
Бир куни жамоат транспортида бораётиб бир воқеага дуч келдим. Ҳайдовчи кабинасига яқин турган милиционер автобусни тўхтатиш мумкин бўлмаган жойда тўхтатиб, имтиёзи борлиги учун пул тўламай тушиб кетди. “Нима, унинг шохи борми? Ёки онаси олтин туққанми?” – деди йўловчилардан бири. Бошқа йўловчилар ҳам норози қиёфада шивирлашдилар.
Мен бу воқеани келтириб, милиция ходимларини ёмонламоқчимасман. Ниятим – устунликка қарши норозилик қандай туғилишини кўрсатиб бериш. Она заминимизнинг гоҳ у, гоҳ бу ерида содир бўлаётган қонли воқеаларга шу ҳам сабаб бўлмаётганмикин? “Мен сендан баландман” ва “Мен сендан камманми” ўртасидаги қарама қаршилик кутилмаган кулфатларни келтириб чиқармаётганмикин?
Ҳатто оилаларда ҳам шу каби воқеани кузатиш мумкин. Ота ўз ақли, билимини ҳамиша ўғлидан устун қўйиб, дашном қилаверса, бир кун келиб ўғли у билан ёқалашади ёки қариган чоғида ташлаб кетади. Қайнона келинидан ўзини устун қўйиб, келинига бўлар-бўлмас ишларни буюраверса, охири бориб ўша келин қайнонасини сўкиш, уриш, ҳатто ўлдириб қўйиш даражасига етади.
Ҳозирги кунда кўпчилик қонли воқеаларда демократия, ошкоралик, фуқароларга бироз эркинлик берилишини айбдор ҳисоблаб, эркинликка интилувчи кучларни қоралашмоқда. Гўёки халқ тепасида ҳаммани босиб-янчиб, фақат ўзи юқорига интиладиган, бешафқат, қаттиққўл кишилар турсалар, осойишталик сақланиб, фаровонликка эришилармиш. Йўқ, ундай эмас. Бешафқатлик тинчликни вақтинча сақлайди. У устунликка қарши реакцияни аста-секин ошира бориб, тепадаги шафқатсиз кучлардан қўрқиш, аста-секин нафратга айлана бориб, янада кучлироқ, ҳалокатлироқ портлашга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, зулм остида эзилиб яшашга розилик “ичдан ўлиш” демакдир. Ҳеч ким бунга ўз ихтиёри билан рози бўлмайди. Зулм кучайса, исён уйғонади. Шунинг учун ҳам зулм ўтказган, шу борада айбини ўзи биладиган бошқарувчи демократиядан қўрқади. Содир бўладиган даҳшатлар эркинлик мавжудлиги эмас, демократиянинг аввалги бўғилишлари оқибатида келиб чиқади.
Кўпчилик раҳбарлик лавозимига бойлик ва устунликка эришиш воситаси сифатида интилади. Яъни тилим, қўлим узоқроққа етсин, одамларни қўрадаги қўйлардай бошқарай, душманимни йиғлатай, дўстимни кулдирай, харом йўл билан бўлса ҳам бойлик йиғиб олай, дейди. Оддий фуқаролар буни кўриб нафратлари қўзийди. Бироқ уларда “Ҳаёт ўзи шундай” деган фикр пайдо бўлади.
Ғазабини ичга ютиб юраверади, “Мен ҳам бир кун катта лавозимга эришганимда унга кўрсатиб қўяман” деган фикрни кўнглига тугади. Шунинг учун бир вақтлар ҳалол ишлаган, меҳнатсевар, меҳрибон бўлган ишчи ёки деҳқон, мансаб курсисига минганидан кейин дарҳол порахўр, тўрасифат, бошқаларни писанд қилмайдиган, қоғозбоз раҳбарга айланади қўяди. Чунки инсонлар миясига раҳбар ҳодим шундай бўлиши кераклиги ҳаёт қонуни сифатида сингиб қолган ва фикрлаш доирасини чегаралаган. Бу тизимга айланган мустаҳкам занжир ҳали ҳам узилмай келмоқда.
Ҳокимиятнинг, раҳбариятнинг ҳалқдан ажралиб қолиши ҳам қизиқ бир хусусиятдир. Суҳбатларда, мақолаларда ва бошқа гап-сўзларда амалдорлар халқдан, фуқаролардан ажралган, бўлак ҳолда эътироф этилади. Фалон амалдор бундай қилади, одддий халқ, оддий фуқаро ундай қилади, деймиз. Ахир шу амалдор ҳам оддий бир халқ вакилларининг фарзанди-ку. У ҳам бошқалардек юрт фуқароси, халқнинг кичик бир қисми. Ёки “халқдан чиққан раҳбар” ибораси, ростдан ҳам, “халқдан ташқарига чиқиб кетган шахс” маъносида тушуниладими?
Манманлик, ўзини бировдан баланд қўйиш туйғуси кишида нафрат қўзғатибгина қолмасдан, маънавиятга ҳам путур етказади. Кимки имтиёзидан фойдланиб, мансабини суиистеъмол қилиб, ипини узган хўкиздай истаганини қилаверса, Жонатан Свифт таърифлаган антиқа жонзот “уху”га ўхшаб ялтироқ нарсаларни йиғаверса, одамларни менсимаса, ўзини бошқалардан юқори қўйса, бу унинг маънавияти дарз кетганидан далолат беради.
Бир қариндошимнинг кичкина бебош ўғли бор. У уйига меҳмонга келган одамларни кесаклашга, тепишга, қўлига нима илинса шу билан солишга уринади. Танбеҳ бермоқчи бўлсангиз, отаси уни ҳимоя қилади. “Катта ўғлим юввошроқ бўлиб ўсиб, анча қийналди. Бу ўғлим ҳар қандай йўл билан мақсадига эришадиган бўлишини истаб, шундай тарбиялаяпман. Уриб, янчиб, истаганини қўлга киритсин” дейди. Ҳозирги кунда юртимизда кўп оталар фарзандларини шундай тарбиялашга уринаяптилар. Чунки бошқаларнинг устунликларидан эзилиб кетганлар. Бундай тарбия ва дунёқараш келажакда қандай оқибатларга олиб келишини бир ўйлаб кўринг…
Устунлик ҳамиша биз кутмаган кулфатларни келтириб чиқаради. Айни замонда элбошиликни зиммасига олган жанобларнинг кўпчилигида масъулиятни ҳис қилиш туйғусидан кўра устунликка интилиш туйғуси кўпроқ мавжуд. Халқни дўқ уриб, қўрқитиб, озодликдан маҳрум этиб, алдаб бошқариш ёмон оқибатлар тагзаминидир. Бундай саробдан қутулган минг марта афзал. Ҳокимиятни бошқарувчи халқ вакиллари инсонга инсондай қараб, инсончасига иш тутсалар, ўзларини бошқалардан юқори қўймасаларгина келажакдаги фалокатлар ва кулфатларнинг олдини олган бўладилар.
ДОВУД СУЛАЙМОН



