
Оппоқ ранг. Пок ранг. Озодалик рамзи. Соф виждон туйғуси. Инсонларни улуғлаганда шундай атамалар ишлатилади: Оқкўнгил, оқсийна, оққиз, оқгул. Қизларимизни узатганда оқ либос кийгизамиз. Гўшанга пардаси ҳам оқ ранг моҳиятидан келиб чиқиб тикилади. Куёв либосининг асосий безаклари ҳам оқ ранг мужассамлигидан иборат.
Оқ ранглар уйғунлиги кишига салобат бағишлайди. Оқ ранг сўнмас ранг. Қуёшнинг тафтини қайтарувчи, танадаги иссиқ субстанцияни совитувчи ва қора магияни емирувчи. Агар Ҳазрати Ҳизрни кўриш насиб қилса, у инсонларнинг тушида ёки ўнггида оқ либос уйғунлигида пайдо бўлади.
Диний ақидаларда Одам Атодан тортиб Муҳаммад пайғамбаримизгача оқ ранглар уйғунлигида кўриниш берадилар. Оқ булутлар беозорликдир. Пайҳамбаримиз Муҳаммад алайҳи вассалламнинг тансоқчиси ва саркардаси Ҳазрат Алининг дулдули ҳам Оқ ранг касб қилган. Қариялар оқ фотиҳалари билан оқлик, очиқлик ечимини бахшида қиладилар.
Қабила бошлиқларини халқ Оқсоқол номи билан атаб, унга бош эгиб бўйсунган. Оқ ранг кишига ҳордиқ беради. Эртакларда хонлар, беклар кундузги ҳорғинликни тунда ҳовузга юборилган бир гуруҳ оққушлар ўйинлари томошасида чиқарганлар. Оқ ранг – тинчлик рамзи. Ҳатто қирғин уруш кетаётганда ҳам томонлардан бири Оқ байроқ кўтарса, қирғин тўхтатилган. Рингда боксёрлар тренери Оқ рўмол ташласа жанг тўхтатилади.
Оқ ранг – яхшилик тимосоли. Оқ дев Қора дев қарши инсон ҳимояси учун курашган. Оқ ранг киши руғига шодлик, кўтаринкилик, куч бағишлайди. Америка завод, фабрика эгалари цехларни қора рангдан оқ рангга ўзгартирганларида маҳсулот унумдорлиги ўттиз фоизга ошган.
Оқ ранг – ҳақиқат рамзидир. Шунинг учун ҳам суд жараёнида оқловчи қораловчи устидан ғолиб чиқади. Оқ ранг – ризқ рўз заминидир. Шунинг учун ҳам Оллоҳ таоло инсон тишларини ва кўзининг бир қисмини оқ рангга бўяган. Кўчага оппоқ қор ёғса, тўкин-сочинлик келтиради. Оқ ранг – инсонларнинг Худога ихлосидир. Шунинг учун диний эътиқод русумхоналари менгзанади. Ўзбекларда Оқ мачит, русларда Белая церковь дейилади.
Оилаларда Оқсочлар ҳурмат-эътиборда. Оқлик – севги рамзи. А. С. Пушкиннинг “Шоҳ Сулаймон” эртагида шоҳнинг ўғли Грляндрнинг севгилиси Оққуш сифатида намоён бўлади. А. С. Пушкин энагаси Арина Радионовнани “Оппоқ ойим” деб эъзозлаган. Ўзбекларда биров йўлга чиқаётганда, қариялар оқ йўл тилашади. Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема” повестида ҳам оқлик ҳақиқат рамзига айланган ва унга садоқат бола меҳрида уйғунлашиб, унга тинчлик бағишлаган.
Тўй-маросимлардаги олқишлар замирида оқ ранг мужассам. Олтин сариқ бўлса-да, бебаҳо кумуш оилалилик рамзи узук қиёфасида ва соғу саломатликнинг посбони сифатида акс эттирилган. Араб отлари учқур, ақлли, кучли ва чидамли бўлганликлари замирида оқ ранг ётади. Оқлик – шифолик, хотиржамлик, шунга менгзаб табибларимиз эгни оқ халат билан ўралган.
Оқ ранг – соф ранг. Агарда қора парда устига оқ парда ўрасак, қора ранг батамом ўчади. Оқ ранг – шоҳлик рамзи. Шоҳларга ва уларнинг саройларига кўпинча оқ ранг безамаси берилган. Масалан, Оқ подшо, Оқ сарой, Оқ уй ва ҳоказо. Чақалоқ онанинг оқ сутини эмиб камолга етади. Бизнинг удумимизда дунёдан ўтган инсон оққа ўраб дафн қилинади. Хуллас, оқ ранг – ҳаётимизнинг аввали ва охиридир. Унга чексиз изоҳ бериш мумкин.
Валерий НАЗАРОВ, “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Хоразм вилояти етакчиси.



