Салай Мадаминов – “Маҳаммад Солиҳ”га очиқ хат

Posted on 2012/09/29

 

Муҳаммад Солиҳи соний

Жўра ЖОВЛИЕВ

 

Салай жўра! Талабалик йилларидаги жўралигимиз ҳаққи-ҳурмати сенга шундай деб ёзишни салгина эп кўрдим. Биздан бир курс пастроқда ўқиган бўлсанг-да сенга хоразмча шевада “ёшулли” дердим,бунга жавобан сурхондарёчасига “жўра” деб ўзингча гапни қотирардинг.
Талабалик – олтин давримиз ҳақида ҳамон энтикиб ўйлайман. Бўлғуси ҳар бир журналист ижодкор ўзича бир олам эди гўё. Сен раҳматли Жуманиёз Жабборовнинг шеърларига ўхшамайдиган “шеър ёзаман” деб кулдиргандинг. Кейин ғалати учликлар ёзиб кўрдинг. Айрим янгилик шайдолари адабиётда “янгилик” деб баҳолаганида баттар ғўддайдинг.
Умарали Норматов домламиз “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” да боплаганидан сўнг анча пусиб қолдинг. Кейинчалик ўзинг ҳам пойинтар-сойинтар учликларингни шунчаки эрмакка ёзганингни тан олдинг… Исминг ўзингга ёқмаслигини қаёқдан билибман. Пахтага борганимизда бир гал ҳазиллашиб “Салай! Тумшуғингга бир салай!” (бизнинг шевада “бир солай”,“бир тушурай” иборалари шундай айтилишини яхши биласан) деб жўқича шеър тўқиганимда жиғибийрон бўлгандинг.
Ўшанда чиндан ҳам бир солганимда бунақа бевош кўчаларга кириб кетмасмидинг… Ўзимизнинг давраларда сен ҳақингда гап кетганда исми шарифингни ўша – Салай Мадаминов деб айтиш мақбул бўлаяпти.
Гапнинг дангали – на Муҳаммадга муносиб уммат,на Солиҳ одам бўла олдинг… Ўзингга ўзинг ҳайф қилган ном – “Муҳаммад Солиҳ”ман демай қўя қол энди. Ўзинг шундай десанг-да ўзгалар ҳақиқий отингнинг олдига бузғунчи,ватанфуруш деган тавқи лаънатни қўшиб – “бузғунчи Салай” дейишаётганини эшитгандирсан?
Омад тентакка ҳам кулиб боқаверади,деганларидек,сен каллаварамгаям бир пайтлар роса омад келганди. Олий вакиллик органига депутат бўлдинг. Жуда масъул лавозимларни эгалладинг. Буларнинг қадрига етиш учун озгина ақл,фаросат керак эди! Ўшанда Ўзбекистон Президенти сайловида сенинг ҳам номзодинг пайдо бўлди. Демократиямисан демократия бўлиб,сайлов ҳар томонлама ошкора,дангалига ўтказилди. Ўз тақдирига бефарқ қарамаган сайловчиларимиз,халқимиз сенга уз овозини беришни хохламади.
Шундан кейин ҳам сенга катта лавозим берилди,катта ишонч билдирилди,ҳурматингни жойига қўйилди! Бунга жавобан сен нима қилдинг?! Сувни лойқалатишдан бошқасига ярамадинг,ярамасдинг ҳам. Қўлингдан ҳеч нарса келамагач,чет элдаги гумашталаринг ёнига жуфтакни ростладинг. Шундан бери асл башарангни кўрсатаяпсан…
Худо кўрсатмасин,ўринбосаринг Аҳмад Аъзам газетада жар солганидек ўша сайловда “мўъжиза юз бериб” сен раҳбар бўлиб қолганингда ҳолимиз не кечишини яхши тасаввур қиламиз. Хунрезлик,миллатчилик,айирмачилик,ур-йиқитлардан тинка-мадоримиз қуриши кўриниб турган эди. Бугунги кун сенинг ҳам тушунгга кирмаган… “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” деган улуғвор мақсадни сен ҳеч қачон олдингга қўя олмасдинг. Буюк мақсадлар олдида ўзинг арзимас нарса эканингни яхши биласан… Улкан кема ҳалокатга учраганида қандай мудҳиш ҳодисалар юз бергани мисол республикамизни ғоят таҳликали ҳолга солиб қўйишинг ҳеч гап эмасди. Кейин нима бўларди?
Бугун кўраётганларимизни ҳатто тушда ҳам кўришимиз амри маҳол бўлиб қоларди…
Ичингда тўлғанаётган илон сени нималарга даъват этаётганини гоҳо интернетда кўриб қолсам,бошингни мажақлаб ташлагим келади. Ўзи,илонни кўрганим ҳамоно бошини мажақлагим келаверади.
Мустақиллик,Озодлик,Ҳуррият сўзлари ҳар бир ватандошимизнинг қалбида ўзгача жаранглади. Ўз юртига ўзи эгалик қилиб,озод ва эркин яшаш буюк бахтдир.
Сен-чи? “Муҳаммадман” дейсан-у… юртимизда диний қадриятлар қадр топганида,2007 йилда ҳатто Тошкент – ислом маданияти деб дунё эътироф этганида ҳам “қутлуғ бўлсин!” дейишга ярамадинг. Бир пайтлар даминг ичингга тушганча пичирлаб Амир Темур номини зўрға тилга олганинг ёдингдами? Аждодларимиз томонидан яратилган бой маънавий-маданий меросимиз қайта тикланиб,Аҳмад Фарғоний,Амир Темур,Мирзо Улуғбек,Жалолиддин Мангуберди,Алишер Навоий,Имом Бухорий,Абдухолиқ Ғиждувоний,Баҳоуддин Нақшбанд,Имом Мотурудий,Бурҳониддин Марғиноний,Хожа Аҳрор Валий каби улуғ боболаримизнинг таваллуд саналари кенг нишонланди,уларнинг мероси ўрганилмоқда.
Амир Темур бобомизнинг маҳобатли ҳайкалларини бошимиз узра кўтарганимизда эса қорангни ҳам кўрсатмадинг. Дунёни ҳайратга солган Самарқанд,Хива,Бухоро,Шаҳрисабз,Қарши,Термиз,Марғилон,Тошкент сингари қадим ва муаззам шаҳарларимизнинг бир неча минг йиллик тўйларини кенг нишонлаганимизда қайларда дайдиб юрдинг,жўражон? Қадимий қадриятларимиз тимсоли бўлган “Авесто”нинг 2700 йиллиги,“Алпомиш”нинг 1000 йиллиги,Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги катта байрам қилганимизда сен нималар деб минғирлаб юрибсан?! Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Аҳмад Фарғоний,Амир Темур,Мирзо Улуғбек,Жалолиддин Мангуберди,Алишер Навоий,Имом Бухорий,Абдухолиқ Ғиждувоний,Баҳоуддин Нақшбанд,Имом Мотурудий,Бурҳониддин Марғиноний,Хожа Аҳрор Валий сингари улуғ боболаримиз таваллуд саналарини кенг нишонлаб,уларнинг тенгсиз мерослари билан фахрланаётганимизда сенинг иддаоларингни эслаш ҳам кулгили…
Собиқ мустабид тузум даврида она тилимиз,миллий қадриятларимиз беаёв таҳқирланганди. Ўзбек тилига 1989 йилда давлат тили мақоми берилиб,қаддимиз тиклана бошланди. Ўша кезлари Наврўз байрами қайта тиклангани,Рамазон ва Қурбон ҳайитлари байрам ҳамда дам олиш кунлари деб эълон қилингани биз учун жуда катта бахт!
Бундай бахтдан ўзини ўзи бенасиб қилиб юрган сендек ватангадолар мустақил Ватанимизнинг Мадҳияси,Байроғи,Герби,Конституциясидан фахрланиш бахтини қаёқдан ҳис этардинглар? Энди бунга ҳаққинг ҳам йўқ!
Дунё ҳамжамиятида Ўзбекистон ҳам муносиб ўрнига эга! 20 йил давомида Ўзбекистон ўз сўзида қатъий тура оладиган,айтганини қиладиган давлат эканини яққол исботлаб келмоқда. Мамлакатимиз дунёнинг 130 га яқин давлати билан дипломатик алоқалар ўрнатгани бунинг далилидир. Пойтахтимизда қирқдан зиёд давлатнинг элчихонаси,кўплаб нуфузли халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари ишлаб турибди.
Дунё аҳли ўз тупроғининг жонкуяр эгаси бўлган ўзбек халқини тан олди ва таниди! Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноси пештоқида юртимиз байроғи ҳилпираб туришини тасаввур қиляпсанми? Сен бўлсанг ўшанда ҳам қайлардадир пусиб,пайт пойлармишсан. Ишқилиб,“демократман” деб акиллаб қолишга ўлгунингча пайт пойлайсан ҳали… Биз эса,ит ҳурар – карвон ўтар,деган мақолни эслаб қўя қоламиз! Собиқ мустабид тузум даврида қай аҳволда яшаганимиз сира ёдимиздан чиқмайди. Ўшанда ҳам сен эл корига яраш ўрнига бетайин ҳаракатларинг билан бошни қотирганинг ортиқча бўлганди. Лойқаланган сувни баттарроқ лойқалатишдан бошқасига ярамадинг… Бу даврда ҳар томонлама Масковга қарам бўлган,асосан арзон хомашё – пахта етиштириб берувчи Ўзбекистонда аҳвол оғир эди.
Собиқ тузум даврида наинки автомобил,балки оддий велосипедни ҳам четдан олган ўзбек халқи бугун энг бежирим машиналарни мазза қилиб миниб юрибди! Бу ажойиб автомобиллар бугунги кунда нафақат Ўзбекистон кўчалари,балки ўнлаб хорижий мамлакатлар кўчаларини безаб юрибди.
Бузоқнинг югургани сомонхонагача,деганларидек,хўш,айт-чи,югуриб-югуриб қайси сомонхонагача бординг?! Кимнинг сомонини кавшаб,бунча маъраяпсан?!

http://www.yangidunyo.com

http://www.wdscode.guru/birdamlik/?p=23497#comment-239086

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares