ВОДИЙ САФАРИ САГУЗАШТЛАРИ

“Бирдамлик “ Халқ Демократик ҳаракатининг  Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулова  Фарғона водийси бўйлаб сафарга отланди. Мазкур сафардан кўзланган асосий мақсад, Ҳаракатнинг Фарғона вилояти бўйича етакчиси Гулҳаё Бобожонова билан учрашиш, унинг Қува туман ички ишлар бошқармасининг ертўласида ноҳақдан чеккан 5 кунлик азоб уқибатларидан сўз ҳол сўраш, ёш фаолга ёлғиз эмаслигини яна бир эслатиш ва сафдошлари ҳамиша  фаоллар ва етакчилар билан елкадош эканлигини амалий        таъкидлашдан, шунингдек, янаяам   муҳими ҳаракат  фаолларининг  водийда   олиб  борилаётган   фаолияти  билан яқиндан   танишишдан иборат эди.

 

21 августь куни маҳаллий вақт билан кеч соат 19.00 ларда Гулҳаё Бобожонованинг Тошлоқ тумани Ақшай фуқаролар йиғинига қарашли маҳалласида туғилиб ўсган ота уйига ҳамроҳи Ҳаракатнинг Тошкент вилоят бўйича етакчиси Саноат Абдураҳмонова билан етиб келган М. Эшонқулова хонадон соҳибаси Марҳаматхон аяни ўтган рўза ҳайити байрами билан қутларкан, яқингинада бўлиб ўтган  босимлар, бошларидан кечирган изтироблар борасида кўнгил сўради.

– Аслида биз тўппа тўғри Фарғона шаҳрига, Гулҳаё истиқомат қилаётган уйга ўтиб ҳам кетишимиз мумкин эди. Бироқ, шаҳар биқинида жойлашган Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи, қизи Гулҳаёнинг айбсиз айбдор бўлиши, ноҳақ қамалиб қолишидан чуқур изтиробга тушган фаолимизнинг ота-онаси Марҳаматҳон   ая  ва   Эргаш Бобожоновлардан ҳол сўрамасдан, бостириб ўтиб кета олмадик, – дея хабар беради Фарғона сафарида юрган М. Эшонқулова биз билан суҳбатда, – Бироқ  афсуски, вазият биз кутгандек бўлиб чиқмади. 2-3 соат кутиб ўтиришимизга қарамасдан, Эргаш Бобожонов билан учрашиш имкони бўлмади. Ваҳоланки, Эргаш ота бизни “Менда жуда кўп маълумотлар бор. Уни компьютерда териб, интернетга чиқарадиган валломат йўқ. Қани эди кўмакка келсангиз” дея ҳайит олди бизни ўзлари Фарғонага чорлаган эдилар. Фақат шунинг ўзигина бўлса, кошки эди.  Ҳатто етакчимиз Гулҳаё Бобожонова билан дийдорлашиш, ҳол сўраш ҳам насиб этмади. “Опа, нима гапларингиз бўлса, дадам билан гаплашаверингизлар. Мен сизлар билан гаплашмасликка сўз берганман” деди Г. Бобожонова биз билан телефон орқали бўлган суҳбатда.

–       Қизимиз Гулҳаёхон сизлар билан кўриша олмайди. Чунки  қамалиб қолган қизимизнинг чиқишига  КГБда (МХХ демоқчи)  ишлайдиган катталаридан бири  кўмак берган, – дедилар Марҳаматхон ая етакчимизнинг телефон орқали айтган фикрларини мантиқан давом эттираркан.

–       Суд қарори бўйича Гулҳаё 5 суткага қамалганди. Нима, МХХ даги амалдор уни 3 кунда чиқариб юбордими?, – сўрадим қизиқсиниб.

–       Йў-ўўқ, – дедилар ая чўзиб, – Роса 5 сутка ётиб чиқди-ю.

–       Суд қарори бўйича ўзи 5 сутка бўлса, қонун бўйича, истайсизми, йўқми, 5 кундан кейин қамоқдан чиқиши, бу – табиий ҳол-ку, ая. У ҳолда МХХнинг каттаси қай бир ишда кўмак берди, тушумандим? – дедим ажабланиб.

–       Ҳа, йўқ, форма киймаган ( фуқаро формасидаги демоқчи) ўша МХХда ишлайдиган амалдор одам то уйимизгача келди. “Гулҳаёга ҳам тайинладим, энди бунақа ишларга аралашмайди, бўлар-бўлмас нарсаларни ёзмайди. Эвазига мен сиз билан Эргаш Бобожоновнинг устидан қўзғатилган суд ишини тинчитиб бераман. Бундан кейин сизларни ҳуқуқдан ким безовта қилса менга қўнғироқ қилинглар, ўзим ҳимоя қиламан”,  деб менга телефон номерларини ташлаб кетдилар. Буни қарангки, эртасига яна участкавой чолингиз қани, судга элитишимиз керак, деб келиб ўтирибдилар-да. Домлангиз Тошкентга кетгандилар, десам, у ҳолда ёлғиз ўзингизни бўлсаям судга олиб боравераман, дейди. Шу пайтдаёқ ана у телефон номерини қолдирган МХХнинг одамига сим қоқдим. Кейин участкавойларнинг каттасига тутдим телефонимни. Участкавойларнинг каттакони телефонда гаплашиб-гаплашиб, нари кетди. Уларнинг ўртасида нима гап бўлди, билмайман. Лекин  гаплашиб бўлгач, милиса бола  қўлини кўксига қўйиб, “Узр, энди сизларни бошқа безовта қилмаймиз, хола” дея чиқиб кетишди. Шукур, шундан бери тинчмиз. Суд ишимиз тугатилди.  Кўрдингиз, амалдор бўлсаям МХХдаги одам сўзида туриб берди, энди Гулҳаёмиз гапининг устидан чиқмаса, ваъдасида турмаса бўлмас, – дедилар ая сўзининг якунида.

–        У ҳолдла домла билан кўришсак, Гулҳаёнинг 5 кунга қамалишига оид суд қарорини кўрсак бўладими?, – изин сўрадим Марҳамтахон аядан. Ая аввалига “Ярим соат кутиб туринглар, бир машина келиб, сизларни олиб кетади, обориб домла билан учраштиради”, дедилар. Ярим эмас, уч соат ўтди ҳамки, машинадан дарак бўлмади, қоронғу тушди:

–       Аяжон, бизга оёқ улов керак эмас, кўчада юрган барча машина ҳаққини тўласангиз,  бизники-да. Йўл машина билан етиб оламиз, манзилни айтинг, – илтимос қилдим аядан.

–        Қизим, мени тўғри тушининглар, ҳозир вазият чатоқ,  агар бирор бир тунайдиган жойларингиз бўлса, илтимос, бизнинг хаётимизни хатарга қўймасдан, бошқа жойга борсангизлар. Гулхаёхон ҳам, Домлангиз Эргаш Бобожонов ҳам сизлар билан кўришаолмайдилар, – дедилар ая соат тунги 21.00 дан ўтганда ўтинч билан. Нима ҳам дердик. Мезбоннинг илтимосига биноан хонадонни тарк этишга мажбур бўлдик… Биз гарчи хайит байрами ўтган бўлса-да, арзимас бўлса-да атаган сайлхажимизни бериб, аяхон билан хайрлашдик….

 

Қизиғи шундаки, эртасига, 22 августь куни соат 15.00 лрада Гулҳаё Бобожонованинг ўзлари қўнғироқ қилиб қолдилар: –       Опажон, узр, Фарғонада, қишлоқдаги уйимиизда бўлибсизлар. Мен сизлар билан кўришаолмадим. Нима учунлигини, сабабини бувим тушунтириб берган бўлсалар керак? УЛАР нафақат менинг, дадам Э. Бобожонов билан аямга алоқадор бўлган суд ишини ҳам тинчитиб беришди.  Бундан  ташқари, сайтда чиққан мақолаларимнинг тагида “Гулҳаё Бобожонова, “ Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати  Фарғона вилояти етакчиси” деган ёзув билан чиққанлиги сабабли, ўша куни суд менга “Ноқонуний бирлашма, ташкилот, жамоа тузганликда айбланасиз. Бунинг учун энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баробарида жаримага тортиласиз” дея мени катта миқдорда жаримага тотишганди. Ўша МХХдаги одам менга кўмак берди. Жарима масаласиниям тинчитишда кўмаклашганди,  акс ҳолда шунча маблағни мен қаердан топиб берардим, – деди етакчимиз маҳзун овозда.

–       Биз аянгиздан  суд қарорини сўрагандик, кўрсата олмадилар. Шу сабабли, суд қарорининг мазмунидан бехабар қолдик. Нима, сизга катта миқдорда жарима белгиланганлиги ҳам суд қарорида акс этганмиди? – савол ташладим қизиқсиниб.

–       Йўқ, суд қарорида бу гаплар  ёзилмаган. Лекин  судья судда шундай деган эди ю, бироқ бу нарса қарорга киритилмаган экан, – жавоб қилди Гулҳаё гўшак ортидан.

–       …   Мен бу билан нима демоқчиман: “Алдагани бола яхши” деганларидек, Эргаш Бобожновдек иқтисод фанлари кандидатини, юрт равнақи учун кураш йўлига кирган Гулҳаёдек етакчимизни МХХнинг амалдорлари асонгина ўз ноғараларига ўйнатгани, ўйнатишга муваффақ бўлгани қизиқ…

 Ачинарли….

Халқимиз ҳамон жуда содда. Бу касофату кулфтларнинг бари ҳуқуқий билимсизлигимизнинг балоси…

Менимча шундай…

Халқитмизда ажойиб бир нақл бор: “Ит қочганни қопади” дейишади… 

Гулҳаё айтмоқчи УЛАР, ўша “ҚАЛҚОН” акалар  ҳам кимнинг ортидан тушишни, ким билан қувламачоқ ўйнайшни жуда яхши билишади… , – деди М. Эшонқулова сўзи ниҳоясида. Эслатиб ўтамиз, М. Эшонқулованинг водий сафари давом этмоқда. Воқеалар ривожини  кутазатамиз.

 

Носир ЗОКИР “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Фарғона

водийси бўйича координатори

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares