Ўзбекистоннинг расмий мустақиллик куни – 1 сенбярь мносабати билан “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати ташаббуси билан эълон қилинган “Оммавий Шодлик” – Ош марафони давом этмоқда.
Ҳаракат мурожаатига кўра мазкур марафон давомида Ўзбекистон аҳли Каримов режимига қарши ўз норозиликларини оқ либос кийиш орқали намойиш этишлари кўзда тутилган эди. Шунингдек, ОШ иштирокчилари оқ либосда тушган суратларини марафоннинг танлов ҳайъатига тақдим этишлари ҳам талаб этилган. Ўтган икки кун давомида “Оммавий Шодлик” ни ўз қарши қарашлари билан кутиб олишни истаган юртдошларимиздан танлов ҳайъатига оқ либосда туширилган суратлар келиб тушмоқда. Сизга маълумки, танлов ҳайъатининг тавсиясига асосан марафонда ўз суратлари билан ғолиб деб топилган ватандошимиз ҳомийларимиз томонидан тақдим этилган моддий кўмакнинг 50 фоиз миқдоридаги маблағ асосида рағбатлантирилади. 1-, 2- ўринга муносиб деб топилганлар келиб тушган молиянинг 25 фоизини қўлга киритадилар. 3 та 3 ўрин шоҳсупасига кўтарилган иштирокчилар ҳам салмоқли сармоянинг соҳибларига айланишади.
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Матбуот хизмати ҳозиргина Ҳаракатнинг молиявий ишлар бўйича раҳбар ўринбосарининг билдиришига асосланиб, марафон муносабати билан ҳисоб рақамига тушаётган моддий қўллаб-қувватловларнинг салмоғи хусусидаги маълумотга эга бўлди. Молиявий бўлимнинг ҳисоботига кўра, 2 сентябр куни АҚШ вақти билан то кундузги соат 12.00 га қадар Ҳаракатга саҳоватпеша 4 нафар ватанпарварларимиз томонидан марафон муносабати билан 500 АҚШ доллари тортиқ этилган.
– Келишувга кўра, ҳиммат кўрсатган юртдошларимизнинг исм-шарифларини очиқлай олмаймиз, – деди Ҳаракатнинг молиявий масалалар бўйича мутасаддиси биз билан бўлган суҳбатда, – Бироқ, молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган юртдошларимизга Ҳаракатимизнинг чексиз миннаддорчилигини етказиб қўйиш бурчимиздир…. бу ҳали бошланиши, марафонимиз давом этмоқда…
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати таниқли ҳуқуқ ҳимоячилари Саломат Бойматова ва “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг етакчиси Елена Урлаеваларнинг “Оммавий Шодлик” марафонидаги фаол иштирокларини, беминнат қўлловларини ҳам эътироф этади ва ушбу фидойи, жасоратли аёлларга ўз ҳурматини изҳор қилади.
Эслатиб ўтамиз, “Оммавий Шодлик” марафони 10 сентябрга қадар давом этади. Марафон танловининг натижалари билан 15 сентябрь куни танишишингиз мумкин.
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Матбуот хизмати



