
Яқинда ўзим ҳурмат қиладиган бир инсоннинг “Мухолифат қуруқ гапдан нарига ўта олмайди” деган таънасини ўқиб қолдим. Умуман олганда, мухолифат кўчасига кирибманки, “Мақолабозликдан, аравани қуруқ об қочишдан ҳам ўзга ишга ярайсизларми ўзи?!”, “Мухолифатнинг юмуши мақола ёзмоқликми?” деган иддаоларни кўп эшитаман. Ана шулар туртки бўлидими, билмадим, бу борада кўп ўйладим ва ўз ўйларимни ўзгалар билан ҳам баҳам кўришга аҳд қилдим…
Қарор қилдиму, гапни нимадан бошласам экан, деб ўйланиб қолдим… Яқинда ҳориж матбуотидаги ҳамкасбларимиздан бири расмий Мустақиллик куни олдидан “Ўзингиз ё болаларингизда байрамона кайфиятни сезаяпсизми?” деб сўраб қолди. Бош қотиришим ана шу саволдан бошланди, аслида…. Биласиз, тенгқурларимизнинг, бизнинг болалагимиз Собиқ СССР даврига тўғри келган. Эсимда бор, адашмасам, 1- Май – Меҳнаткашларнинг Халқаро бирдамлик куни деган тантана бўларди. Биз 7-8 ёшли болалар гарчи ўроқ ва болға тасвирининг моҳиятини англаб етмаган бўлсак-да, бу байрамга алоҳида тараддуд кўрардик. Ота-онамизнинг ҳам онг-онгига сингиб кетганми, билмадим, шу байрам баҳонасида оёғимиздаги пайпоғимиздан тортиб то сочимиздаги “бантик”имизга қадар янгилаб, пасон қилиб, кўчага, “парад”га олиб чиқишарди. Айниқса, эртага 1- май деган куни кечасини айтмайсизми, уст-бошимизни минг карра кўздан кечириб, болишимизнинг “боши”га қўйиб, тонг оттирардик…. Бу кунда халқман, одамман дегани борки, кўчага, сайргоҳга отланишарди? Нега? “Эртага тантанага чиқасан!” деб уларнинг бўйнига ҳеч ким арқон солиб, судраганмас, буйруқ ҳам берилмаган. Шундай бўлса-да, айнан ўша куни еру кўкни мурчадек одам қопларди… У ҳолда ниманинг кучи эди бу? Мафкуравий курашнинг қудрати эмасмиди мабодо? Эски тузумни истаганча ёмонлашингиз, қоралашингиз мумкин, аммо, истаймизми-йўқми, ургансак арзийдиган жиҳатларини эътироф этишга мажбурмиз. Яна бир оддий мисол,“Пионер”, “Комсамол” деган ўсмирлар, ёшлар ташкилотини олинг? Ҳозирги “Камолот” ёшлар ҳаракати уларнинг даражасига ета олдими? Инкор қилишга уринманг, хўп денг, собиқ СССР тузумида мавкуравий кураш, тарғибот ва ташвиқот ниҳоятда кучли бўлганини тан олишимиз керак… Шунчалар қудратли бўлганки, оммани сарообга, саробларига ишонтира олган… Хўш, бугунчи? Демак, Каримов ҳукумати халқимизни ўз ёлғонларига, маккарона алдовларига ишонтира олмагандирки, бошқа айёмларнику, қўя турайлик, ҳатто Мустақиллик кунида ҳам кўчаларда байромона руҳ сезилмаётир. Бугун кимга, нимага ишонишни билмай қолган халқ саросимада. Улар онгида маънавий бўшлиқ, қиёс қилиш мумкин бўлса, чексиз бир жарлик пайдо бўлганки, бу жарликнинг зим-зиё тубига назар ташласангиз унда итоат, сўзсиз буйсуниш, ҳадик ва қўрқув каби қусурларгагина кўзингиз тушади, холос. Афсуски, шундай.
Нима учун мен “Сафсата сотишдан бошқасига ярамайсиз!” дегувчиларнинг дашномларига қарата айнан мана шу нуқтадан гап бошладим? Айнан халқ қалбидаги қўрқув ва бўйсинувчанлик, титроқ ва итоат иллатидан? Айнан мафкуравий кураш усулидан сўз очдим, нега? Собиқ СССР мафкурасининг қудратига қилинган ишоратдан муддао не эди? Келинг, “Сендан мен зўрман!”, “Сен кимсан? Бор йўғи бир пандавақи калтафаҳимсан!”, “Мен билгувчи, сен нимани ҳам билардинг!” деган шайтоний кибиримизни бир четга суриб қўяйлик-да, атрофлича мушоҳада қилиб кўрайлик. Йўқ, шунчаки гаплашмайлик, номигагина сўзлашмайлик, хўжакўрсингагина ўйламайлик ҳам. Майли, сиз айтганча бўла қолсин, ортиқча ҳиссиётга ҳам берилмайлик. Том манода фикр юритайлик, чуқур таҳлил қилишга бир уриниб кўрайликчи, келинг.
Мана, Каримовнинг ноҳақлик империясини қулатиш учун Солиҳ қуролли қўзғолонга ишорат қилганида, қўрқиб кетдингиз, сўзсиз инкор этдингиз. Чориев томонидан нозўравон усул хусусида гап кетганида, тарафдорлар оқ либос кийганида, хандон отдингиз, жуда бўлмаганда мийиғингизда беписанд кулдингиз. Шундайми?
Ва яна “Мухолифатнинг сўз ўйини қилишдан ортиғига кучи етмайди!” дея танқид қилдингиз… Даровқе, сиз назар писанд қилмаётган, қилгингиз келмаётган сўз, ҳа, ўша сўзнинг нечоғлик қудратга эга эканлиги хусусида фикр юритишдан аввал, ҳаммангиз биладиган, аммо аҳамият беравермайдиган, гоҳо ёдингиздан кўтарилиб қоладиган бир муҳим гапни эслатиб қўйишим лозим…
Тарихдан маълумки, аввал бошда Чин юрти топташни истаган, Александр Македониский ғаразли кўзларини тиккан, кейинчалик, араблар, мўғиллар …. ниҳоят Чор Россияси истеълосининг жабру жафосига дош бериб келган бу мазлум халқ (Гарчи Муқанналари, Темурлари, Темур Маликлари бўлса-да!) нинг қон-қонига сабр, бардош, итоат, қуллик руҳи сингиб кетган. Бўйсунувчанлик, қўрқув, қўллуқ қилиб қўл қовуштириш онги, шуурини забд этиб бўлган. Айнан мана шу қусурлар 21 йилдирки Каримов жанобларига қўл келмоқда! Мана, Ўзбекистон аҳолисининг сони айни дамда 30 миллонга етди деймиз. Ана шу 30 миллон халқ хўрланса ҳам, топталса ҳам, бепичоқ буғизланса ҳам ғинг демаса, дея олмаса, садо бермаса, аксинча, Ислом отасининг соясига салом берса, қуллуқ қилиб, икки букилса, букилиб ўтирса… Хўш, мана шундай бир шароитда нима қилиш лозим? Қандай йўл тутиш керак? Аввало, Ўзбекни уйғотиш керкми, ахир? Йўқ, рад этманг, ўзбек шусиз ҳам бедор дея кўрманг! (Саноқлигина зиёлиларни назарда тутмаяпман!) Тўғри, пичоқ бориб буғзига қадалган халқ энди-энди «газ йўқ, свет йўқ… пул йўқ,иш йўқ, нон йўқ…” дея пичирлай бошлади, холос. Аммо бу ҳали сас дегани, садо дегани эмас. Киши ўзига-ўзи гапиргандек бир гап, шунчаки шивирлаш! Токи бу ҳазин овозлар ҳайқириққа айланмас, оламни тутмас экан… Ҳаммаси бекор…. Хўш, уйғонмоқлик нима ўзи? Саводи (Ҳуқуқий ва сиёсий маънода!) чиқмоқликми, тушунмоқлик, англаб етмоқликми? Буларнинг бари умумлашган тақдирда ҳам кишида журъат деган нарса бўлмас экан, барчаси бекор… Англаб етмоқ бошқа, ички кўрқувни енгмоқ, енга олмоқ эса мутлақо бошқа бир масала… Ҳатто ўша – ўзимизни ўзимиз енгишимиз, яъни қўрқувимиздан устун кела олишимиз учун ҳам тушунмоғимиз, билмоғимиз, англаб етмоғимиз лозим бўлади. Ҳалқимизни ҳар томонлама уйғотиш учун эса нима керак! Сиз менсимаётган айнан ўша сўз қудрати эмасми? Сизнинг таъбирингизча, “сафсатабозлик” керак эмасми? Хўш, мунаввар кунларни сизу бизга ким беради? Ҳарҳолда окиан ортидан, ё узоқ европадан келган аскар Ислом Абдуғаниевичнинг пешонасига тўппонча тираб, отиб, ўлдириб, биз мазлумларни озод қилмас? Қуролли қўзғолон деганлари қурбонсиз бўлмас! Ҳатто қўлда қурол билан қарши чиқмоқлик учун ҳам энг аввало журъат керакми одамга? Тўпалон у ёқда турсин, ҳали биз тинчлик йўли билан норозилик намойишига чиқиш учун ўзимизда куч топа олмай ўтирибмизу? У эмас, бу эмас, халқимизга ҳурриятни халқнинг ўзи ҳадя қилади. Шундай экан, энг асосий юмуш бу халқ онгидаги қўрқувга барҳам бериш. Қўрқувни ким қувади, қандай қувади? Мана, гап қаерда? “Ҳой, сан бола! Бир бошда бир ўлим бор! Нега бунча тиззаларинг қалтираб, ўтаканг ёрилади,?!” деб 30 миллионта одамнинг башарасига қарсиллатиб қўйиб, қўрқмасликка чиқариб чиқаолмайсизку, тўғрими? Шусиз ҳам қўрқувдан қалт-қалт титраётган халққа куч ишлатолмайсиз! Демакки, аҳолига малҳам бўладиган, куч берадиган, уларда журъат ҳиссини уйғота оладиган нарса бу сўз, сўзнинг қудрати. Ажобий адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг “Адабиёт атомдан кучли” деган сатрларини эсланг. Бу ерда адиб айнан сўзнинг салоҳоиятига урғу беради. Ёхуд халқимизнинг “Тил билмоқ – дил билмоқ”, “Суйдургувчиям тил, бездиргувчиям тил” (Замонабоп шакли – “Ўлдиргувчиям –тил!”) деган пурмаъно мақолларини олайлик. Бу ерда гап оғзингиздаги 100-200 грамлик лахим ҳақида эмас, айнан сўзнинг енгиб бўлмас кучи-қудрати хусусида сўз боради, буни яхши биласиз…
“Темур тиғи етмаган жойни
Қалам билан олди Алишер…”,
деганида шоир қанчалар ҳақ эди. Демоқчи бўлганим, нафақат оламни, балки одамнинг кўнглини ҳам сўз билан олиш, сўзнинг кучи-қудрати билан ишғол қилиш мумкин. Худди ана шу нарса сиз мирламаётган, мухолифат “сотаётган сафсата” – сўз бўлади, агар билсангиз! Бошқачароқ қилиб айтганда, ахборот, хабар, мақола, мурожаат, чақириқ шаклида терилган сўзлар шодаси!… Мен юқорида бекорга мафкуравий курашга урғу бермадим. Англаб етган бўлсангиз, Каримов тамал тошини қўйган зўравонлик қасрини қулатиш учун қуролли қўзғолондан ҳам олдин энг аввало, мафкуравий кураш олиб борилмоғи лозим. Токи аҳоли сергаклансин, ботирлиги ички қўрқувидан баланд келсин. Қуролнику қўя туринг, лоақал, “Бой ила хизматчи”нинг Ғофурига ўхшаб “Ҳаққимни беринг, бой ота!” дея билсин, дея олсин олдин! …
Яна бир гап. Ўйлайсизки, сизнингча Ўзбекистонда қарйиб 10 миллондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатаётган энг катта мобил алоқа компанияси “Ўздунробита”нинг “косод”га учрашига фақатгина Ҳукматнинг ҳамёнига тушиши режалаштирилган 1 миллард доллар сармоя сабаб бўлганми? Шундай фикирласангиз, бирёқлама ўйлаган, хато қилган бўласиз. Негаки, бу – МТС-Ўзбекистон алоқа компанияси ўзининг нафақат мобил алоқаси, балки “модем”и орқали кўрсатаётган сифатли интернет хизмати туфайли жаа-ааа, 10 миллон бўлмаганидаям, салкам саккиз миллон Ўзбекистон аҳолисини интернет олами билан ошно қилиб қўйди-ю! “Нима қилмоқчи ўзи булар? Ўзбек халқи онгида интернет кўмагида инқилоб ясашмоқчими?”, деган ҳадикда юраги ҳапқириб кетгандир-да ўзиям бу Ҳукуматнинг! Ахир, МТСнинг бу қилмиши ўзи билмаган ва истамаган ҳолда давлатнинг ички сиёсатига, наинки ички, балки, “сирли сиёсат”ига аралашиш, аниқроғи “халал бериш” эмасми? Аҳвол шу зайилда давом этаверса, Каримовку давру давронини суриб бўлди-я, алал оқибат, эрткатойи Гулнорахон тахтга ўтиролмай армонда қолиши мумкин-а! Ал қисса, Ўзбекистон аҳолисининг дунё саҳнига чиқишини олдини олиш мақсадида юрт шаҳаншоҳи МТСнинг “думини тугиб қўйди”. Москвадан эсаётган ёқимсиз шаббодадан ҳам ҳадиксираб ўтирган эмас. Чунки унинг тахтига Путиннинг қавоғидан кўра, халқнинг ўйғониши кўпроқ хатар солади-да! Мана, энди ucel алоқа компаниясига, айланиб-айланиб келиб, яна Гулнораойнинг қўлларига қараб, қарам бўлиб ўў-ўўўитирбмиз? “Қачон бу ucel улгурда телефон алоқаси-ю, интернет хизмати намунали йўлга қўйиларкин?” деб….
… Ҳа, дарвоқе, иккинчи бир гап…. Мен илгари ҳам мақолаларимдан бирида бу ҳақда қистириб ўтгандим. Такрорлайман: Хўш, сизнингча нега Ўзбекистонда электр токи тақчил? Бунинг боисини мазкур маҳсулотнинг экспортига олиб бориб тақамоқчимисиз? Оҳ, шунинг ўзигина бўлса кошки эди? Каримов қанчалар қабих бўлмасин, рақибини мот қиладиган, дарёга олиб бориб, суғормай келадиган даражадаги ўта маккор устаомон сиёсатчи ҳамдир. Нега талабадан тортиб, партадаги ўқувчига қадар пахтага, нуқул далага қувилади? Нега йил ўн икки ой элга электр берилмайди? Бу давлатнинг фақат иқтисодни ўнглашга қаратилган сиёсати эмас! Бу оммани саводсиз қилиш, аҳолини ахборот оқимидан асрашга қаратилган енг ичидаги сиёсат, аслида. Мана, оддий мисол: шахсан менинг уйимга 2007 йилда компьютер кирган. Шу йилда мен интернет, сайт деган нарсалар билан танишдим, кирдим, кўрдим… Интернетда ўқиган, эшитган ва кўрганларим аста-секинлик билан онгимда ўзгаришлар ясай бошлади. Чунки мен 20 йилдан ортиқ ҳукумат идорасида ишлаб келаётган, шоир таъбири билан айтганда, ўзи яшаётган кўлмакни уммон деб хаёл қилган шунчаки бир бақа эдим, холос. Хаётга, чор-атрофимга ўзгача назар ташлашимда, айнан мана шу интернет ва турли сайтларда чиқаётган хабар ва мақолаларнинг хизмати, ўрни катта десам, адашмайман… Яъниким, айнан интернет сайтлари менинг курашувчанлик қобилиятимни тарбиялаб борди ва мен 2009 йилда, икки йил деганда Ўзбекистон миллий телерадиокмпаниясидаги ўз раҳбарларимнинг ноҳақликларига қарши бош кўтаришга ўзимда куч топа олдим…. Агар Ўзбекистонда электр бемон бўлганида, одамлар тўсиқсиз интернетдан фойдалана олганида, ахборот қамалида қолмаганларида эди, сизу биз кутган ИНҚИЛОБ аллақачонлар содир бўлган булур эди!
Дейлик, талаба коллеж, институт деганларида зўр бериб ўқиса ва ё ўқувчи йилнинг тўрт фаслидаям мукка тушиб партада ўтирса, мударрис бўлиб кетадику? Зиёли одам эса зиёга интилади? Бу нарса эса Каримов учун ўта хатарли. Нақд салтанатининг инқирози саналади-я! Эрта-ю кеч элга электр берилса, халқ интернет деган “бало”ни урганиб қўяди-ку?! Компьютер деган “қусур”да зумда дунёнинг ҳов нарги чеккасига уланиволиб, ўқийди, чўқийди, қарабсизки, эртами-кеч кўзи очилади-қўяди. Кейин нима бўлади? Нима бўларди, халқ уйғонди дегани бу – Каримовнинг куни битти дегани-да! Каримовга керакми шу бош оғриқлар. У устаомон дедиму, ўз илдизига ўзи болта урадиган, ўзи ўтирган шоҳни ўзи кесадиган даражада ахмоқ эмас. Халқнинг кўзини қанчалик “очмай” турса, Каримовнинг салтанати шунчалик бардавом бўлади! Бу юрт болалари нечоғлик саводсиз бўлса, уларни қулликда тутиб туриш мамлакат отасига янада осонроқ кечади! Аҳоли ҳаётдан, ҳуқуқдан, қўйингчи, дунёдан қанчалар бехабар бўлса, бу элни қурқувда узоқ ушалб туриш янада қулай бўлади! Мана, нима учун Каримов элга электр бермайди?! Мана,нима учун мамлакат отаси йўргакдаги гўдакни ҳам далага қувлайди?! Мана, нима учун турли сайтларга тўсиқ қўйилади?!
Ўзбекистоннинг киндигида турадиган санасангиз саккизтагина зиёли “ядровий қуроллардан ҳам хавфли, хатарли” бўлган хабарларни ўқиш учун “миналар қадалган” сайтларга кираолмайди! Ёриб бўлмас “бетон”дан тўсиқ қўйилган. Нега? Чунки Каримовни қуролдан кўра, сўзнинг қудрати кўпроқ қўрқувга солади! Мана, кўзларга қудратлидек кўринган “авлиё”ниг заиф томони қаерда? Модомики, рақибимизни сўз қудрати ларзага солар экан, “сўзамоллик”нинг устидан кулишимиз эмас, аксинча, биз сўзга таянишимиз, унинг қудратига суянишимиз, фойдалана билишимиз, истаймизми, йўқми, мафкуравий курашга, тарғибот ва ташвиқотга янада кенгроқ урғу бермоғимиз керак бўлади… Айни дамда айнан ўша сўз бизнинг ядродан ҳам қудратли қуролимиздир! Менимча шундай…
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси



