НУҚСОНЛАР ВА УЛАРНИНГ САБАБЛАРИ

Бахтиёр Маҳмудов

 

Маҳаллий нашрлардан бирини варақлаб ўтириб, Хоразм вилояти ижтимоий-иқтисодий ҳаёти расмий кўрсатгичларида қуйидаги камчилик ва нуқсонлар  акс этганлигини, кўрдим:

 

Айрим туманларда мавжуд резерв ва имкониятлардан етарли фойдаланилмаётганлиги оқибатида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришида оқсоқликка йўл қўйилган. Жумладан, Боғот, Янгиариқ ва Шовот туманларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўсиш суръатлари ўртача кўрсаткичдан паст. Қўшкўпир туманида эса саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2011 йилнинг шу даврига нисбатан 72 фоизни ташкил этган. Саноатда асосий прогноз кўрсаткичлар таъминланган бўлса-да, 22 та асосий саноат корхоналаридан 6 тасида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 млрд. сўмлик маҳсулот кам ишлаб чиқарилган. Иккита саноат корхонаси халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ҳажмини 6,2 млрд. сўмга камайтирган. Боғот, Урганч, Янгиариқ туманларида халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш талаб даражасида эмас.

 

Озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича кутилаётган натижаларга эришилмаяпти. Масалан, мева-сабзавотни қайта ишлаш бўйича Боғот туманида 2 та корхона деярли фаолият кўрсатмасдан турибди. Қўшкўпир, Хива, Янгиариқ ва Ҳазорасп туманларида умуман қайта ишлаш корхоналари ташкил қилинмаган. Сутни қайта ишлаш бўйича Ҳазорасп, гўштни қайта ишлаш бўйича Қўшкўпир, Янгиариқ туманларида белгиланган лойиҳалар бажарилмаган.

 

Хива, Урганч, Янгиариқ, Хонқа, Шовот туманларида тадбиркорлик субъектлари сони камайиб, айримлари фаолият кўрсатмаётир. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 495 та корхонадан атиги 29 таси ёки 6 фоизида маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилган. Жумладан, бу кўрсаткич Хива туманида 1,7 фоизни, Янгиариқда 3,6 фоизни ва Хонқада 3,4 фоизни, Қўшкўпир туманида 3,8 фоизни ташкил этган. Янгиариқ, Қўшкўпир, Янгибозор туманларидаги ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан маҳсулот экспорти умуман амалга оширилмаган.

 

Шуни айтиш керакки, булар расмий маълумотлар. Аслида аҳвол бундан бир неча баравар ёмон бўлиши мумкин. Бу аҳволга нималар сабаблиги тўғрисидаги сўровномага бир гуруҳ фуқаролар қуйидаги мазмунда жавоб бердилар:

 

1. Аҳоли ишлайдиган қисмининг қаймоғи яқин хориж мамлакатларида ишчи мигрантликда. Бизнинг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналаримизда бериладиган ойлик маошлари миқдори тажрибали ва малакали мутахассисларни қониқтирмайди, улар хорижда бундан кўп пул топадилар.

2. Касб-ҳунар коллежлари ва бошқа ўқув муассасаларида касб ўргатиш қониқарли даражада эмас.  Чунки бу ерда ҳам касб усталари ва ҳаттоки ўқувчиларнинг кўпчилиги хорижга ишга кетиб қолишини камайтириб бўлмаяпти.

3. Ишлаб чиқаришда сарфланадиган газ, электр қуввати, иссиқ ва совуқ сув нархи жуда баланд қўйилган, бундан ташқари, солиқ ва бошқа тўловлар ҳам бор. Булар маҳсулот таннархини ошириб юборади ва савдони сусайтиради. Тўғри ва рисола бўйича ишлайдиган корхона кўзланган фойдани кўролмайди.

4. Ишлаб чиқарувчиларимиз ўз маҳсулотини бозорга чиқарганда тезроқ фойда кўришга шошилади ва маҳсулотининг бозори чаққонлигини камайтиради. Яъни, улар нархни маҳсулотнинг харидоргирлиги ошиб, унга талаб жуда кўпайиб кетганидан кейин эмас, янги маҳсулот ишлаб чиқара бошлаганидан салгина ҳам вақт ўтмай ошириб юборадилар. Натижада харидорлар бизнинг ишлаб чиқариш корхоналаримиз маҳсулотларини эмас, нисбатан арзон бўлган хориж маҳсулотларини маъқул кўрадилар.

5. Негадир, кейинги пайтда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ё ташқариси ялтироқ ичи қалтироқ бўлаяпти, ёки ичида ажойиб маҳсулот жойлаштирилганига қарамай, ташқариси харидор эътиборини тортмайди. Ҳар томонлама бенуқсон маҳсулот йўқ ҳисоби.

6. Корхона соҳиби, харажатни камайтираман, деб, асосий керакли муҳандислик штатларини камайтиради, сифатга путур етади.

 

Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares