ПАХТА – 2012

 

ХОРАЗМЛИК ТАЛАБАЛАР ТЕРИМГА САФАРБАР ҚИЛИНДИЛАР, МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ БУНДАН МУСТАСНО

Довуд СУЛАЙМОН

 

 

Хоразм вилоятида “Пахта-2012” ҳаракати сентябрь ойининг илк кунларидан эътиборан фаол бошлаб юборилди. 8 сентябрь куни олий ўқув юртлари, 10 сентябрь куни эса ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқув муассасалари талабалари пахта йиғим-теримига оммавий сафарбар қилиндилар. 10 сентябрда эрта тонгданоқ  коллежларга яқин ҳудуддаги йўлларда авомобиль ҳаракати тўхтатилиб, тракторларнинг тиркалма аравалари, юк машиналари, турли йўналишларда қатнайдиган ўнлаган автобуслар, милиция, тез ёрдам, ўт ўчириш машиналари шаҳардаги колллежлар олдида қатор бўлиб тизилди. Талабалар, бирлари елкасига кўрпа-тўшак, бирлари кроват ёки раскладушка ортмоқлаб, иккинчи қўида озиқ-овқат солинган сумкани кўтариб, коллеж бинолари олдига тўпланишди.

 

Талабалар ҳар хил кийинишган. Пахта терими барибир кийимни хароб қилади, деб, одми кийинганлари ҳам, худди байрамга кетаётгандек ясаниб олганлари (айниқса, пахтанингқийинчиликларини унчалик билмайдиган 1-курсга янги келганлар) ҳам бор. Айримларнинг ота-оналари кузатиш учун чиққанлар.  Ҳамма келгунча ва машиналар тахт бўлгунча бироз суҳбатлашиб турилди. Сўнгра ётоқ анжомлари прицеплар ва юк машиналарига ортилди. Ярим соатлардан кейин барча талабалар уларга бош-қошлик қиладиган устозлари билан бирга автобусларга миниб, ҳайё-ҳуйт, деб, Хоразм вилоятининг турли минтақаларидаги  пахта далалари сари узун карвон бўлиб йўл олдилар.

 

Шуни айтиш керакки, бу йил пахта терими масаласи юқори ташкилотлар томонидан қаттиқ қўйилди. Терим арафасида бир нечта мажлислар ўтказилиб, бу йил умумтаълим мактабларининг биронта ўқувчиси теримга жалб қилинмаслиги, лекин ҳосилни совуқ ва ёмғирли кунларга қолдирмасдан териб олиш лозимлиги, шу боис талабалар зиммасига оғир юк юкланиши, уларни тез-тез рағбатлантириб туриш ҳам кераклиги, терим ҳукми қатъийлиги, у муҳокама қилинмаслиги, таъкидланди.

 

Тўғри, ҳақиқатан ҳам, ҳозирча умумтаълим мактаблари ўқувчилари далада кўринмайди. Мактабларда ўқиш бир маромда давом этмоқда. Аммо шаҳар мактабларидаги ўқитувчилар галма-галдан  ҳар куни автобусда қатнаб, пахта териб қайтишмоқда. Ҳар куни ҳар бир мактабдан 20-30 нафар ходим шаҳар халқ таълими бўлими олдига келадиган автобусга миниб, теримга кетади. Ҳар бири ўзи тайёрлаган этакни ва озиқ-овқатни қўлига олволади. Улар кечки соат 20-21 ларда уйларига қайтиб келишади. Бу ҳол барча бюджет ташкилотларида, шифохоналар, турли бошқармалар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ҳоказоларда юзага келтирилган.

 

Ҳар йилгидек, терим бошланиши биланоқ, идора, корхона ва ташкилотлар биносига кириш эшигидан эмас, кўзга ташланмайдиган бошқа эшикдан кириш бошланди. Қишлоқларда маҳалла фаоллари ҳар бир оилага кириб, аъзоларини пахта даласига теримга чиқишга чақирмоқдалар. Айрим фаолларнинг айтишича, бу тадбир кўп ҳам фойда бермаяпти. Пахтага келсак, ҳозирча мўл. Бу йил Хоразмда сув яхши бўлди. Пахта ҳам, шоли ҳам, бошқа экинлар ҳосили ҳам яхши етилди. Ҳокимликлар томонидан агар ҳамма ҳосил териб олинса, теримни бир ой, жуда нари борса, бир ярим ой ичида тугатишга ваъда берилаяпти. Лекин халқ, ҳатто давлат буюртмаси бажарилса ҳам, амалдорларнинг мақтовга иштиёқи жўшиб кетиб,  ҳар галгидек теримни икки-уч ойга чўзиб юборадилар, деган хавотирда.

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares