олсалар, ишларида умуман унум бўлмайди” дебди корхона бошлиғи. “Унда, русми, ўзбекми фарқи йўқ, ким яхши ишласа, ўшани ишга ол” дебди Путин.
Бундан бир неча йил бурун хорижда ишлаб қайтганлар, топган пулларига аранг тўй қилардилар, яшаш учун иморат қурардилар. Фақат уларни тўплаб, ишга олиб кетувчиларгина ҳар бригаданинг ишлаб топган пулидан бир кишилик улуш олиш, хўжайин берган иш ҳақидан уриб қолиш, баъзиларни алдаб, қулликка сотиб юбориш эвазига, қўша-қўша машина сотиб олиб, бошқаларнинг ҳасадини келтирар эдилар. Ҳозир одам савдоси камайиб, хорижда даромад топиш янада яхшиланди шекилли, тўй қилиш билан бир қаторда, уйнинг томини шифер қилиш, автомобил сотиб олиш жуда авжига чиқди. Банк орқали сўмга машина харид қилувчилар ўн минглаб долларларини алмаштираверганидан, қора бозорда ҳам доллар нархи пасайиб кетди. Шуниси қизиқки, айрим оилаларда газ йўқ, электр чироғи онда-сонда ёнади, болаларнинг усти-боши бир аҳволда, қозонда масаллиқ кам, аммо ҳовлида қулинг ўргилсин машина турибди.
Шунингдек, бозорлардаги олибсотарлар, турли фирма, дўкон ва корхона эгалари, мойли жойларда ўрнашиб олган амалдорлар, судхўрлар, қора бозор долларчилари, йўлини қилиб, битта ўзи тўрт-беш жойда ишлайдиганлар ва бошқа шу кабиларнинг замонавий автомобил сотиб олиш имкониятлари мавжуд.




