БИЗНЕС ҚИЛАМАН ДЕСАНГИЗ, КОЛЛЕЖ СОТИБ ОЛИНГ!

Бизнес соҳа танламас

 

 Албатта, бизнес орзусида юрган содда бир киши “болалар билан қандай бизнес бўлиши мумкин?” дейиши тайин. Содда-да, содда. Аслида энг осон ва бехавотир бизнес болалар билан-да. Боғчани қўятурайлик, гўдакнинг ҳақини ейиш собиқ империядан мерос келажаги “буюк” Ўзбекистонимиз учун. Болангизни боқиб бергандан кейин, қолаверса “ҳа, дегани хўжаси, бўў… дегани бўжиси” бўлмаган жойда бўригиналар пусиб ўтирмай,  хоҳлаган томонидан тутиб ғажийверади…  Қанча хоҳласангиз, қандай усулда хоҳласангиз ҳам ўзингиз хон,  кўланкангиз майдонсиз…

Коллежда нима бор дейсизми? Коллежда  кон бор, хазина бор, аммо ҳамма учун эмас. Хазинага эга бўлиш учун аввало олим, доно, маърифатли инсон сифатида танилишингиз керак. Сиз буни ҳам боплайсиз. Тарихнинг “Т” ҳарфини, педагогиканинг “П” ҳарфини, фалсафанинг “Ф” ҳарфини билмай туриб ҳам фан номзоди деган унвонни сотиб ола оласиз. Қайси соҳалигининг фарқи йўқ, ишқилиб бир унвон-да. Анкета варағингизга худди ёмби ёпиштирилгандай, салмоғини, салобатини қаранг. Ана энди ясаниб кийиниб, бўйинбоғни бақувватидан боғлаб, салмоқли қадам, айёр табассум билан мансаб бозорига кириб бораверинг… ҳамма бозордаги каби бу ерда ҳам даллоллар истаганингизча. Эҳтиёт бўлинг, алданиб қолишингиз ҳам мумкин…

Энди ишга ўтамиз. Ёлғонларни дўндириб, байроғига хумо қушини қўндириб олганича,  бири биридан ўзган маддоҳлари, курсиларини ўзидан ҳам ортиқ севган  додхоҳлари, лак-лак қашшоқлари билан машҳур Ўзбекистонимизнинг метин сабрига тўзим тилаб,  “бизнес”  таълим масканларидан бирида тўхтай қоламиз.

Тошкент шаҳар Сергели саноат касб-ҳунар коллежида 700 нафар ўқувчи ўқийди, 45 нафар устоз ва касб усталари таълим беради, ҳар йили 270 нафар ўқувчига касб-ҳунар эгаси деган диплом берилади. Бир қараганда катта ҳам, кичик ҳам бўлмаган бир касб-ҳунар, таълим даргоҳи, назардан четда бир соҳа, лекин ҳийла-ю найрангнинг, пулнинг кони эмиш. Айтишларича, аввалги раҳбари соддагина, меҳнаткаш, инсонпарвар, камбағал ўқувчиларга ўз ёнидан йўл кира бериб, китоб-дафтар обериб юрадиган дарвештабиат, ўз фойдасини, замонанинг зайлини билмайдиганлардан эканми, таъмагирлар ҳа деб кавлаштираверган экан, болаларнинг қўлига қараганимдан кўра кўчада такси ҳайдаганим афзал, деб эски машинасида киракашлик қилиб юрганмиш…

Хуллас, 2011 йил феврал ойида раҳбарият А.И.Холмуродов деган “олим раҳбар”ни ишга тайинлаб кетганидан кейин бошланибди ҳамма томоша… Албатта, цирк томошаси эмас.

Янги раҳбар ишга келган ҳафтаси якшанба куни ўқитувчиларнинг  дам олиш кунини бекор қилиб, мажлис чақириб, раҳбарликнинг ўзбекона моделига тақлидан, гўё бундан кейин коллежда якка ҳукмрон эканлигини намойиш этди. Ишга келганидан бошлаб ўқитувчиларни баҳона топиб ишдан бўшатиш ҳаракатига тушди. Апрел ойида Сергели ҳокимияти томонидан берилган (?) Сергели-2 даги иккита подъезднинг ремонти учун ўқитувчиларнинг ҳар биридан 10000 сўмдан пул йиғди. Олдинги директор вақтида ҳам бундай ремонтлар бўлган, лекин ўқитувчилардан пул йиғилмаган. Баҳорда меҳнат практикасига келган талабалардан ҳам пора олган. Ўша талабалардан бири, шаҳар пропискаси бўлмаган Маҳлиёни қонун-қоидага зид ўз ёнига ишга олгани, жамоада ҳар хил гап-сўзлар чиқишига ҳам сабаб бўлди.  Июн ойида коллежнинг кичик ҳудудини тозалатаман, мардикорларни 5 кун ишлатаман деб ҳар бир ўқитувчидан 15000 сўмдан пул йиғиб олди, лекин мардикорлар атиги бир кун ишлаган бўлдилар.

Асаббузар раҳбар ҳалол, камтарин ўқитувчиларнинг асабида ўйнаб, тирноқ орасидан кир қидириб, икки сўзнинг бирида ҳайфсан билан дўқ қилиб, баъзи бирларини ишдан бўшашгача олиб борди. Ва 2011 йил сентябрда бўш ўринларга ишга қабул қилинган ўқитувчилардан 400-500 доллардан пора олиб, юрагига совуқ сувни урди ҳам. Лекин  энди дамо-дам пул ундиришнинг хумори тутиши  жамоада ўқитувчи-ю, ўқувчиларга ҳам сир бўлмай қолди. Сентябрда касб соҳасини ўзгартирмоқчи бўлган ўқувчилардан шароитига қараб,  50000-100000 сўмдан пул олган. Пахта даврида эса, пахтага кетган ўқитувчиларга деб ҳар ўқитувчидан 50000 сўмдан пул йиғиб олди.

2011 ноябр ойида коллежда ўқув практикаси ўтиши керак бўлган 9 – 10- бухгалтерия гуруҳи ўқувчиларидан 50000 сўмдан пора пули олиб, амалиёт ўтказилмади. Бухгалтерия соҳасида яна бир группа очиб, ўқишга ўқувчиларни пул билан қабул қилди. Қаранг, ўқиш бошланиши билан қоровул-охрана штати бўлишига қарамай, қоровул учун деб ўқувчилардан 20000 сўмдан, коллеж фондига 10000дан, металлом учун 2000 сумдан, обуна учун 2000 сумдан, сохта  суғурта учун 1000 сўмдан пул йиғиб олди.

Пул йиғиш ишларини ўзи ишга олиб келган ҳамтовоғи Ўрол ака амалга оширади. Шунинг учун ҳам унга мастерлар ўтирадиган иккита хонани бўшатиб, алоҳида жиҳозлаб берди. Коллежнинг янги олинган автомашинасини ўз шахсий машинасига айлантириб, ўз машинасини эса коллеж устахонасига киритиб қўйган. Касаба уюшмаси деган ташкилот нима қилади, коллеж фондида ўқитувчилар учун қандай  маънавий-маиший хизматлар белгиланган, буни ҳеч ким билмайди. Ўқитувчиларнинг ҳуқуқларини оёқ ости қилиб, хоҳлаган вақтида текин ишга чақиради, мажлис қилади, соҳасига оид бўлмаган ишларни буюради. Рад қилсангиз, ҳайфсан бериш йўларини излай бошлайди. Коллеж гўё  Холмуродовнинг маҳрига тушган-у, шахсий, хусусий уйи-ю, барча ишловчилар бир текин мардикор кабидир.

Шу ўринда ўқитувчилар ўғирликдан киракашликни афзал билган олдинги раҳбар М.Р. Айтхўжаев билан бугунги “олим раҳбар”ни қиёслар экан, бошқарма бошлиқларига бу юлғичнинг қайси хислати ёқди экан, деб ҳайрон.  Олдинги раҳбар ҳар бир гуруҳни, ўқувчини танир эди, кам таъминланган оиланинг болаларини бир қарашда илғаб оларди, ҳол-аҳвол сўрарди. Директор хонаси эшиги ҳамма учун очиқ эди, ўқитувчилар хоҳлаган вақтида кириб борар, таклифи, маслаҳатини бемалол айта оларди…

Жаноб Холмуродов-чи? Келиши билан қабулхона эшиклари беркитилди, ҳатто коридордан ўтиш ман қилинган. Ўз хонасига компутер, кондиционер, званок ва бошқа воситалар, жиҳозларни ўрнатиб олиб, ичкарида ўз билганини қилиб ётибди. Бу қандай олимки, таълим-тарбия соҳасидан мутлақа беҳабар, “алиф”да шарманда, олиммас бир золим бўлса?!. Ўқув ишлари бўйича директор муовини, 60 ёшлик педагог устоз Л.Г. Воробъева дарс жараёни, тартиб-қоидаларни  тушунтириб жони ҳалак. Аммо педагогикадан мутлақо йироқ А.Ш. Холмуродов ўзига сўзсиз бўйсуниб, нотўғри ишларини маъқуллайдиганларни яхши тушунади. Холмуродовнинг фикрича, коллеж ўқувчиларини ҳам студентларни тутгандек тутиш керак (студентлигида фақат пора билан ўқиган бўлса керак-да), топширолмаганларнинг зачеткаларини йиғиб олиш керак эмиш. У худди шундай ҳам қилди. Давлат имтиҳонига қўйиш учун қарзи борлардан 200000 сўмдан, имтиҳонлардан йиқилганлардан қайта топшириш учун 25000 сўмдан, диплом учун 50000 сўмдан пора олди. Битирувчиларга дипломлар 5 июлда топширилганлигига қарамасдан, пули йўқликдан “қарзи”ни тўлолмаган ўқувчилар ҳамон дипломларини олмаганлар. Бундан ташқари коллеж штат жадвалидан жой олган “ўлик жонлар”дан қанчадан пул олаётганини ҳам ўзи билади. 

 Савол туғилади: коллеж касб-ҳунар, таълим-тарбия даргоҳими ёки (пул йиғиш) бозорми? Агар бозор бўлса олди-сотдилар ким учун? Жамоанинг кўзи қаерда? Нега юқори ташкилотларга муражаат қилишмайди?

Тўғри, аммо бунинг учун юқорининг, хеч бўлмаса,  кеча-ю, кундуз қўшиқ айтиб, ўйинга тушиш, тижорат концертларидан ортмайдиган  “эркин матбуот, ТВлар”нинг қулоғи эшитадиган, кўзи кўрадиган бўлиши керакми?

Уни шаҳар ўрта махсус таълим бошқармасининг раҳбари Иноятовнинг ўзи лутфан олиб келиб, қўйиб кетган бўлса, энди уни ким ҳам ўрнидан лутфан қўзғата олади?  Буни бизнес дейдилар. Бундай бизнеснинг моҳиятини коллеж ёки мактабларни қанчага сотиб олганлар, аҳволни эса ҳаммадан ҳам у ерда “ўқиётган” болалар яхши биладилар. Улар ҳам эрта бир кун пул топишда устозларини аро йўлда қолдириб кетсалар ажабмас. Ана шунда Ўзбекистон Президенти севиб такрорлайдиган  “фарзандларимиз биздан кўра бахтлироқ яшашга ҳақли” экани ўз исботини топган бўлади. Демак, келажак бахтлими, бахтсизми, ҳозирча бунинг аҳамияти йўқ, бизнес қиламан десангиз коллеж ёки мактаб сотиб олинг ва харажатингизни бир йилга қолмай қопланг-да, кейин капитал учун ишлайверинг…

 

Шикоятни оққа кўчирувчи

                                        Орзигул ХУДОЁРОВА

  “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими фаоли

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares