
Турк тилли давлатлар Ҳамкорлиги Кенгашининг байроғи тасдиқланди.
2012 йилнинг 23 августида Бишкек(Қирғизистон)да Туркий давлатлар Ҳамкорлиги Кенгаши(ТДҲК)нинг Саммити бўлиб ўтди. Саммитда Туркия президенти Абдулла Гул, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон президенти Алмазбек Атанбаев ва Озарбайжон бош вазири Артур Расизода иштирок этди (Озарбайжон президенти Илҳом Алиев “объектив сабаблар”га кўра қатнаша олмаган, деб тушунтирди Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакпаев).
Саммитда Турк тилли давлатлар Ҳамкорлиги Кенгашининг байроғи тасдиқланди. ТДҲК нинг Бош котиби Халил Ақинжининг тушунтиришича, “байроқнинг асосий ранги зангори бўлиб у Қозоғистон байроғидан, ярим ой Туркия байроғидан, ой остидаги юлдуз Озарбайжон байроғидан олинган. Ой атрофидаги шаъла сочаётган қуёш эса Қирғизистон байроғидан олинган”, деб иқтибос келтиради Қирғиз телеграф агентлиги Ақинжидан.
Саммитда, байроқни тасдиқлаш билан бирга турли муҳим ҳужжатларга имзо чекилган, деб хабар қилади Қирғизистон президенти матбуот хизмати ходими. Яъни, Саммитда Туркий давлатлар Ҳамкорлиги Кенгаши(ТДҲК)нинг молиявий қоидалари бўйича, ТДҲКнинг Туркий академиясини таъсис этиш ҳақида, ТДҲК нинг турк тилли халқлар маданияти ва ёдгорликларини қўллаб қувватлаш Фондини ташкил этиш хусусидаги келишувларга имзо чекилган. Шунингдек, Туркий давлатлар Ҳамкорлиги Кенгашининг Иккинчи Бишкек Саммити Деклорацияси ҳам қабул қилинди.
Қирғизистон Телеграф агентлиги хабари асосида тайёрланди.



