АВВАЛО, ИЧКИ ҚЎРҚУВИМИЗНИ ЕНГИШИМИЗ КЕРАККА ЎХШАЙДИ….

      “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати, ва умуман Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган мухолифат вакиллари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан бўлаётган босим, турли тазйиқ, тинимсиз таъқиб туфайли,  барчанинг юраги зириллаб қолгани  бор гап.

       Ҳатто, Конститутция талабларига амал қилиб, ўз нарозилигингни пикет ё очлик акцияси  орқали намоён этиш мақсадида маҳаллий ҳокимиятни огоҳлантирган тақдирингда ҳам МХХ ё ИИБнинг тўртта шотири келиб, тортқилаб кетади, маҳкамага элтади, бу ерда эса  отнинг калласидек жаримани гарданга қўйишга қози деганлари ҳам шай, илҳақ туради. Нега шундай? Эҳтимол, Ҳукумтанинг куч ишлатар тизимлари мухолифат вакиллари-ю ҳуқуқ ҳимоячиларини жаримага тортиш орқали кун сайин бўшаб, ҳувиллаб бораётган юрт хазинасини тўлдирмоқ исташар?  Ким билсин? Амммочи, биргина шунинг ўзи бўлса кошки эди. Жафолар бисёр-да. Мана, масалан,  битта мухолифат вакилининг ортидан учта айғоқчи юради бу элда. Гуё давлатимизда қилиниши керак бўлган ўзга муҳим бир юмуш йўқдек.

      Гоҳо маслакдошлар, сафдошлар билан суҳбатлашиб қолсак, “Биттаси кузатиб қўйди, йўлда иккинчи айғоқчига “ошириб” қўйди”, деган  мазмундаги сўзларни кўп эшитаман. Лекинчи, шахсан мен ҳечам ортимдан кузатиб юрганларини сезмадим-сезмадим-да.  Янаям аниқроғи, кўчага чиқдим дегунча, хушёрликни, синчковликни қўлдан бой бераман. Болалигимдан шундайман. Кичиклигимда кенг яйловларда мол боқиб, кун бўйи овозим борича шеър ўқирдим, қўшиқ айтардим, ё китоб ўқирдим. Ана шу нарса тарки одатга айланган. Бирор сафарага отлансам ё ҳиргойи қиламан, ё севимли шеърларимни такрорлайман, жуда бўлмаганда ўзимни ширин хаёллар оғушига отаман. Ҳеч хаёлот дунёсида юрганмисиз? Маза-да. Ҳоҳласангиз, бир зумда Президент бўлиб юрт бошқарасиз, истасангиз,  чол Ибн Ҳаттобга айланасиз. Ҳоҳласангиз, бас, очил дастурхонга эга бўласиз. Бу болалагимдаги хаёлот дунёим эди. Бугун эса истак-ҳоҳишларга қараб, хаёлот оламимнинг дунёси ҳам бутунлай ўзгарган. Айни кунлардаги ўз оламимда нуқул ЎзМТРКнинг ғайриқонуний ишларга қўл ураётган раҳбарларини жазолаганим-жазолаган. Роса хуморимдан чиқаман. Гоҳо, яхшиям ўй деган, хаёл деган нарса бор. Шу орқали одам ўзини ўзи оз бўлса-да овутади, алдайди, кўнглига таскин беради, деб шукур қиламан, хурсанд ҳам бўлиб қўяман. Эҳтимол, ҳамиша ўз хаёлот оламимнинг хўжаси бўлиб юрганлигим учун ҳам кўча-куйда мени кузатишаяптими-йўқми, билмасман, сезмасман. Ҳўш, дейман гоҳо ўзимга ўзим, сезганимда нима? Ўрта ичида ўткафак бўлганим қоладими? Ундан кура хаёлларим оламида сайру саёҳат қилиб юрганим авло  эмасми? Очиғи, мени кузатишмайди, мабодо кузатувчиларим бўлган тақдирда ҳам,  менинг гуё ўзига ўзи гапириб кетаётган одамдек шеър ўқишим, ҳаргойи қилишмни кўрганлар, мени тўғри тушинишармиди? “Вой, шўрлик Эшонқулова-ей, ЎзМТРКнинг арбоблари билан курашаман, енгаман, деб ишдан ҳайдалганлиги учун точно кришаси кетиб қопти-ку?” деган ўйда шартта бурилиб, ортига қайтиб қўйя қолишган бўлсаям ажабамас.

     Бир кун Руҳиддин Комилов билан чақчақлашиб ўтирсак, ака менга қараб:

–          Ортингиздан одамларингиз борми? Кучатувчиларингизни сўраяпман?, – деб қолдилар.

–           Эй, ака, мен кимманки, менинг ортимдан одам қўйилса. Очиғи, бирор маротаба мени зимдан кузатаётган шубҳали одамни кўрмаганман, кузим тушмаган, – дедим елка қисиб.

Шунда Руҳиддин ака менга ярми ҳазил, ярми чин  шундай дедилар тагдор оҳангда:

–          Малоҳатхон, унда бизда иккита фараз бор: Ё биз УЛАРДАНсиз, ёкуи… УЛАР сизни назар-писанд қилишмаяпти…..

–           Биринчи фаразингизни қўйингу, шу иккинчи  тахминингиз тўғрига ўхшайди-ёв. Мен хафаман ака, айнан мени назар писанд қилишмаётганларидан хафаман. Бу мен учун ҳақорат. Тўғри айтасиз, мени бир куч сифатида билганларида бир эмас, бира йўла учта соқчи қўйишган бўларди.  Бир ўзимни учта норғул кузатиб юрса, ёмонми?  Ҳукумтанинг манманлиги, менсимаслиги ортидан бир эмас, учта Давлат хизматидаги одамнинг оиласини ойлаб боқиш бахтидан мусавво бўлаяпман-да, ака, ана шундан хафаман. Агар менга бир-иккита айғоқчи қўйиб қўйилганида, ҳеч бўлмаса, иккита Ўзбекистон фуқаросининг оиласига нафим тегарди. Улар бу хизматига ойлик олишар, бу орқали кимларгадир кўмак берган бўлардим. Ҳатто шундай бахтдан ҳам маҳрум қилишади-я мени, – жавоб қилдим мен ҳам кулгуга олиб…

Бу шунчаки, ҳазил эди, албатта. Бироқ, бир нраса, барча мухолифатчиларнинг ортидан айғоқчи қўйлиганлиги, телефон сўзлашувлари тинимсиз эшитилиб борилиши ҳақиқат.

       Балки шундандир, бундоқ қарасам, аксарият мухолифат вакиллари айнан мана шу каби кузатувлару эшитувлардан юрак олдириб қўйишган…

       Меҳр кўзда дейишади. Шу Муқаддас ой, улуғ айём кунларида  биродарларимизга бир ифторлик берсак, шу баҳона дийдорлашсак. Икки-уч оғиз у ёқ-бу ёқдан ҳасратлашсак, зора кўнгилларнинг чигили ёзилса, деган муддаода эдик. Ва яна Ҳориждаги мухолифат вакиллари-ю ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳоли, аниқроғи, ўзоро муносабатлари ўзингизга аён. Биз, Ўзбекистон ичида баҳоли қудрат қимирлаб турган мухолифатчилар, ҳуқуқ ҳимсоячилари бундай қусурдан ҳоли  бўлишни жуда-жуда истардим.  Киши “Бирлик”,“Бирдамлик”  ва ё “Эрк” номи остида ҳаракат қиладими, ва ё ҳуқуқ ҳимоячиси бўладими, назаримда, барчасининг муддаоси бир, кўзлаган мақсади битта, деҳқонча қилиб айтганда,  шу элнинг, шу миллатнинг, ўзбекнинг бахтини кўриш. Ана энди ўртадаги тафоввут ана шу мақсадга эришиш учун қай йўлдан боришларида.  Кимдир ўз мақсадига тўғридан бормоқ истаса, яна  кимдир йўлни кесиб ўтгиси келади. Бошқа биров айланиб ўтишни лозим топади. Қайсидир биродаримизга ўз мақсадининг рухсорини кўришлик учун орқа томондан келмоқлик маъқул кўринади. Аммо тушунишимиз шунчалар мушкилмидики, асл муддао бир, мақсадлар муштарак-ку….  Хуллас, Ўзбекистон ичидаги мухолифат вакиллари-ю ҳуқуқ ҳимоячилари ўртасида илиқ бир атмосферани вужудга келтиришга интилиш илинжида ҳам мен “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси сифатида ифторликга нафақат “Бирдамлик” жонкуярларини, балки барча мухолифат ва турли ҳуқуқни ҳимоя қилиш  ташкилотларидан ҳам вакиллар таклиф этгандим. Таклиф қилинганлар орасида собиқ “Эрк”чилар, “Бирлик”чилар, “Бирдамлик”чилар ҳам бор эди. Истагим, барчамиз, бир байроқ остида бирлашсак, дейман. Чунки, болалигимизда боболаримиздан ҳам кўп эшитганмиз, китобларда ҳам кўп ўқиганмиз: бир отахон уч ўғлини чақириб, уларнинг қўлига синдириш учун биргина сўпни тутқазади. Якка чўпни осонгина иккига бўлган йигитлар куч-қудратидан фахрланадилар. Шунда отахон фарзандларига бир даста чўпни синдиришни буюради. Бироқ бу гал уч ўғилга бир даста чўпни осонгина синдириш мушкуллик қилади…. Бекорга халқимиз “Якка отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас”, “Айрилганни айиқ ер, бўлинганни бўри ер” демайди. Жой-жойларда, чекка-хилватларда мухолифат фаолларига, ҳуқуқ ҳимоячиларига бўлаётган тажоввужларнинг, жонига қасд этишларнинг асл ўзаги ҳам мана шу ерда, бирлаша олмаслигимизда, бир ёқадар бош чиқара олмаслигимизда эмасмикин, деб ўйлаб қоламан гоҳо. Аҳвол шу зайилда давом этаверса, асосий кураш уклонимиз, бош мақсадимиз бир четда қолиб, “гадонинг душмани гадо бўлади” деганларидек, бир-бириммизга менсимаслик назари билан қарашни йигиштирмасак, нописандлик билан муносабатда бўлсак, ўзимиздан ўзгани тан олмасак, тан ола билмасак, “Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил” деганларидек, ўзгаларнинг хатолари, камчилигу нуқсонлари, барча ютуғу зафарлари билан бирга қабул қилмасак, қабул қилишни истамасак, мендан зўри йўқ, дея Абдулла Қаххор айтган синчалакдек, ёлғиз ўзим осмонни ушлаб турибман, деган хом хаёллардан, телба манманликдан ҳалос бўлмасак, бўлаолмасак, эртага тажоввузларнинг савуқ оқими келиб сизу бизнинг бошимизга ҳам дўл бўлиб, довул бўлиб ёғмасай-ди деган ҳадикдаман. Мана, мен нима учун ифторликка турли ташкилотлардан меҳмонларни таклиф қилгандим?

        Бироқ, чучварани хом санаган эканман, чоғи, ифторликка мен кутган одамлар қадам ранжида қилишмади.

         “Бирдамлик” ҳалқ демократик ҳаракатининг Ўзбекистон вилоятларида фаолият олиб бораётган етакчилари, “Ташаббускор аёёллар гуруҳи” фаоллари, матбуот котиблари, “Ёшлар гуруҳи” етакчиларига келадиган бўлсак, ифторлик баҳона яна Тошкентда бир балони бошламоқчимисанлар, деган иддао билан куч ишлатар тизимларнинг маҳаллий вакиллари уларга давомли тазйиқлар, таъқибларни авж олдирди. Таниқли ва ҳурматли ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаеванинг сайтларни бирида “7 августь куни 100 кишилик  норозилик митинги уюштирамиз” деган мазмундаги хабари эса, дард устига чипқон бўлди. Тасодиф эдими бу, билмадим, эҳтимол,мутлақо ўзгача бир изоҳ керакдир бу ҳолатга, ҳартугул,  биз айнан ифторликни рўзанинг илк кунларидаёқ 7 августь куни ўтказишни режалаштириб, бор тараддудни кўриб бўлгандик. Елена опамларнинг эълонлари сабаб, бирорта бир сафдошимизнинг ноҳақдан бурни қонаб қолмасин, деган андишада, минг бир истеъҳола билан ифторлик кунини кейинга қолдиришга мажбур бўлгандик. 10 август куни танланди, тайинланди. Буни қарангки, Е. Урлаева 10 августдан икки-уч кун олдин “100 кишилик митингимиз қолдирилди” деган маънода яна овоза қилиб ўтирибдиларда. Фикру ожизимча, худди мана шу нарса ҳукуматни саросимага солиб қўйди. Е. Урлаева билан “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг опа-ука эканлигидан куч ишлатар тизимлар бехабар дейсзими? Албатта, бохабар. Жойлардаги АКАхонлар етакчиларимизни чорлаб, “Санлар ифторлик баҳона 100 кишилик митинда қатнашиш учну ҳозирлик кўрмоқдасанлар. Шунинг учун ҳам Тошкентга отлангансанлар” деган иддаоларини илгари сура бошладилар, ва оқибатда  ифторлик дастурхонига йиғилиши керак бўлган “Бирдамлик”чиларнинг ҳам йўлларига ошиб-ўтиб бўлмайдиган тўсиқлар қўйилди….

…. Йўқ, мен бир нарсани тушунмайман. Алҳамдуллоҳ, барчамиз мусулмонмиз. Шу Муқаддас ойда, рўзанинг муборак кунларида, улуғ айём олди маслакдошлар билан бир дастурхон устида оғиз очишни, ифторлик қилишни ният қилдик. Бирга-бирга Тароба номозини ўқишликни, саждага жамоа билан бирга бош қўйишликни дилдан истадик. Хўш, бунинг нимаси ёмон эка? Агар Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимида ишлаётган хизматчилар ҳам мусулмон бўлсалар, бир нарсани англашлари лозим эди:  Рамазон ойида дунё мусилмонлари қатори Ўзбекистонлик ўзбеклар ҳам Аллоҳ йўлида ёзнинг жазирамасида ўз нафсларини тийишни ихтиёр этдилар. Ва бунга муваффақ ҳам бўлдилар. Ана, энди айтингчи, улуғ айём кунларида Яратган йўлида ўз нафсини жиловлаб, рўза тутишга қодир бўлган мусулмонлар ҳаётнинг бошқа жабҳаларидан, ўзга неъматларидан, турли йўллардан, турфа ишлардан ўзларини бир ойга тутиб тура олишолмайди, деб ўйлайсизми?   Бир муслима сифатида, шахсан мен рўзанинг муборак кунларида ҳар бир мўминнинг, ҳар бир мусулмоннинг фикру ёди, бор хаёли бандалик фарзларини шараф билан адо этишликка қаратилган эди, деб ўйлайман.  Норозилк пикети, митинг, очлик акцияси, қўйингчи, намойишлар ўтказиш учун эса Худонинг куни кўп, биз бунинг учун энг қулай фурсат деб Рўза ойини эмас,  мутлақо бошқа бир кунни белгилаган бўлардик. Куч ишлатар тизимлари худди ана шу нарсани яхши билишлари, ақлларини ишлатишлари лозим эди. Бироқ, улар “Бирдамлик”чиларнинг ифторликка келишларига тўсқинлик қилишдан тоймадилар, уялмадилар.   Оқибатда, ифторлик дастурхони атрофида,  афсуски, биз дийдорлашишни истаган, биз таклиф қилган биродарларимиз, фаолларимизнинг барчаси тўпланишмади, тўплана олишмади.

         Мени бундан-да қаттиқроқ изтиробга солган нарса шу бўлдики, гарчи  Тошкентда истиқомат қилаётган турли мухолифат вакилларини, ҳуқуқ ҳимоячиларини биродарлик дастурхонига таклиф этган бўлишимга қарамасдан, мен дўстлик қўлини чўзишни истаган инсонлар ҳам тадбиримизга ташриф буюриб, биздек бир мусулмоннинг кўнглини хуррам айлашни ихтиёр этмадилар…. 

          Донишмандларнинг бир лутфи бор: “Дунёда ёмон одам бўлмайди. Инсонлар хусусида ёмон фикрлар бўлади холос…”. Ва яна айтишадики, кишилар ўртасидаги жамики кўнгилсизликларнинг дояси – бу – тушунмовчилик.  Ҳа, айнан одамлар ўртасидаги ўзоро тушунмовчилик…. Шу сабаб ҳам мен имкон қадар атрофимдаги одамлар хусусида ёмон фикрга бормасликка, уларни нотўғри тушунмасликка интиламан, гарчи мушкул бўлса-да, шундай қилишга уриниб яшайман…. Агарда, мен “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракатининг ифторлигига таклиф қилган турли мухолифат вакиллари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти фаоллари мени тўғри қабул қилишмаган бўлиса, минг бор узр сўрайман…

          Шусиз ҳам, бизнинг рақибларимиз етарли, ниҳоятда кучли, қудратли. Шу боис ўзоро дўстлашиш, яқинлашиш мақсадидаги уринишларим амалга ошмай қолганидан афсусдаман… Зеро, ифторликда учрашмоқлик, бу ҳали бирлашмоқлик дегани ҳам эмасди. Шунчаки, биродарлик томон бир қадам ташлаш бўлармиди, дегандим-да.

           Бироқ, кўнгилларни аллаловчи, таскин берувчи ҳолат ҳам йўқ эмас.  “Бирдамлик”нинг ифторлик дастурхонига очиқ юз, тоза дил билан нафақат ўзгаларни, энг аввало, ўзини ҳурмат қилувчи дўстларимиз тўпланишди. Тадбиримизга файз бағишлашди.

            Ҳеч бир ифторликда кишилар тароба номозини ўқиб бўлгач, узоқ ўтиришганини кўрганмисиз? Йўқ, дарҳол уйларига ошиқишган. Шуни ифтихор, қувонч билан айтишим мумкинки, ифторликдаги сафимиз озгина, аммо созгина бўлди. То тунги соат 24.00 га қадар меҳмонларимиз бир-бирларининг суҳбатларига, дийдорларига тўйишган эмас.  Фақат тунги соат 1.00 дан кейингина оҳиста тарқалишдик. Ифтолик тадбири ниоятда файзли ўтди.

              Аммо сўзим сўнгида айтмоқчи бўлган гапим бу мазмундаги иборалар эмас, мутлақо ўзгача.  Ифторликни ташкил қилаётган кунларимда бир эмас уч нафар мухолифат оқсоқоллари менга қўнғироқ қилишди. “Малоҳатхон, ҳали бошингиз деворга урилмаган. Тошга тегмаган. Тажрибасизлигингиз туфайли, фаолларнинг ҳаётини хатарга қўйиб нима қиласиз? Ифторлик ташкил қилиш шунчалар шартми? Мана, бизни айтди дерсиз, ифторлик куни кечаси Ҳукуматнинг қора ниқоб таққан қароқчилари барчангизни битта машинага босиб, судга обориб жарима солишади, қамаб қўйишади. Сизга ишониб ифторликка келган меҳмонларнинг хафсизлиги мезбоннинг, сизнинг зиммангизда эмасми? Уларнинг уволига қоласиз ҳали!” дея юраккинамни қоқ ёриб қўлимга беришди. Кўнгилсизликни ким ҳам истарди дейсиз? Улар тўғри айтишади, ҳақиқатдан ҳам меҳмонларимнинг ҳотиржамлиги менинг гарданимда. “Эй, Худо, ўзинг шарманда қилма!” дея то ифторлик охир бўлгунга қадар юрак ҳовучлаб ўтирдим. Ўзимдан эмас, менга ишониб ифторликка келган маслакдошларимнинг хаётидан кўпроқ ташвишда эдим. Шукурки, барчаси кўнгилдагидек, тинч, белғалва, ниҳоятда чиройли ўтди.

          Қиссадан ҳисса шуки,  қай бир мухолифат номи остида ҳаракат қилмайлик, биз энг аввало, ўз ички қўрқувимизни енгишимиз, енга олишимиз керак экан. Токи ўз ички қўрқувимизни енгишга қурбимиз етмас экан, зўравон Ҳукуматни ҳач қандай йўл  билан, бирор бир усул билан енгишимиз, енга олишимиз душвор….. Буни орзу қилишга эрта, жуда, жудаям  эрта….

 

                     Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares