
Пахтакорлик ўзбекка ота-боболардан қолган мерос. Пахта ўзбекнинг оши, нони, кийим-кечаги, ёғи, сути, қаймоғи, хуллас, ҳаёти. Деҳқоннинг умри далада ўтади. У далада ейди, ичади, ухлайди. Бироқ шу ифтихор юқоридан инобатга олинаяптими? Куну тун, пахта етиштираман, деб, умрини далада ўтказган деҳқон барака топаяптими? Фермер ерни экишга тайёрлаш учун сув олиб келишига, ерни трактор билан ишлаш учун ёқилғи-мойлаш материалларига, уруғликка, чигит униб чиқмаса, қайта экишга қўшимча, яна униб чиққан ғўза агротехник ишловларига ва яна ёқилғи-мойлаш материалларига, ўғитга, зараркунанда ҳашаротларга қарши ишловга, теримчига, терилган пахтани заводга қатнашга пул тўлайди. Бу сарф-харажатлар фермернинг қаддини букиб, бурнини ерга яқинлаштиради.
Фермер шу сарфлаган ҳаражатлари эвазига нима олаяпти? Атиги ҳар килограмм етиштирган пахтаси эвазига 700 сўм. Трактор хизмати, солярка, ўғит ва бошқа хизматларга Х яъни номаълум сумма белгиланган. Йил охирида ҳамма ҳисоботлар мажмуаси давлат ҳисобига қойим қилиниб, тўлов ҳисоботлари якунланади. Хўш, бу операцияга баланс қўйилса, фермерга даромад олишга имкон берилаяптими? Йўқ, деса ҳам бўлаверади. Чунки давлат корхоналари томонидан ғўзага ишлов бериш материалларига юқори нархлар қўйилиб, аксарият ҳолларда фермер талаб-эхтиёжига қараб ҳатто нархлар устига “шапка” ҳам юкланади.
Пахта нархи эса юқорига кўтарилмайди. Шунинг оқибатида фермерларнинг кўпчилиги давлатдан қарздор ҳолда йилни якунлайдилар. Фермер ушбу қарздорликнинг олдини олиш учун ижарага олинган майдонга экиладиган экин турлари белгиланишида ўзи режа тузиш ҳуқуқидан маҳрумлиги, бошқа аҳоли учун истеъмолбоп, нархи юқори бўлган экинларни жойлаштириш масаласида ўзига мустақиллик берилмаганлиги сабабли олдин ҳокимнинг оғзини мойлаб, ижозат олиши шарт. Яширин тарзда экса, текширилиб, Ер кодексининг моддалари пеш қилиниб, узоқ муддатли ер ижара шартномаси сабаб қилиниб, қарздорлик устига яна жарима қўшилади ёки умуман ер тортиб олинади.
Аслида фермер хўжаликларини иш юритув Низомида фермерга бўлинган ер майдонлари ҳажмидан келиб чиқиб, агарда ерни алмашлаб экиш қоидаларига риоя қилинса, экинлар турини жойлашда фермерга мустақиллик, яъни 30 фоизга яқин бошқа экин турларини жойлаштириш ҳуқуқи берилган. Пудратчилар, ишчиларнинг озиқ-овқатлари, сабзавот, мол ўти, айниқса, ерни структурасини яхшилаш, ёввойи ўтлардан тозалаш ва сувга қондириш учун шоли экишга ҳам руҳсат берилган. Бироқ ҳокимнинг оғзи мойланмаса, у ўз ҳуқуқ ваколатларидан фойдаланиб, ушбу рухсатни ҳам тепкилаб, Ер кодекси моддаларини рўкач қилиб, ерни тортиб олиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Эндиликда пахта терими давом этмоқда. Бу ҳолат ҳам фермернинг қаддини яна букади, Чунки унга берилган имкон ҳар килограмм пахта ҳосилига белгиланган атиги 700 сўм пул, уни етиштиришга сарфланган харажатларни учи-учида қоплаётгани ва ўз кучи билан пахтани эртароқ 1 сортга ўтказиш учун қистовли териб олишга қурби етмаслиги сабабли у теримчи ёллашга мажбур. Яна шу давлат томонидан белгиланган 700 сўм ҳисобидан теримчига ҳар бир килограмм пахта учун 150 сўмдан терим ҳақи белгиланганлнганлиги боис халқ бу хизмат туридан безор. Чунки бу теримда тўздирган эгни-боши, пойафзалини янгилаб олишга етмайди.
Бу ҳолатда туман ҳокими бир ташаббусни ўртага ташлади. Барча ўқув юртлари талабалари мажбуран теримга жалб этилиб, ҳозирча мактаб ўқувчилари жалб қилинмаслиги сабабли теримчи сонини кўпайтириш услубини ўйлаб чиқди. Бу услуб – аҳолини мажбурлашдир. Туманимиз ҳокими Президент, Хоразм вилояти ҳокими ва ўз фармойишини рўкач қилган ҳолда, 150 сўм ҳашар баҳосини эълон қилиб, ҳар бир оилага ойига 1 тонна пахта териб бериш мажбуриятини юкламоқда. Оқсоқоллар, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, фаоллари, маҳалла имомлари мажбурий тарғибот усулини ўтказиб, уйма-уй юриб, теримга чиқишни буюриб, текширувлар ўтказмоқдалар. Мазкур йўриққа юрмаганларга пахта терими бўйича дўқ-пўписа ва қаҳрлар мажмуаси эълон қилинмоқда. Пахта теришга қурби етмаган оила бошлиғи бир ойга белгиланган терим пулини, яъни 150 минг сўм нақдини бериши керак. Ушбу пул мардикор теримчи ёллашга сарфланар экан.
Валерий НАЗАРОВ, “Бирдамлик”нинг Хоразм вилояти бўйича етакчиси.



