ИШЧИ МИГРАНТЛИКДА ЎЗБЕКЛАР ЎЗ ЮРТДОШЛАРИГА АЗОБ БЕРИШМОҚДА

Бахтиёр Маҳмудов

 

 

Кейинги пайтда  Қозоғистон ва Россия давлатларига ишлашга кетган  мигрантларнинг ўз юртдош бригадири  ва Ватанидан бирга борган касбдошлари томонидан турли кўринишдаги зўравонликларга учраши кўпайиб бормоқда.

 

Мазкур зўровонликларга учраган ўзбек мигрантлари ишлаш жойида ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга даъво ариза билан мурожаат қилишларига иш берувчи ва бирга ишловчи касбдошлари йўл бермаслигини, айтишади. Кўпчилиги  Ўзбекистонга келиб, ариза ва шикоятлар ёзишади, аммо бу ерда ҳам ҳуқуқ-тартибот идороларининг бюрократик иш тутиши фуқароларнинг ҳак-ҳуқуқларлари поймол бўлишига сабаб бўлмоқда.  Зўравонлик қурбонига айланган фуқаролар ногирон бўлиб қолишмоқда. Уларни қайта ҳаётга қайтариш, соғлигини тиклаш учун миллионлаган сўмлар етмай қолмоқда. Чор-ночор яшаётган фуқаро адолат излаб хоновайрон бўлмоқда. Бу қилиқларни қилган зўравонлар таниш-билишчилик қилиб, адолатли жазони четлаб, ялло қилиб юришибди.

 

Хоразм вилояти Янгиариқ тумани ,,Чиқирчи,, қишлоғида яшовчи, 21.10.1982 да  туғилган Нураддин Рўзметов Хива туманида ,,Пишканик,, қишлоғида яшовчи Ойбек исмли йигитдан уни ишга олиб кетишни илтимос қилади. Шу суҳбатда унинг Опаси Меҳрибон Рўзметова қатнашиб, иш учун бериладдиган ойлик маошига 600 АҚШ доллари тўланишини келишиб,  соғлом укасини Ойбекнинг қўлига топширади. Ойбек Нурраддинни қиш фаслида бекаму кўст,  соғ-саломат қайтаришга сўз беради. Шундай қилиб, жорий йилнинг 31 март куни Нураддинни ишга жўнатиб юборадилар. Нураддин Янгиариқ туманидан бўлган, ўзи билан бирга ишлаётган уста Қаландар, Жавлон  исмли ва яна иккита йигит билан 3 ой давомида бекаму кўст ишлайди.

 

Аммо ойлик маошини олиш арафасида,  июнь ойининг охирларига келиб, барча усталар тил бириктириб, Нурраддиндан забардаст йигит ҳам бажара олмайдиган ишларни қилишни талаб қилиб, ниҳоятда оғир мехнат билан қийнай бошлайдилар. Жумладан, 3 метр масофага аввал иккитадан ғиштни бирданига отиб юрган бўлса, энди шу масофага 4 тадан ғиштни бирданига отишга мажбурлайдилар. Шундай мажбурлашга икки кун зўрға чидаган Нурраддин, учинчи куни чидай олмай уйига қайтиш учун йўлга отланади. Аммо уста Қаландар уни йўлдан қайтариб, кечқурун гаплашамиз, дейди. Шу куни кечаси овқат ейишгандан кейин барча дераза ва эшикларни маҳкам беркитиб, уста Қаландар, Жавлон ва яна бир йигит Нуррадинни фашистларча қийнаб, дўппослашган. Тўртинчи йигит уларга қўшилмаган, Нураддинни уришдан воз кечган.

 

Зўравонлар Нурраддиннинг баданига мих суқиб олганлар, оғзига ёстиқ босиб ўтирганлар, шунга ўхшаш бошқа турли зўравонлик қилиқларини қилиб, хўрлаб, сендан олдин нечаси ўлиб кетди, бирор кимсага айтсанг сен хам ўласан, дейишган. Шу аснода эрталабгача уйқу бермасдан, навбатма навбат уриб, кийнаб чиққанлар. Нуррадин оғир жароҳат олиб, шу аҳволда 3 кун ётган. Иш берувчи, Қозоғистон фуқароси (полиция ходими) жанжалдан хабар топиб, Нурраддинни сўраган ва ётган жойига кириб кўргач, бошқа усталарга, бир ҳол бўлса, сизларни қаматиб юбораман, деб, Нурраддиннинг тезроқ даволатиш учун Қаландарга пул берган. Нурраддин иш жойида ётиб даволанган. Қаландар уста Нурраддинга, “Сендан бирор кимса сўраса, биринчи этаждан йиқилиб тушганман, демасанг, мени Хоразмда ҳам милицияда ишлайдиган танишларим кўп, бундай ҳоллардан мен қутулиб кетаман, сен ўлсанг, бирор қарндошинг бу гапларни қўзғаб, ғинг деса козиққа ўтқазаман, деб, қўрқитган.

 

Нуррадин ўта ёмон ахволда Хоразмга етиб келган. Унинг кейинги ойлик маошлари яъни 1000 доллардан зиёд пул усталарда қолиб кетган. Катта опаси Мехрибон Рўзметова  Нурраддинни Янгиариқ туман касалхонасига ётқизган. Участка нозирига хабар берган. Ҳозирги кунгача 600 АҚШ доллари ҳисобидаги дори-дармон сарфланишига қарамасдан Нурраддиннинг ахволи ўта ёмон аҳволда қолмоқда.  Даволовчи шифокорнинг гапига қараганда, иккала синган қулоқлари ичидан гангренага учраган. Пулдор усталар билан тил топишган милиция нозири Меҳрибон Рўзметовага, “Мени сизни муамоингиздан бошқа ишим йўқми” деб, гаплашишни ҳам истамаган.

 

“Мен  мурожаат қилган Хоразмдаги хуқуқ-тартибот идоралари, ўзга юртда юз берган воқеаларга аралаша олмасликларини айтишмоқда ва укамни қийнаган “фашистлар”ни очик-очиқ ҳимоя қилишмоқда. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан қабул қилинган аксарият халқаро ҳужжатлар ва МДҲ давлатлари ўртасидаги ҳуқуқ-тартибот масаласидаги ўзаро келишувлар ижроси  Ўзбекистонда, шу жумладан Хоразм вилоятида  амалда қўлланилмаётганини кўрсатади. Укам келганидан кейин унинг баданининг оғир аҳволини видеотасвирга ва суратга тушириб олганман. Хоразмдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари шу кўриниб турган нарсага ҳам инкор қилмоқдалар. Эндиликда “Қозоғистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идораларига укамни хўрлаган усталарга ва укамни ҳимоя қилмаган иш берувчига қарши даъво қўзғатиш ҳақида  ариза билан мурожаат қилиб, сурат ва видеотасвирларни тақдим қилганман. Ҳозирги даврда Қозоғистондагилар Хоразмдаги суруштирув идораларида йиғилган ҳужжатларнинг нусхаларини олишни ва жиноятчиликда гумон қилинган хоразмлик усталар уйларига қочиб кетишганини телефон оррқали билдиришди”, дейди Меҳрибон Рўзметова.

 

Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares