ЎЗБЕКИСТОНЛИК ПИКЕТ ЎТКАЗИШГА БЕЛ БОҒЛАГАН “БИРДАМЛИК”ЧИЛАРНИНГ ШИКОЯТ АРИЗАСИ СУД ТОМОНИДАН ҚАНОАТЛАНТИРИЛМАДИ….

            Эсингизда бўлса, шу йилнинг 12 июнь куни  Қирғизистонлик миллатдошлари тақдиридан қайғурган Ўзбекстонлик бир гуруҳ “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати аъзолари Қирғизистон элчихонаси олдида норозилик пикети ўтказишга  уриниб кўришганди. Бироқ, махсус хизмат ходамларининг тезкор тадбирлари туфайли “Бирдамлик”чиларнинг бу ҳаракатлари амалга ошмай қолганди.  Норозилик пикети ўтказиш истагида Тошкент давлат ирригация институти биноси олдига тўпланган ҳаракат фаолларининг айримлари Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бошқармаси ходамлари томонидан тутилиб, куч ишлатиш усули кўмагида туман ИИБсининг жиноят қидирув бўлимига келтирилиб, терговга қилиниб, шу куннинг ўзидаёқ ҳаракатнинг уч нафар аъзоси маҳкамага тортилган  эди.

         Ўз-ўзидан маълумки, маҳкамадагилар пикет ўтказишга интилган “Бирдамлик” аъзоларининг пешонасини силаб қўйган эмас. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси С. Н. Аширматов раислигида бўлиб ўтган 10 дақиқалик суд жараёнида улар  Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201- моддаси, 1- қисми  доирасида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда  айбли деб топилиб,  ҳар бирига энг кам иш ҳақининг 80 баробари миқдорида жарима белгилан эди.

           Табиийки, суднинг ушбу қароридан нарози бўлган “Бирдамлик”чилар мазкур туман суди раиси номига шикоят ариза билан мурожаат қилишганди.

            Жаримага тортилган “Бирдамлик” фаолларининг мазкур шикоят аризаси шу йилнинг 29 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси У. Муҳаммадиев томонидан мазмунан кўриб чиқилган ва жаноб судья туман суди қарорини ўзгаришсиз қолдириб, аризачиларнинг шикоятини қаноатлантирмаслик хусусида қарор чиқарган.

            – Биз 18 июнь куниёқ суд қарорига нисбатан ўз норозилигимизни билдириб, важларимизни кўрсатиб,  туман суди раиси номига шикоят ариза топширган эдик. Аризани қабул қилиб олаётган девонхона ходими бир ойдан кейин хабар олишимизни маълум қилган эди.   Айтилган муддатда суд қарорини олиш учун маҳкамага бордик, бироқ маъмурий бўлимининг Марат исмли  ходими  “Дело”ларингиз шаҳарга кетган, ҳали қайтмабди” дея суд қарорини бизга тақдим эта олмади.

              Бироқ биз кута олмасдик. Чунки аллақачонлар суд қарори ижро қилишлик учун суд департаментига юборилганди. Чилонзор туман суд департаменти ижрочилари  фаолимиз Саноат Абдураҳмонованинг уйига  келиб, мол-мулкини мусодара қилиш учун рўйхатга ҳам олиб кетишди.  Қизиқ, ҳали биз суд қароридан норози бўлиб ёзган шикоят аризамизнинг жавобини олмай туриб ҳам суд қарори ижрога юборилиши мумкними?  Ниҳоят, 23 июль куни минг бир хаёл билан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига бордик.  Ҳартугул, суд биноси эшиги тагида ярим соатдан ортиқ термулиб ўтиришимиз зое кетмади. Ниҳоят,  Аминов деган ходим қўлимизга шикоят аризамиз асосида кўриб чиқилган суд қарорини тутқазди. Буни қарангки,  шикоят аризамиз асосидаги суд иши 29 июнь куни бўлиб ўтган экану, биз бехабармиз.  Мазкур суд қарори ҳатто почта бўлими орқали ҳам бизга жўнатилмаган. Оқибатда, суд қарори ижрога жўнатилаверган.

       Биз 23 июль кунидагина Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг қарорини қўлга киритишга муваффақ бўла олдик, холос. Афсуски, шикоятимиз қаноатлантирмасдан қолдирилган экан. Ноумид шайтон дейишади.  Бирор бир нафи бўладими, йўқми, гарчи Ўзбекитсон маҳкамаларидан ёруғлик чиқмаслигини билсак-да, шу куннинг ўзидаёқ шаҳар судига назорат тартибида такроран шикоят ариза ёзиб топширдик., – дейди жаримага тортилганлардан бири, “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулова биз билан суҳбатда.

        Қуйида “Бирдамлик”чи “ҳуқуқбузар”ларнинг шикоят аризасини эътиборингизга ҳавола этамиз:

 

                                                          Жиноий ишлар бўйича

                                                    Тошкент шаҳар суди раисига

                                                 

                              Фуқаролар:  Тошкент шаҳри, Учтепа тумани,

                                                    Чилонзор, 23-мавзе, 16-уй,

                                                     39 – хонадонда яшовчи

                                                     Эшонқулова Малоҳат,

                                

                                                     Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани,

                                                     Чилонзор-20 “а”- мавзе,    2-уй,

                                                     49-хонадонда яшовчи

                                                     Абдураҳмонова Саноат ва

                                                     

                                                     Жиноят ишлари бўйича

                                                     Мирзо Улуғбек тумани судининг

                                                     Судьяси С.Н. Аширматов томонидан                                                                                                         

                                                     чиқарилган 2012 йилнинг 12 июнь

                                                     кунги суд қарорига нисбатан

 

                Ш    И   К  О   Я    Т         А    Р    И    З   А    С    И

             

                             ( назорат тартибида)

                                        

            Судья С. Н. Аширматов томонидан 2012 йил 12 июнь куни чиқарилган суд қарорига асосан, биз Ўзбекистон Республикаси  МЖтК.нинг 201- моддаси, 1- қисми  доирасида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда  айбли деб топилиб,  ҳар биримизга энг кам иш ҳақининг 80 баробари миқдорида жарима белгиланди. Суднинг ушбу қарор қуйидагиларга кўра бекор қилиниши лозим деб ҳисоблаймиз:

             1. Гарчи биз 12 июнь куни Қирғизистон элчихонаси биноси олдида  Қирғизистонлик миллатдошларимизнинг манфаатларини кўзлаб норозилик пикети ўтказиш мақсадида Ирригация институти биноси олдида йиғилган бўлсак-да, бироқ, МХХ ва ИИБ ходамларининг тезкор тадбирлари натижасида ўз мақсадимизни амалга оширишга улгурган эмасмиз. Яъни, биз ҳали Қирғизистон элчихонаси биноси олдига бориб улгурмасимизданоқ, Ирригация институти биноси олдида тегишли идора ходамлари бизнинг ёнимизга келиб, плокатларимизни очишимизни талаб қилдилар. Биз плокталаримизни очмадим. Қирғизистон элчихонаси томонга ўтказишларини сўрадик. Аммо улар бунга изин бермасдан, куч ишлатиш йўли билан қўлимиздан талабларимзи ёзилган плокатларни юлқиб олиб, ўзлари суратга тушириб бўлгач, бизларни зўравонлик билан машиналарга ўтқазиб, шу ернинг ўзидаёқ  Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар бўлимига олиб келишди;

           2. Ўзбекистон Республикаси  МЖтК.нинг 201- моддаси, 1- қисмида ноқонуний намойишлар, кўча юришлари, йиғилишлар ўтказиш, жамоат тартибини бузиш – ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳисобланади. Модомики, шундай экан, ўз-ўзидан маълумки, биз Ўзбекистон Республикаси  МЖтК.нинг 201- моддаси, 1- қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишга улгурган эмасмиз. Чунки тегишли идора ходамлари суд кўзда тутаётган “ҳуқуқбузарлик”ни “олдини олишга муваффақ бўлишган.  Шундай экан, биз то ҳануз қай бир ноқонуний ҳаракатларимиз учун жазога тортилганимизни англаб етолмай ҳалакмиз;

       3) Шунингдек, Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган илк суриштирув даврида бизнинг ҳуқуқларимиз ҳимоя қилинмади. Суриштирув даврида биз томонимиздан талаб этилган тажрибали адвокат Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг раиси  Равшан Аҳмедовни иштирокини талаб қилишимизга қарамасдан, мазкур адвокатнинг, умуман, бирор бир адвоктанинг иштироки  таъминланган эмас. Бизнинг ҳуқуқ ва бурчларимиз тушунтирилмади;

       4) ИИБ органининг масъул ходимлари томонидан бизга иш материаллари танишиш учун тақдим қилинмади. Шу боис ҳам бизга айнан қандай айблов қўйилганидан мутлақо бехабармиз;

       5) Чунончи, биз суд жараёнида ҳам Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг раиси  Равшан Аҳмедовни ўз  манфаатимизни ҳимоя қилишга жалб этилишини суддан ёзма равишда сўраган бўлишимизга қарамасдан, суд бизнинг қонуний талабимизни асоссиз равишда рад этди ва бизнинг ҳимоямиз учун суд томнидан Тошкент шаҳар адвокатлар палатасининг адвокати У. Рўзиев  жалб этилди. Адвокат У Рўзиев , табиийки, суд жараёнида ўз вазифасини ҳалол бажармади. 10 дақиқалик суд жараёнида лом-мим деган эмас. Мазкур адвоктанинг кучи “Ҳуқуқбузарларга енгилроқ жавоб тайинлашингизни сўрайман” деган калимани айтишгагина етди, холос.  Бунинг оқибатида бизнинг Ўзбекистон Республикаси Конститутциясида белгилаб берилган ҳимоя ҳуқуқимиз таъминлангани йўқ.  Юқоридагиларга кўра

                                      СЎРАЙМИЗ:

          Бизнинг ҳақ-ҳуқуқларимизни топталиши билан боғлиқ бўлган юқорида санаб ўтилган важларга кўра, судья С. Н. Аширматов томонидан 2012 йил 12 июнь куни бизни Ўзбекистон Республикаси  МЖтК.нинг 201- моддаси, 1- қисми  доирасида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда  айбли деб топиш ҳақида чиқарилган суд қарорини бекор қилишингизни талаб қиламиз.

                                                     Эшонқулова Малоҳат

                                                    Абдураҳмонова Саноат

                       23.07.2012 йил.

            

                Эслатиб ўтамиз, “Бирдамлик” ҳаракати фаоллари 12 июнь куни Қирғизистон элчихонаси олдида норозилик пикети ўтказиш режаси хусусида бир ой олдин Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасини бир эмас, икки маротаба ёзма равишда огоҳлантирган бўлишига қарамасдан, почта орқали юборилган буюртма хатларига шаҳар ҳокимияти ва шаҳар Ички ишлар бошқармаси сукут билан жавоб қилган. “Сукут аломати ризо” деган ақидага амал қилган “Бирдамлик” фаоллари норозилик пикетини ўтказишга бел боғлашган. Бироқ, айни дамда маҳкама “Бирдамлик”чиларни Тошкент шаҳар ҳокимиятидан тегишли тартибда рухсат олмаган ҳолда норозилик пикетини ўтказганликда айбламоқда. Ваҳоланки, Ҳукуматнинг махсус хизмат ходимлари ўша куни “Бирдамлик”чиларни Қирғизистон элчихонаси биноси олдига яқин ҳам юлатишмаган. Бирдамликчилар пикет ўтказмасданоқ қўлга олиниб, мажбурий тарзда ички ишлар бошқармасига олиб кетилган.

 

“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот Маркази

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares