“ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ”

–     ПРЕЗИДЕНТ  КАРИМОВГА ЎЗБЕКИСТОН ТЕЛЕВИДЕНИЯСИ АНА ШУНДАЙ УНВОН БЕРГАН…МИ?…

 

Малоҳат Эшонқулова

 

 

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясидаги 20 йиллик фаолиятим давомида нималарни кўрмадим, неларнинг гувоҳи бўлмадим дейсиз…

Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳангомалар бўлганки, қулоғингизга чалинса, ҳайратдан ёқа ушлайсиз…

Мана шу воқеларнинг энг кульманацион нуқтаси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг эфир орқали Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга  берилган ҳақиқий баҳоси бўлганди, агар билсангиз…

Тўғри, бу иш ТВ ходимлари томонидан билса ҳазил, билмаса чин қабилида амалга оширилган бўлиши ҳам мумкин. Эҳтимол, бехосдан, беихтиёр содир бўлгандир? Ё техник нуқсон сабабдир?  Қасддан ҳам бўлиши мумкин… Билмадим… Аммо бир нарса  аниқки, бу оламшумул воқеа содир бўлгани ҳақиқат…

…“Yoshlar”  телерадиокомпаниясининг “Ҳарбий ватанпарвалик тарбияси дастурлари” бош муҳарририятида мўмин қобил бир режиссёр бўларди. Бўшгина, бўёвгина. Асли чиқиб келиши Жиззахнинг Фориш туманидан бўлган бу йигитни пойтахт киндигида камол топганига ишониш қийин эди. Шунақанги бўшашганки, асти қўяверасиз… Унинг бўёвлигиданми, тўғри келган киши бир “тепиб” кетар, куни илингандан дакки эшитиш билан ўтарди.  Менинг эса азал-азалдан бу каби камситишларга,  ноҳақ таҳқирларга тоқатим йўқ. Шунинг учунми, бу режиссёр болага ҳамдардлик кўзи билан қарардим. Охири бўлмади.  ЎзМТРКнинг олдинги раиси Абдусаид Кўчимов билан ўртамизда бўлиб ўтган беомон курашлардан кейин ТВда “уч бошли аждар” лақабига “соҳиблик” қилаётган мен – ўзим  уни ўз ҳимоям остига олишга қарор қилдим. У мендан анча ёш кичик бўлганлиги учун бемалол сенлаб мурожaат қилардим:

– Баҳожон (исми Баҳодир эди), илинган  одамдан бир туртки еявермасдан, яхшиси, сен мен билан ишла.   Режиссёрликниям гулини гулига қўядиган одамга ўхшамайсан кўринишингдан. Лекин биргаликда уриниб кўрамиз. Майли, кассеталаримни кўтариб, администраторлик югур-югурларига яраб турсанг ҳам розиман, – дедим бир куни уни қаршимга чорлаб. Рози бўлди. Ҳамкорликни бошладик. Йўқ, Баҳодир кўринишидан ланж йигитга ўхшаса-да, ўз ишининг устаси экан. Ҳатто монтаж устаси бир ёқда қолиб, монтаж аппаратида ҳам ўзи ўтирарди бечоранинг… Ҳамкорлигимиз қарйиб 5-6 йилга чўзилганди ўшанда…

–  Баҳо, нега ҳадеб сенгинанинг рангини чиқармайди булар? Ўзинг ҳам айбдор одамдай букчайиб юрасан нуқул? Йигит деган кеcиб-кесиб гапиради, кўксини бундоқ кериб юради, қадамларниям қаттиқ-қаттиқ, ишонч билан қўйиши керак одам. Олаётган маошинг ҳам ҳамин қадар. Бу билан 3 та болангни қандай боқасан-а? Нима гуноҳ  қилиб қўйгансанки, булар сени сиқиб сувингни ичишади?, – сўрадим бир кун қизиқсиниб.

Бундай деб сўрашимнинг боиси бор эди. Чунки уни раҳбарият ҳаддан ортиқ ёмон кўрарди. Ўзи ҳам нуқул катталарнинг нигоҳи тушуб қолишидан ҳадиксираб юрарди. Бирорта бошлиққа кўзи тушди дегунча, юзларини яшириб, ўзини панага олиб қочарди, бечора…

– Эй, сўраманг, опа, бир ишкал қилиб қўйганманки, у ёқ, бу ёғи йўқ. Каллам кетишига бир баҳия қолган, – деди у гуноҳкорона жилмайиб, – Режиссёр бўлишимдан олдин эфирга узатувчилар гуруҳида ишлардим. Бунга 2-3 йил бўлиб қолди… Бир кун Олий Мажлис йиғилишини “прямой” эфирга узатаётганимизда сўзга чиққан одамларнинг титри(исм шарифи битилган ёзув)ни беришимга тўғри келиб қолди. Аслида бу юмуш менинг гарданимда эмасди. Бу ишга масъул ходим нима биландир банд бўлиб турганида, эфирга тап этиб Президент чиқиб қолди. Каримов куйиб-пишиб гапираётганида, тасвирда, кўкрак қисмида ҳар доимгидек,

“И.А.Каримов.

Ўзбекистон Республикаси Президенти” деган ёзув пайдо бўлиши керак эди. Шунда ана у масъул йигит менга “Нима қилиб ўтирбсан, титрни бермайсанми?” деб имо қилди. Гарчи бу ишга  мен масъул  бўлмасам-да,  пултни қандай бошқаришни билардим. Менам шартта керакли тугмани босиб юбордим. Шунда тасвирда, Каримовнинг кўксида қандай ёзув пайдо бўлди денг: “И. А. Каримов.

Ўзбекистон Халқ артисти” деган!

Бу қандай бўлди, нимага шундай бўлди, ҳалигача ақлим етмайдми. Қўрққанимдан қалтираб қолдим… Ёзувни “убрать” қилиш учун  қайси тугмани босиш кераклигини биламан, аммо титроқдан, эплайолмайман, денг. Шу пайт телефон жиринглаб қолди. Эфирчилар гуруҳи бошлиғи гўшакни кўтарганди: “Немедленно убрать титр, дураки!” деган дағдаға бўпти. Гуруҳ бошлиғи титрни ўқиб, эси оғиб қолаёзди.  “Ўзбекистон Халқ артисти” деган ёзувни дарҳол олиб ташлашди.  Аммо шунга қадар Олий Мажлис йиғилишида сўзга чиққан Каримовнинг кўкрагида “И. А. Каримов

Ўзбекистон Халқ артисти” деган ёзув бир дақиқадан ортиқ осилиб туриб қолганди ўшанда… Бир зумда Президент аппаратидан катталар етиб келишди. Бизни роса обориб обкелишди. Кимдир ишдан ҳайдалди, кимдир “премия”дан айрилди. Мен шунчаки кассета етказиб берувчи эдим… Масъул бўлмаганлигим учун ҳам омон қолганман. Аммо айбдор сифатида расман кўрсатилмаган бўлсам-да, ТВнинг барча бошлиқлари бу балони мен бошлаганимни билишади. Ҳайдашмоқчи эди, ўртага казо-казоларни қўйиб, зўрға илиниб қолдим…  Шу-шу буларнинг мен отлиқ ажинаси бор, кўзлари тушса, шайтонлаб қолишади… Шунга чекка-чеккада писиб юраман-да… – сўзларини тугатган суҳбатдошим кулди. Этдан нишона ҳам йўқ, ўта қилтириқ бу режиссёримнинг кулишиям қизиқ. Овози чиқмайди. Қоқсуяк елкалари силкиниб-силкиниб, учиб-учиб тушади, холос.

Очиғи, мен ўша И.А. Каримовнинг «артистлик» қилган саҳнасини кўрмаган эканман, аммо, суриштириб билдим,  буни қарангки, бу “қисмат”дан кўпчилик хабардор экан-ай!

– Баҳожон, – унинг елкасига қоқдим, – Сен қўрқма, очиғини айтавер, ҳеч кимга гулламайман. Ростини гапир, Каримовни артист деб кўрсатиш уюштирилганмиди, гапир!, – дедим уни қистовга олиб.

– Эй, қўйсангизчи? Мен қаердан билай? Менга титр бер дейишди, берганман, бошқасини билмайман, –  жавоб қилди у ранги оқариб.

– Эфирда концерт ё театр намойиш этилмаётган эди-ю? У ҳолда Олий Мажлиснинг  йиғилишига бағишланган жонли кўрсатувда артистларга аталган титр нима қилиб юрибди-а? Ўзингни гаранглика солма, бола. Нега унда бошқалар ҳайдалиб, айнан сен омон қолгансан? Яна бугунги кунда режиссёр бўливолиб? Айт, сенга ким буюрганди ўзи бу ишни? Бу ўйиннинг орқасида ким турганди? , –  кўрсатгич бармоғимни ҳавода тебратганча уни саволларга кўмиб ташладим, –  Фақат  тўғрисини гапир, бола,  алда-маа-ааа, нақ кўрасан-а мендан, қара?

– Йўўў-ўўўқ, Худо ҳаққи, мен ҳеч нарсани билмайман. Менга буюришган. Мен терилиб, тайёр қилиб қўйилган ёзувни эфирга узатганман, холос… Бошқасидан хабарим йўқ… У ерга “Президент” деган эмас, “Ўзбекистон Халқ артисти” деган ёзув қаердан келиб қолганидан ҳам бехабарман, – деди Баҳодир гуё терговчининг олдида сўроқ бераётган одамдек дилдираб…

Қаранг-а, кўзи илиниб, мудраб қолганми, ё танаввул билан андармон бўлиб, чалғиб қолганми, ҳартугул, яхшиямки, эфирдаги ўз “унвон”инига Каримовнинг кўзи тушиб қолмаган экан ўша маҳал. Акс ҳолда ТВдаги барчанинг боши кетарди-я!…

Дарвоқе, аслидаку, Баҳодир Камоловнинг қўлидан бу каби ўйинлар умуман келмаслиги ҳаммага ойнадек рашан. Аммо  бўшанг бу йигитнинг бўёвлигидан фойдаланишга ким муваффақ бўлган экан? Ана шу савол хусусида ҳамон бош қотираман…

Тўғриси, ўша пайтларда бу воқеанинг моҳиятини у қадар англаб етмагандим… Энди, энди ўйлаб қарасам,  И. А. Каримовни илк бор Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси  “Ўзбекистон Халқ артисти” деган “унвон” билан “сийлаб”, Президентга ўзининг энг мос ва хос, тўппа-тўғри баҳосини эфирдаги ёзув –“титр” орқали бериб қўйишган экан… “Қаранг-а? Қаловини топишибдими, ҳалоли бўлсин-ей!”, деб қўяман гоҳо  ўзимга ўзим…. Ва яна   “Унвон муборак, Халқ артистлиги муборааааааккк!”, дегим,  отани қутлагим  келади-ю, аммо овозимни ўзимдан ўзга ҳеч ким эшитмайди-да!…

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares