АНТИҚА БЕҚОВУШИҚЛИКЛАР

Валерий НазаровҲаракати фаолларидан бири – Акромхўжа Мухиддиновнинг ҳаётдан кўз юмиши замирида нималар ётибди? Бу тасодифми ёки ҳақиқатни бўғиб, ерга кўмиб, ундан халос бўлиш чорасими?

Ёки қора кучларнинг саҳна орқасида уюштирган қотиллигими? Хўп, тасодиф десак, нега уч киши бир кишига ҳужум уюштирганда уларни тинчлантиришга уринишлар бўлмади?

Нега ароқ ичиб, бир софдил инсонни қўрқитиб, пўписа билан у бораётган ҳақ йўлдан оздиришга бўлган ҳаракатдан осойишталик посбони, участка нозири бехабар қолиши керак?Ахир у осойишталикни сақлаш мажбуриятини зиммасига олиб, шу орқали бола-чақасининг бекаму кўстлигини таъминлайди-ку!

Нега қўнғироқ қилинган “Тез ёрдам” пичоқ урилган беморга тез ёрдам кўрсатмай, бир соат давомида кечикиши керак? Меҳр-оқибат қаерда қолди? Ҳатто таксичилар ҳам уюштирилган ғалвадан узоқ юришни маъқул кўрган.

Бу ҳолатлардан хулоса қилиб айтиш жоиз бўлса, олдиндан саҳна тайёрланган кўринади. Уюштирганлар эса томошабин сифатида маҳкум қилинган инсон ўлдирилиши ва унинг жароҳатларидан оқаётган қизил қоннинг оқишини кўриб роҳатланиши керак.

Яқинда Урганчда бир воқеа юз берди… Мен “Бирдамлик” фаолиман. Унга тасодифан аъзо бўлмадим. Ўзбекистон ҳудудидаги давлат ва жамият бошқаруви, унинг ҳуқуққа доир тамойилларидаги ҳуқуқсизликлардан жуда кўп жарохат олганим, амалдорларнинг гапи гаплигидан, қонунсизликлардан безиб, шу ҳолатларга бирмунча барҳам бериш ишига келгуси ҳаётимни сарфлашни лозим кўрганман.

Ҳаракатнинг Ўзбекистон бўлими раҳбари М. Эшонқулова билан суҳбатлашиб, дастуримиз – ҳақиқат ва адолатнинг кучимиз  етганича тинч йўл билан ҳимояси эканлигини, англаганман.

Шу дастурни кўнглимга тугганим учун, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдида ўтказиладиган адолатли намойишга қатнашиш учун Тошкентга кетаётганимда, олдиндан чипта олинган поездга чиқиш учун йўл олганимда менга ҳам қандайдир бемаъни ҳужум уюштирилди.

Йўлакда сотувчидан сигарета олиб, энди қадам ташлагандим,  бир аёл бирданига мени туртиб, қичқириб, ёпишиб олди. Нимамишки, мен унга тегажоғлик қилиб, оёғини босиб, айш-ишрат маъносида туртганмишман.

Нарироқда шу саҳнани уюштириб, кутиб турган учта давангир югуриб келиб, менга куч ишлатиб, чўнтагимдаги паспортни, поезд чиптасини тортиб олиб, авахтага олиб бориб ташлади. Икки кун давомида санкциясиз, судсиз қамаб қўйишди.

“Қайси гуноҳим учун” деб ҳайқирсам, эътибор қилишмади. “Сиз кимсиз, менда ортиқча пул йўқ. Бўлса олинглар ва мени қўйиб юборинглар” десам, “Биз давлат органиданмиз, сен ушбу аёлга зўравонлик ишлатиб, айш-ишратга чоғламоқчи эдинг. Энди жавоб берасан, қани айт, нега тегажоғлик қилдинг? Ҳозир эрини чақирамиз, юзлаштирамиз” дейилган ғаранг-дуранглар билан мажбуран телефонимни ҳам қўлимни қайириб тортиб олишди.

Адвокат чақиришларини талаб қилсам-да, маъқул кўришмади. Эртасига юмшоққина “Нексия”га миндириб, суд идорасига олиб бориб, мени судлашди. “Ахир мен 66 ёшли қарияман. Айшу ишратдан қолганимга икки йил бўлди. Бу бемаънилик. Мени қўйиб юборинглар” деб ҳайқираберганимдан сўнг поезд чиптасининг таъсир муддати ўтгач, жавоб беришди.

Қўйиб юборишдан олдин “Не вмешивайся в гос. дела, зря погибнешь» деб, битта “стариги” такрорлади. Ҳа, коса тагида нимкоса. Демак, “Бирдамлик”нинг мавжудлиги маъқул эмас, унга ҳалақит бериш ва ҳаракатларига тўсқинлик қилиш, қўрқитиш, ўлдириш ҳужуми бошланди.

Мана эндиликда Акромхўжа Мухитдиновнинг бола-чақаси, рўзғори мунғайиб қолди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18, 33, 34, 58, 62-модддарида белгиланган ҳуқуқлар фақат қоғоздами? Ишқилиб, қотиллар жазосини олсин. Марҳум ҳамфаолимизнинг охирати обод бўлсин.

Валерий НАЗАРОВ, “Бирдамлик”нинг Хоразм вилояти бўйича раиси.


Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares