Ғўза парвариши, айниқса, уни йиғиб териб олиш нега доим кишиларга малол келади? Кўпчиликнинг фикрига кўра, бунинг сабаби, ундан кўриладиган моддий манфаатдорликнинг камлигидир. Хар куни катта-ю кичик идора раҳбарларини туман марказига тўплаб, ярим тунгача мажлис ўтказишлар, улардан охдимлари қанча пахта терганлиги ҳақидаги ҳисоботни талаб қилиб, нормани бажармаганларга дўқ-пўписа қилишлар ва бошқа шунга ўхшаш ишларнинг ҳеч бири оддийгина манфаатдорликка тенг келолмайди.
Аввал иқтисод, кейин сиёсат, деб бежиз айтишмаган, ахир. Агар пахтадан келадиган фойда юқори бўлса, ўқитувчи-ю тиббиёт ходимлари, олий ўқув юрти-ю коллеж талабалари билан мўмай даромадни бўлишишни истамай қишлоқдаги ижарачиларнинг ўзи пахтанинг бир мисқолини ҳам қолдирмай, вақтида йиғиб-териб олган бўлардилар, албатта.
Ғўза ҳамма жойда ҳам ўсавермайдиган иссиқсевар техник ўсимлик. Пахтадан олинадиган ўнлаб бошқа маҳсулотларни қўятурайлик, биргина толасининг ўзи ўта камёб ҳисобланади. Ҳеч қандай сунъий тола унинг ўрнини босолмайди. Ундан тайёрланган матолар, кийим-кечаклар дунё бўйича жуда қадрланади.
Шундай экан, нега даромад паст? Бу саволга жавобни иқтисодиётдан йироқ бўлган кишилар ҳам жуда яхши билишади. Хом-ашё эмас, ундан қилинган тайёр маҳсулотни сотиш бир неча баробар кўп фойда келтиришини ҳамма тушунади. Ўзбекистон ҳам жаҳон бозорига хом-ашё ўрнига тайёр маҳсулот чиқарса, фаровонликка эришилиб, манфаатдорлиги ошган ижарачи деҳқонлар пахта йиғим-терими вақтида далага ўзларидан бошқани йўлатмаслиги, турли мажлис-у дўқ-пўписалар, бақир-чақирларга, вакил-у назоратчиларга ҳожат қолмаслиги аниқ.
Дилроз ҚУЛМУҲАММАД



