ХОРАЗМДА ИШЧИ МИГРАНТЛАРНИНГ ХОРИЖДАН ЎЛИБ ҚАЙТИШИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

 

Ўлим ҳақ. Ёшу қарисига қарамай, истаган пайтда, хоҳлаган жойда ажал одам боласини ўз домига тортиши мумкин. Аммо, шуни таъкидлаш керакки, киши ўз туғилиб ўсган маконидан қанча олисда бўлса, ногаҳоний ўлим топиш эҳтимоли шунча ортади.

 

2012 йилнинг август ойида Хоразм вилояти Боғот тумани фуқароси Отабек Мадримов 24 ёшли ўғли Мардон Мадримов билан  ишлаб пул топиш мақсадида Қозоғистонга кетган эди. Ўзининг айтишича, орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас ўғли кутилмаганда бу ёруғ дунёдан кўз юмган. Йигит ўлимидан олдин ўша ердаги ички ишлар бўлимида номаълум сабабаларга кўра бир сутка ушлаб турилган.

 

Шуниси қизиқки, Мардон Мадримовнинг танасида ҳеч қандай қотиллик ва ўз жонига қасд қилиш аломатлари бўлмаган. Ўлимининг сабаби мутлақо номаълум. Мутлақо соғлом, айни кучга тўлган боласининг ўлими сабабини билолмай жасадини қишлоқдаги уйига олиб келган Отабек Мадримовнинг юрагини биринчи фарзандига ҳомиладор келинининг аламли ноласи эзиб юборди.

 

Бундан сал олдинроқ Боғот туманида яна бир фуқаро – 1969 йилда туғилган Пўлат Хўжаниёзовнинг ҳам ўлиги Россияда ишчи мигрантликда юрган жойидан олиб келинган эди. Унинг жасадини қариндошлари қарийб 5 кун давомида қийинчилик билан олиб келишган.

 

 

Дилроз ҚУЛМУҲАММАД

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares