
Ҳар қандай бойлигу бисот, симу-зар, шўху-шан давралар ардоғингдаги кишининг бир лаҳзалик дийдори қаршисида ғарибу мискин.
Тўғрисиям шу-да! Кўнгиллар қумсаган кишиларнинг дийдорига нима етсин!
Бугун, 1 – октябр – Мураббийлар куни баҳонаи сабаб, Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракати фаоллари халқимизни биринчилардан бўлиб чин маънодаги ҳурлик сари чорлаган озодлик ва эрк йўлбошчилари, миллий қадриятлармизнинг камситилишига қарши турган, тура олган мухолифат отахонлари, ҳуқуқ ҳимоясининг кекса авлод вакиллари – устозлар дийдорини истади. Дийдорга бўлган ташналик самараси ўлароқ эл манфаати йўлдиа ҳаётларини хатарга қўйган халқимизнинг сара фарзандлари, ҳақиқий ўғлонлари бир пиёла чойга таклиф этилди.
Ўзининг ўтли шеърлари, олов асарлари, ўткир мақолалари, оммани уйғотишга қодир қўшиқлари, жонбахш ширали овози, иносн ҳуқуқларининг ҳимояси бобида қатор йиллар чеккан ва чекиб келаётган заҳматлари билан халқимиз қалбидан чуқур жой олган, Ўзбекистонликларнинг чексиз меҳри-муҳаббатига сазовор бўлган, бўла олган эл ардоғидаги инсонларни байрам дастурхони атрофида кўриш, дийдорлашиш, уларнинг пурмаъно суҳбатларидан, ўгиту маслаҳатларидан баҳраманд бўлиш нечоғлик мароқли…
Ўз навбатида, азиз умрларини халқ ва миллат манфаатлари йўлига бағишлаган, эл ғамида тиним нима билмаган мухолифатнинг алов қалб асосчилари, мамлакат ичкарисида баҳоли қудрат заҳмат чекаётган мухолифат оқсоқоллари яна жабул – жам, бирга, бир даврада хуррам ўтиришлари уларнинг ҳам кўнгилларига қувонч бағишлаганига шубҳа йўқ.
Зотан, мухолифатнинг кекса авлод вакиллари босиб ўтган олис ва машаққатли йўл, матонат ва бардош биз, бугунги ёшлар учун катта ҳаёт мактаби. Шу боис ҳам кўнгиллар мана шундай давраларга эҳтиёж сезади.
-“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатимизнинг таклифини ерда қолдирмай, мана бугун ўз ташрифларингиз билан бизни шод айлаганларингиз учун сизларга катта раҳмат. Ўз набатида мен “Бирдамлик”чилар номидан барчангизни устоз ва мураббийлар куни билан самимия табриклайман. Ҳамиша соғ ва омон бўлингизлар, – даврада иштирок этаётган Ҳаракат фаоли Саноат Абдураҳмонова мухолифат асосчиларига миннаддорчилик билдирди, – Яна шуни билишларингизни истардикки, сизлар билан дийдорлашув бизга чексиз куч беради….
Йиғилганлар бир-бирларининг дийдорига ташна эканлар чамаси, дастурхон атрофидаги суҳбат қизигандан қизиди… Айтиш мумкинки, устозлар учрашуви ниҳоятда самимий ўтди.
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати матбуот Маркази










