Бугун “Озодлик” сайтини кузатарканман, “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати етакчиси Гулҳаё Бобожонованинг қамалишига оид репортаж матнини ўқиб, сафдошимизнинг оналари Марҳаматхон Ҳакимованинг “Озодлик” радиосига берган интервьюси мазмуни эътиборимни тортди: “- Биз ҳам аниғини билмаяпмиз… Куёвим Ҳабибулло маҳалла участковойидан сўраса, Гулҳаё бошқа маҳалла участковойини ҳақорат қилганмиш, деган гапни айтибди. Беш сутка бериб юборишибди. Куёвим борса, суднинг қарорини ҳам беришмабди. Ўзимиз ҳам аниғини ҳали билмаймиз,” дейдиларМарҳаматхон ая ўз интервьюсида.
Гулҳаё маҳалла учатсковойини ҳақорат қилганмиш… Беш сутка бериб юборишибди… Бу гап қаердан чиқди? Кеча тун бўйи етакчимизнинг турмуш ўртоғи Ҳабибулло ака билан ҳам, ота-онаси билан ҳам тинимсиз қўнғироқлашиб турган бўлсам. Тунда бундай мазмундаги гап йўқ эди-ку? Интервью мазмунидан ажабланиб, дарҳол Марҳамтахон ая билан боғландим.
– Ая, интервьюнгиз манзмуни билан танишгандим. Гулҳаё участка нозирини ҳақоратлаганлиги учун қамалибди, деган гапни қаердан пайдо бўлди? Кеча воқелар тафсилоти бошқача эди-ку?, – дедим ҳайронлигимни яширмай.
-Менам билмайман қизим. Ҳали Ҳабибуллажон, куёвим қўнғироқ қилиб, шу гапни топиб келиб қолди. Учаткавой куёвимга шундай деганмиш. Ҳабибулло билан боғлансангиз бўларкан, – дедилар она маҳзун оҳангда.
Суҳбатдошим билан гапни қисқа қилиб, Ҳабибулло аканинг телефон рақамини тердим:
– Ҳабибулло ака, хафа бўлмай ўтирибсизми? Бугун қайнонангиз берган интервьюсидан ҳайронлигим ошиб, безовта қилаётгандим. Кеча менга айтган гапларингиз ёдингиздами?
“-Опа, ҳозиргина Гулҳаё менга қўнғироқ қилди. “Мени Фарғона шаҳар судида суд қилишди. Энди суд қарорига асосан мени 5 сутка қамашмоқчи. Уйимга бориб, уст-бошимни олиб келай десам, қўйишмаяпти. Отамга алоқадор ишларга бош қўшганим, улар тўғрисида куни кеча мақола тарқатганлигим учун қамашаяпти экан мени” деди хотиним йиғи аралаш” демаганмидингиз? Бугун эса “ Гулҳаё участкавойни ҳақорат қилганлиги учун қамалибди” деган янгилик? Тушунмадим?, – десам:
-Опа, кеча тунда мен Гулҳаёни қидириб Қува туман Ички ишлар бўлимига борсам, хотинимни у ерга олиб бориб жойлаштирган участкавой тунги соат 1.00 лардан ўтганда уйга келган экан. Ишхонасининг калити Гулҳаёнинг ёнида юрган экан. У “Қамалиб қолсам, эртага ҳамкасбларим қандай ишхонага киришади, уйга элтиб беринг” деб илтимос қилиб, участкавойдан бериб юборибди. Учатска нозири ўша калитни келтириб, ўғлимнинг қўлига тутқазибди.
Кейин: “Аянг ишхонасининг калитини бериб юборганди. Эртага элтиб берарсан. Агар ҳамкасблари ё қўни-қўшнилардан бирортаси аянгни сўрашса, қамалиб қолди деб ўтирманглар. Тоби қочиб қолди, касалхонада ётибди деб қўя қолинглар. Гап қўмаймасин” деб фарзандларимга тайинлаб ҳам кетибди.
Эртасига тушликка қадар мен ўша участка нозирини излаб топдим. Хотиним ўзи нима учун қамалган? Суд қарорини берингчи, деб сўрагандим, бермади. Фақат у менга “Гулҳаё Бобожонова қўшни таянч пункити участка нозирини ҳақорат қилишда айбланиб судланди, шунинг учун унга қамоқ жазоси тайинланган” деб айтди, холос. Лекин, тўғри айтасиз, то шу кунгача бунақа гап йўқ эди, участка нозирининг гапи бу. Аммо мен суд қарорини ўқиб кўрмадим. Шунинг учун аниқ бир гап айтолмайман. Гулҳаёни аслида нима учун қамашганлари номаълум, – деди Ҳабибулло ака ташвиш чекиб.
Ҳабибулло аканинг сўзларини эшитгач, ўйланиб қолдим: нима эмиш? Учаткавойни ҳақоратлаганлиги учун қамалганмиш? Ҳой, биродарлар, мен осомондан тушганим йўқ. 45 ёшимни шу ерда – Ўзбекистонда яшаганман, яшаяпман ҳам. Қаро сочларга шу ерда оқ оралади-ку? Юртимдаги ҳолатдан беш қўлдек бохабарман. Лоф бўлмаса, биқинимиздаги Фарҳод бозорига бир кунда уч бор тушаман. Расталар қолиб, бозорга олиб борувчи йўлаклар мол-маҳсулотларга тўлиб-тошиб кетган.
Пистафурушам шу ерда, попиросфуруш ҳам шу ерда. Пойабзал дейсизми, пашша қирадиган “қурол” дейсизми, аёлларнинг “нозик” буюмлари-ю “шайтон иштони”гача шу ерда. Сотувчи аёллар шундоққина ерга “молтопар дастурхон”ини ёзиб, савдога киришишган. Ёз меваларини-ку, гапирмай қўя қолай.
Қовун тарвуздан тортиб, норин, хониму ҳандалаккача шу ердан топасиз. “Кеп қолинг, кеп қолинг. Молнинг арзони шу ерда” дея “дод”лаб сотишади. Савдо энди авж пардасига етганида “савдогар”лар тили билан айтганда, узун қаро таёғини нуқтаб “нонхўрлар” пайдо бўлади.
“Текинтамоқ” деганлари шу ўзимизнинг милисалар бўлади, агар билсангиз: “Кўтар, йиғиштир лаш-лушингни?! Йўқса участкага обкетаман, кунингни кўрсатаман?!” дейди, дағдаға қилади. Тўрт танга қистирмагунингизга қадар тинчимайди. Бозор кўрган хотинлар ҳам бўш келай демайди: “ Иш тўлмаса, нима қил дейсанлар?! Бола-чақа боқишга қўясанларми йўқми? Ё боламни боқиб берасанларми? Оғзига бир бурда нон тутасанларми?” дейишади. Шанғиллашади. Ана ундан кейин кўринг тўс-тўлалонни? Милисаларнинг бири пистафурушнинг тўрвасини отқилаб, ризқини сочиб юборса, бошқаси челакдаги узумни чаппа қилади.
Яна бири буюмларга чанг солса, бири кўкатларни улоқтиради. Формалиларнинг новчароғи эса кийим-кечакларга чанг солади. Бозорчи хотинлар қараб туради дейсизми? Тўрттаси бир бўлволиб зўравон милисанинг ёқасига ёпишади. Бошига мушт туширгани қайси, погонини юлиб отгани қайси. Ур-йиқит бошланиб кетади…. Бу манзара кунда бир бор такрорланади десам, ёлғон бўлмас-ов. Энг қизиғи, милисага мушт тушурган бозорчи опалар эртаси куни қарасангиз, яна ҳеч нарса кўрмагандек молининг бошида туришади: “Кеп қолинг, арзон бўп кетди. Олиб қолинг, текин бўп кетди-иии!!!”.
Мабодо, милисани сўккани учун эмас, тепгани учун Ўзбекистонда аёл киши қамалиши керак бўлса, Фарҳод бозорида сотувчи аёллар биттаям қолмаган, бозор молсиз ҳувиллаб қолган бўларди-ку?! Бу ёғи қизиқ бўлди-ю?
Пойхатнинг милисалари ўз ҳуқуқини билмас, “ҳужумкор” бозорчи хотинларни судга бермас экану, Фарғонинг ИИБчилари намунча ҳуқуқшунос бўлишмаса? Бир ҳақоратли калима дедими, демадими, хотин кишининг устидан қозига арз қилмаса?! Сиз ишонасизми шу эртакка? Эҳтимол, океан ортида ва ё Европа оламида туғилиб ўсган фуқаро инониши мумкиндир, бироқ, Ўзбекистон аҳолисини ишонтириб бўпсиз!
Чўпчак тўқишнинг ҳам чеки, чегараси бўлиши керак-да, ахир. Мен Гулҳаёни танимасам, билмасам, гаплашмаган бўлсам экан? Домла Эргаш Бобожонов зурриёдини ўта баодоб, хушфеъл, оғир-босиқ, сбар-бардошли, қаноатли қилиб вояга етказганига шубҳа йўқ. Гулҳаёнинг хушфеъллигига ман, мен гувоҳ-у. Умуман олганда, Фарғона аёлларининг барчаси ҳам шаддод, аммо ўта ширин сухан бўлишини барчамиз биламиз-ку? Аслида, бир нарса, Гулҳаё отаси изидан одим отаётганлиги, мухолифатга аъзо бўлганлиги маҳаллий ҳокимият вакилларини саросимага солиб қўйгани чин. Бобожонова ўз мақолалари билан қай бир амалдорнинг “думини босиб” қўйгани ҳақиқат.
Маҳаллий тўралар “қулоқсиз”, “қайсар” бу қизнинг жиловини тортиб қўйиш истагида ўт бўлиб, аланга бўлиб ёнаётгани рост. Фарғонадан яна битта Муътабар Тожибоева пайдо бўлаётгани ҲОЖАларнинг ҳиқилдоғига келгани чин. Шу сабаб ҳам маҳаллий амалдорлар адолат истаган қизни тузоққа тушириш учун тўр тўқий бошлаганлари ҳам ёлғон эмас. То шу кунга қадар Гулҳаё ва унинг турмуш ўртоғига нисбатан зуғум ўтказилганлиги ҳам бор гап. Маҳаллий ҳокимия ҳоқонларининг кирдикорларини оммага ошкор қилаётган Гулҳаёнинг ҳуқуқлари айнан қонун идоралари ходимлари томонидан оёқ ости этилганлиги ҳам ҳақ гап.
Хўш, шунча гаплардан кейин Ҳукумат нима десин? Ҳақиқат деб ҳайқирган аёлнинг ҳалқумидан олдик десинми? Йўқ-да. Бу гап орсиз одамларга ор-да! Энди арбоблар Гулҳаёнинг қамалиш сценарийсини бошқачароқ қилиб, ўзларига гап тегмайдиган, сув юқмайдиган қилиб, мосла-а-а-а-аб, бопла-а-а-а-б ёзишади. Мана, ҳали мени айтди дерсиз, “Участкавойни ҳақорат қилган” деган айбни Бобожновага туфлаб ёпиштиришади.
О, ҳали кўрасиз, ҳукуматнинг хизматдаги одамини – ички ишлар формасини энгнига илган “авлиё”ни “обориб-обкелган” деган мазмундаги “задный число” билан тўлдирилган “далолатнома”лар пайдо бўлади ҳали. Гувоҳлар ҳам текин топилади.Мана, кўрасиз. Ҳа, нима қилишсин? Мухолифат аъзоси деб айб қўйишолмайди-ку, ахир.
Шундай бўлгач, “ахлоқсиз, тарбиясиз, одоб нормаларини, жамоат тартибини бузган” деган айбловни осиб, шунинг баҳонасида беш сутка бериб, қўрқитиб қўйишни исташади-да. Лекин, барибир Гулҳаё Бобожонова бу гал Ҳукуматнинг қутқусидан осон қутилибди деб ўйлаб қоламан баъзан. Ҳа, нима, биздаги ёзилмаган қоидани билмайсизми? Биласи-и-из? Бизда мухолифатга “ўралашиб” қолган йигитларнинг уйи ё чўнтагидан гиёйванд модда топлиган ҳамиша.
Мухолифат кўчасига қадам қўйган аёллар эса “психушка”ни зиёрат қилшади, одатда. Ёхуд лип этиб “варақа” чиқиб қолади! Юқоридагиларни инобатга оладиган бўлсак, учаткавойни ҳақорат қилиш айблови “наркофурушлик” балосидан ва ё жиннихонага тиқиштиришларидан авлороқ-ку, шундай эмасми?
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси