
Репортаж
Оммавий Шодлик акциямиз давом этади! Навбатдаги репортажимизни
тингланг, яъни, ўқинг!
Эслатиб ўтамиз, аввалги репортажимиз “Милиция ходимларига раҳмат” номли эди. Лекин доно миллатимизнинг “ошқовоқ” қаллали вакиллари ҳам йўқ эмас-да! Европага бориб, юз йил яшасаям, мисқол ўзгармайди!
Шундайлардан бири, электрон манзилимга, инглиз шрифтда, “Tuppa-tuzuk huquqbon eding, maddohga aylanib ketding. Kelib-kelib militsiyaga rahmat aytasanmi?”, деб хат ёзибди.
Бу “собит-маслак” киши мақолани охиригача ўқимаган, ёки унинг ҳажв-туйғуси ривожланмаган кўринади.
Зеро, милиция ҳам, полиция ҳам, ҳамма ерда бир ҳил. Буни, шахсан ўзим бориб, кўриб ва эшитиб айтябман. Мақтанишмас, лекин Иркутскдан тортиб, Сан-Диего деган жойларгача бориб, мен ҳам анча дунё кўриб қўйганман. Кўрган-билганларимдан, мавзуга оид мисоллар келтиришим мумкин.
Масалан: Лос-Анжелесда, бир конференцияда, ташкилотчилар видео-лавҳа намоиш этишди. Унда, полиция махкамасига бир фуқарони олиб келишган экан. Кимсан комиссар ўзи, унга “ечин” деб буюрди. У кўйлагини ечди. Бошлиқ “шимингниям еч” деди. У шиминиям ечди, калта ички иштончаси қолди. Бошлиқ униям ечишни буюрди. Фуқаро, “Нима, мен докторнинг қабулидаманми?” деб, ички иштончасини ечишдан бош тортди. Барзанги бошлиқ уни тепиб кетди. Роса тепди! Ёнида бир-нечта полициячилар (жумладан, аёл полициячи ҳам) томоша қилиб туришди.
Лавҳа тугаб, ташкилотчилар, “Ҳўш, қандай фикрдасизлар”, дейишди. Мен айтдим: “Йўқ, бизда бунақа урушмайди. Бизда ё подвалга олиб тушиб, ёки 4-чи этажга олиб чикиб, юришади. Лекин бунданам яхшигина уришади…”
Бу Америкадаги гап. Словения пойтахти Люблянадаги бир учрашувда, осоишталик посбонларининг ақл-заковатлари ҳақида мавзу очилиб қолди. Мен бир латифа айтиб бердим.
Латифа:
Бир милиция ходими ишдан хайдалибди. Бир дўсти билан ўтиришар экан, дўсти ачиниб:
– Нега ишдан хайдалдинг, – деб сўрабди.
– Навбатчиликда красворд ечаётган эдим, бошлиқ кўриб қолди, – деб жавоб берди собик милиционер. Унга дўсти:
– Тўғри-да, иш пайтида красворд ечасанми? Хайдайди-да, – деса, хайдалган БР:
– Йўқ, бошлиқ мени сен ўйлаган нарсага хайдагани йўқ. Бошлиқ мени, “Сен ақлли экансан-ку”, деб хайдади, – дебди…
***
Бу латифадан баралла кулишиб, словенияликлардан бири, шу мазмунда бир хангома айтиб берди:
Хангома:
Словениялик полициячилар икки кишилашиб юришар эмиш. Бири ўқишни биларкан, бири ёзишни биларкан. Яъни, хужжат текширишганда, бири ўқир экан, бири ёзар экан. Бир куни икки ёш йигит, шаҳарлараро автобусда ёнма-ён ўтириб, шу латифани айтишиб, кулишиб кетишаётган
эканлар. Орқаларида иккита полициячи кетишаётган экан. Улардан бири:
– Сенлар нима деб, бизни мазах қилишяпсанлар? Хужжатларинг борми, қани, кўрсатиш-чи, – дебди. Йигитлар хужжатларини беришибди. Полициячи хужжатлардан бирини очиб, ёнидаги шеригига:
– Ёз!, – дебди… Бутун автобус кулиб юборибди. Кулгидан хайдовчининг “ичаги узилиб”, авария қилиб юборишга сал қолибди…
***
Бу бўлган вокеа экан. Энг қизиғи, бу хангомани словениялик полиция офицери ўзи завқ-шавқ билан айтиб берган эди…
Бизнинг мелисаларимиз ҳам, ҳазилкашликда ҳеч кимдан қолишмайдилар. Мен таниганларим ҳаммаси ғирт анекдодчи. Аниқса, биттаси бор. Исми… Ҳа, майли, “утечка” бўлиб, “сен ақлли экансан-ку”, деб униям ишда хайдаб юбришмасин…
ОШ – Оммавий Шодлик марафонимиз давом этмоқда. Мана, олтинчи кун, мен шаҳар бўйлаб ҳар куни оқ устбошда велосепедда юрибман. Осоишталик посбонлари менга шубҳали қараб-қараб қўйишмоқда. Лекин фавқулодда ходисалар рўй бергани йўқ!
Биз билан қолинг!
“Бирдамлик” учун, Андижондан,
Саиджаҳон Равоний.
6 09 2012



