
Гулҳаё Бобожонова чоп этилган ўз мақоласида “Отам Эргаш Бобожоновга нисбатан очилган маъмурий иш юзасидан суд иши 6 августь куни соат 10.00 да Қўштепа туман суди судьяси раислигида Тошлоқ туман маҳкамаси биносида ўтказилиши режалаштирилди.”, дея таъкидлаб ўтган эди. Гарчи белгиланган соатда Эргаш ота ҳам, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам суд биносида ҳозиру нозир бўлишларига қарамасдан, беморни 4 нафар участка нозирининг кучи билан мажбурий тарзда судга келтириб, маҳкамага тортишга ошиққан шаввозлар – қозилар номаълум сабабларга кўра ўша куни суд мажлисини қолдиришди.
Бунга нима сабаб бўлди? Наҳотки, Гулҳаё томонидан эълон қилинган маъқола боис бўлса, деб таажжубланган эдик. Гумонимиз бежиз эмас экан. Ўша дамда Фарғона влиоятининг маҳаллий ҳокимияти, суд-прокуратура идораси ходимлари кексариб қолган Эргаш отадан олдинроқ унинг “тили чиқиб” қолган қизи Гулҳаёнинг “оғзини ёпиш” режасини тузишга киришиб кетганлиги кимнинг ҳам ҳаёлига келибди дейсиз?
Ниҳоят, бугун – 8 августь – чоршанба куни Фарғона вилоят маҳаллий ҳокимияти ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўз мақсадларини амалга оширишга муваффақ бўлдилар.
Аввалига, кундуз куни соат 11.00 ларда ички ишлар формасидаги ходимлар Гулҳаё ишлаётган маҳалла фуқаролар йиғинига бостириб келиб, “Отанг билан онангни топиб бер. Уларни бугуноқ суд қилишимиз керак. Улар қочиб юрган кўринади, топа олмаяпмиз!” деган дўқ-пўписалар билан мухолифат вакили билан юзланадилар.
“Мен Фарғона шаҳрида бўлсам, ота-онам Тошлоқ туманида бўлса, уларнинг айни дамда қаерда эканлигини билармидим? Қолаверса, мен ҳозир ишдаман. Иш соатида иш жойимни ташлаб кета олмайман. Ота-онамни судга етказиш сизларнинг вазифангиз бўлса, нега энди сизлар учун мен жавоб беришим керак?”, деди Гулҳаё лол бўлиб.
Ушбу воқеани кундуз куни айнан шу соатнинг ўзидаёқ Гулҳаё менга телефон орқали маълум қилганди. Кейин у “Яна бир-иккита қайноқ хабарларим бор, эл. почтангиз ўчиб кетибди. Мен ҳозир интернет кафедаман. Илтимос, эл. манзилингизни қайта телефон орқали хабар тариқасида жўнатсангиз. Хабар юборардим” деди. Гулҳаёга такроран эл. манзилимни йўлладим.
Мана, ҳозиргина кўрдим, Гулҳаё отаси Эргаш Бобожоновга оид суд ишининг қолдирилиш сабабларининг мавҳумлигига оид бир хабар жўнатган экан. Ҳали унинг хабарини очиб ўқимасимданоқ, кеч соат тахминан 21.00 ларга яқин Гулҳаёнинг турмуш ўртоғи Ҳабубулло ака сим қоқдилар. у кишининг овоз оҳанги ташвишли эди:
-Опа, ҳозиргина Гулҳаё менга қўнғироқ қилди. “Мени Фарғона шаҳар судида суд қилишди. Энди суд қарорига асосан мени 5 сутка қамашмоқчи. Уйимга бориб, уст-бошимни олиб келай десам, қўйишмаяпти. Отамга алоқадор ишларга бош қўшганим,
улар тўғрисида куни кеча мақола тарқатганлигим учун қамашаяпти экан мени” деди хотиним йиғи аралаш.
Кейин унинг қўлидан телефонни олиб қўйишди. Телефони ўчирилди. Энди қайта-қайта қўнғироқ қилиб, Гулҳаёга туша олмаяпман. Нима қиламан энди? У қаерда, кимларнинг қўлида? Уни энди қаердан топаман? Миллий хавфсизлик хизматидан қидирсаммикин, ё туман Ички ишлар бўлимига борсаммикин? Ҳозир участка нозирига чиқиб келдим, у ҳам хонасида йўқ экан. Хавотирдаман. Бошим қотиб қолди, – деди Ҳабубилла ака минг бир хавотир билан.
Шу ондаёқ Гулҳаёнинг онаси Мархаматхон ая билан боғландим. МТС алоқа компаниясининг ёпилиши муносабати билан барчанинг телефон рақамлари ўзгарган. Шу сабаб, ая ҳам менга юз бор қўнғироқ қилиб, туша олмай жони халак бўлиб турган экан.
– Тинчликми, ая? Ҳозиргина куёвингиз Ҳабубулло акадан эшитдим? Бу борада сиз бирор нарсани биласизми?, – сўрадим Марҳаматхон аядан. Кўнгил сўрашимни кутиб тургандек, ая йиғига тушди:
– Ҳеч нарсадан хабарим йўқ, қизим, менинг қон босимим кўтарилиб, касалхонада ётгандим. Сиз каби бўлган воқеани куёвимдан эшитдим. Энди, мана, касалхонадан чиқиб, қизимни қидиришга кетаяпман, – дедилар ая йиғи аралаш.
– Хавотир олманг, ҳаммаси яхши бўлади. Куёвингизни айтишларича 5 суткага қамашаётган эмиш. Бундай ноқонуний ҳаракатнинг тагига, албатта, етамиз, – дедим бағри ўртанаётган онага қандай тасалли беришни билмай коловланиб.
Орадан бир соатлар ўтгач, Гулҳаёнинг турмуш ўртоғи қайта қўнғироқ қилди:
– Мен ҳозир йўлдаман. Шаҳар ички ишлар бўлимига бораяпман. Зора Гулҳаёдан бирор хабар топсам, – деди хафаҳол.
Хаёлим минг бир кўчага кириб чиқди. Маслакдошлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, таниш адвокатлар билан боғланишга, тегишли маслаҳатлар олишга уриндим. Телефоним ҳам деярли тиним билмади. “Фарғона, қайдасан?!” дея йўлга чиқиб, водийга жўнамоқчи ҳам бўлгандим. Аммо “Ғафлатда қолиб бир қизимизнинг қонунбузарлар чангалига қандай тушганини билмай қолдик. Бугун кеч бўлди.
Аёл кишининг тунда ёлғиз юрмагани яхши. Кейин, иккинчи бир қизимидан ҳам хавотир олиб ҳалак бўлмайлик” дедилар тунги соат 23.00 ларда қўнғироқ қилган Эргаш ота Бобожонов:
-Гулҳаёнинг тўсатдан йўқолиб қолишига, МХХ ва ИИБ ходимлари қўлида тутқинликда қолишига сабаблар бисёр. Шуни аниқ биламанки, Фарғона вилоятининг халқи томонидан сайлаб қўйилган 3-4 нафар депутат, халқ вакиллари қўли билан ўз сайловчиси – қизим Гулҳаё қамалиб қолмоқда.
Улардан бири Тошлоқ туман ҳокими, Фарғона вилоят депутати Халил Умаров, Фарғона вилоят лебирал демократик партияси раиси – депутат Камол Раҳматуллаев, ўзимизнинг Ақшай қишлоқ фуқаролар йиғини раиси – Тошлоқ туман депутати Адҳам Юнусов ва ушбу жиноий тўданинг тепасида турган – Фарғона вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи, сенат аъзоси Шуҳрат Ғаниевлардир. Мен ушбу маҳаллий тўраларнинг жиноий ишларини очиб ташловчи 50 дан ортиқ шикоят аризалар ёзганман.
Мана, масалан: Қува, Ёзёвон, Тошлоқ – мана шу уч туманда колхоз ва ширкат хўжаликларига барҳам бериш баҳонасида 15 минг бош қора мол, 30 мингдан ортиқ қўй-эчкилар талон-тарож қилинганки, мен бу маҳаллий корчолонлардан ушбу халқ мулкини қайта ўз жойига қўйиб-қўйишларини талаб қилиб келмоқдаман. Бу ҳолат уларга ёқармиди? Маҳаллий амалдорлар ўз чўнтакларига урган минг-минглаб чорвадан тушган сармоянинг ҳисобидан ўз кирдикорларини ҳаспушлаб, ўша харом маблағни менга қарши қурол сифатида ишлатишмоқда. Аниқроғи, кетларини ёпиш йўлида сарфлашмоқда, шу пулларнинг кучи билан қонун идоралари кўмагида менга, оиламга ва болаларимга босим ўтказишмоқда, йўқ жойдан айб ёпиштиришга уринишмоқда.
Эҳ-ҳҳҳ, буларнинг жиноятларини гапираман десангиз, гап кўп. Мана, масалан, бир қизим вафот этгач, унинг фарзанди Шохсанам Бобожонова етим қолиб кетганди. Набирамни ўзим вояга етказдим. 2009 йилда Шоҳсанам Фарғона вилоят педагогика колледжига ўқишга кирганди. Биласиз, пахта мавсумида коллеж ўқувчиси тугул юргакдаги болани ҳам далага ҳайдашади.
Хуллас, етимга кун йўқ экан-да. Набирам Шохсанам пахта йиғим-теримидан колонна билан қайтаётиб, йўлда бортовой машинадан орқа мияси билан асфальтга йиқилган. Ойлаб хушига келаолмасдан ётди. Шукур, ҳозир яхши-ю, аммо жароҳатларининг асорати қолган. Йилда икки-уч бор даволанмаса, бўлмайди. Гулдек набирам ногиронга айланиб қолди. Бунга мен кўнармидим, чидармидим? Набирамни шу куйга солганларни жазолашларини сўраб, ҳайдовчини топишларини талаб қилиб ёзмаган жойим, бормаган идорам, кирмаган гўрим қолмади.
Аммо вилоятдаги тўралар набирам билан боғлиқ бу фожиани босди-босди қилиб юборишди. Мана, ҳали ҳануз ҳатто ҳайдовчи ҳам топилмаган. Негалигини биласизми? Чунки Шоҳсанам билан боғлиқ фожиа болаларни мажбурий меҳнатга жалб этиш масаласи билан боғлиқ-да. Мана, нимадан қўрқишади улар?! Мактаб ва колледж ўқувчиларини пахта йиғим-теримига мажбурий жалб этганликлари овоза бўлишидан, ошкор этилишидан ҳайиқишади.
Шунинг учун ҳам набирам билан боғлиқ оғриқни ҳаспўшлаш билан овора. Улар буни ёпди-ёпди қилишдан чарчамайди, мен эса бу масалани кўтаришдан, шикоят ариза ёзишдан тўхтамайман… Мисол тариқасида айтиб ўтаётган ушбу фактларим, юқорида тилга олинган амалдорларнинг, халқ депутатларининг айби, жинояти аслида. Улар 1995 йилда чиқарилган Халқ депутатлари мақоми тўғрисидаги қонуннинг 25-26-моддасига асосан, ўз сайловчисининг, яъни менинг тўхтовсиз ёзаётган шикоят аризаларимни керак бўлса, то Президентга қадар етказишлари лозим эди.
Аммо улар нима қилишмоқда? Мазкур қонуннинг 25-26- моддаларини қўпол равишда бузган ҳолда, аризаларимни ахлат челакка ташлашмоқда. Сайловчисига қулоқ тутиш ўрнига, ўз сайловчисини қамоқ билан қўрқитишга уринмоқда. Гулҳаё менинг зурриёдим. Ишонаманки, у бу каби қонунбузарликлардан, бу каби қутқулардан қўрқиб қолмайди, ортига чекинмайди, – деди Эргаш Бобожонов мен билан суҳбатда
Бир сўз билан айтганда, Фарғона вилоят маҳаллий ҳокимияти томонидан “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Фарғона вилояти бўлими етакчиси Гулҳаё Бобожоновга шу тақлидда таҳдид бошланди.Босим ва таҳдиднинг тафсилотлари хусусида билганимиз, ҳозирча шулар, холос.
Айни дамда “Бирдамлик” етакчиси, ёш мухолифат вакилини ким тутқун қилган? Миллий хавсизлик хизматими, ички ишлар идораларими, ё маҳкаманинг қози-ю калонларими? Билмаймиз. Билганимиз шуки, Гулҳаё ўзининг танқидий, таҳлилий мақолалари билан маҳаллий ҳокимият арбобларининг тинчини, ҳаловатини бузиб қўйган. Ўз касбига савуққонлик билан қараётган амалдорларнинг кирдикорларини очиб ташлашга шайланган шижоатли фаолларимиздан бири. Ҳукуматнинг куч ишлатар тизими эса ота изидан бораётган ёш мухолифатчининг кўзини қўрқитиб қўйиш илинжида 5 суткага гарчи ноқонуний тарзда бўлса-да бадарға қилишган. Аммо шу нарса аниқки, ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди, дейишади!
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси