«Хива шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан 1997-98 йилларда Хоразмда “экологик тоза транспорт” троллейбус қатнови йўлга қўйилган эди. У Урганч аэропортидан то Хивадаги Ичон қалъага қадар масофада йўловчи таший бошлади. Хоразмга ташриф буюрган сайёҳлар ҳам хоҳласалар шу транспортда Хивага боришлари мўлжалланганди. Бошида ҳамма суюнди. Бир-иккита сайёҳлар ҳам баъзан троллейбусларда кўриниб қоларди. Янги тролейбуслар ғиз-ғиз одам таширди.
Аммо вақт ўтиб, тролейбуслар эскирди. Уларни асраш, тозалаш, қисмларини янгилаш ишлари тўғри йўлга қўйилмагани учун эскириш ва яроқсизлик тез юзага келди. Эндиликда тролейбусларнинг кўпчилиги ишдан чиққан. Юриб турганлари эса ҳудди шалоқ араванинг ўзи. Шақир-шуқир овоз чиқариб, қалтираб зўрға юради. Йўлда юқоридаги ток берувчи симга уланадиган асбоби тушиб кетса, ҳайдовчи ёрдамчиси шуни тузатгунча троллейбус тўхтаб туради. Баъзан троллейбуз бузилади, баъзан симда ток бўлмай қолади. Бу ҳолатлар 25 километрлик манзилга етунча бир неча марта такрорланади ва Хивага қарийб бир ярим-икки соатга етиб борасиз. Бошқа транспортларда бу йўл ўн беш, йигирма минут, кўпи билан ярим соатда босиб ўтилади.
Бу ҳам майлику-я, троллейбусларнинг кир-чирлигини айтмайсизми? Уларнинг ичи ҳар куни эрталаб ювиб тозаланмайдиган кўринади. Оёқ ости чанг, тўзон. Ўриндиқлар, эшиклар, деразалар кирлиги боис, ташқарига тикилсангиз, худди тумандай туюлади. Баъзи троллейбусларнинг орқа ёки олд ойнаси бир жойи синиб, бошқа жойи чатнаб турибди. Кўпчилик ўриндиқларнинг материали йиртилган. Уларга сайёҳлар минмай қўйишган. Маҳаллий фуқаролар ҳам бу арзон ва экологик тоза транспортга камроқ минади. Унга “эшак арава” номини беришган. Яна шу томони ҳам борки, энди троллейбуслар аэропортгача боришмайди, Урганчнинг бошидан қайтишади. Аэропорт йўли четида жойлашган троллейбус депоси ҳам афтода ҳолга келган.»
Юқоридаги мақола сайтда эълон қилинганидан кейин, ё унинг таъсиридами, ёки бошқа сабабми, троллейбуслар қатновида бироз ижобий ўзгаришлар содир бўлганга ўхшади. Йўловчилар тролейбуслар ичи тозалигидан, улар тезроқ юраётганлигидан, йўналишда оралиқ жадвалига амал қилинаётганидан, “Деҳқон бозори” охирги бекат қилинганидан анча мамнун бўлдилар. Лекин бу узоққа бормади. Бир неча кун ўтиб, яна ўша эски тос, эски ҳаммом. Уларга минадиган йўловчилар сони янада камайиб кетди. Фақат заруратдан минишга тўғри келади. Хива-Урганч йўналишда троллейбус борлиги, у қанча дабдабалар, сарф-харажатлар билан ташкил этилгани учун йўналишга автобус қатнови қўйилмаган. Бошқа туманлар йўналишида бор, фақат Хиваникида йўқ. Шунинг учун ҳам ҳиваликлар ҳамиша транспорт муаммосидан азият чекиб келмоқдалар.
Троллейбуслар кир-чир ва қатнови ўлда-жўлда. Агар кўзлаган манзилингизга вақтида боришни истасангиз, фолбинга ёкиб башоратчига бориб, троллейбус, йўлда бузилиб қолиши ёки қолмаслигини башорат қилдириб, кейин минганингиз маъқул. Акс ҳолда, бу “экологик тоза транспорт” йўлда тўхтаб қолса, соатлаб кутишингизга ёки бошқа транспорт қидиришингизга тўғри келади. Айтишларича, қатновни яхшилаш учун троллейбус эхтиёт қисмлари йўқ экан. Энди муқобил транспорт қидираман десангиз, Хивага олдинги “маршрутка”ларва “Дамас” машиналари қатнайди. Йўл ҳақи 1500 сўм, лекин қош қорайиши билан маршруткалар юрмайди, “Дамас”лар нархни 2500-3000 сўмга чиқаришади. Таксилар кундузи 2500 сўм, соат кечки 6лардан кейин дарров 4000-5000 сўмга чиқиб кетади. Сабаби шуки, троллейбуслар шунча секин юргани, йўлда бузилиб қолиши етмагандай, пешинги соат 5-6 лардан кейин қатновини тўхтатади.
Бир куни маҳаллий газетада вилоят миқёсидаги катта бир қарорни ўқиб қолдим. У Хива-Урганч йўналишидаги троллейбуслар йўл ҳақи 600 сўмдан 700 сўмга оширилганига бағишланган экан. Мени бир нарса ҳайрон қолдирди. Шалоғи чиққан бир троллейбусга шундай бир нуфузли қарор насиб этибди-я! Тўғри, ҳозир кўпчилик шахсий машина эгасига айланаяпти. Лекин менимча барибир жамоат транспорти ўз ўрнини йўқотмаган. Қанча-қанча инсонлар шундай транспортга мухтож. Қолаверса, шахсий машинага сарфланадиган ёнилғи нархи ҳам йилдан-йил ортиб бораяпти. Енгил машинаси борлар ҳам аксарият ҳолларда борадиган манзилига жамоат транспортида қатнашни маъқул кўрмоқда. Демак вазият, ё тролейбусларни янгилашни, ёки шу йўналишда янги автобус қатновини йўлга қўйишни талаб қилмоқда.
Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.



