“МТС” ЁПИЛДИ, ЯШАСИН “БИЛАЙН”!

Бахтиёр Маҳмудов

17 июлда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агантлиги томонидан “Уздунробита”нинг фаолият лицензия 10 кунга тўхтатилиши Хоразмда ҳам янги рақам олиш бўйича катта ажиотажни вужудга келтирди.  Гап шундаки, вилоятда бошқа уяли алоқа тизимларидан кўра, “МТС”га уланганлар кўпчиликни ташкил қилади. Чунки “МТС” орқали бошқа мамлакатдагилар билан алоқа ўрнатиш қийин кечсаҳам, чекка қишлоқларда ҳам гаплашиш имконияти мавжуд бўлиб, деярли ҳар бир қишлоқ яқинида унинг узатиш антенналари ўрнатилган.

 

Энди “МТС”нинг шу мижозлари унинг алоқаси тўхтатилганидан ташвишланиб, бошқа уяли алоқа компанияларининг офисларига югургилаб қолдилар. Айниқса, Урганч шаҳридаги “Билайн” офиси олдида  фуқаролар жуда кўп тўпланишди. Офиснинг ички қисми одамлар билан тўла бўлиб, ташқарисида ҳам оломон ғовур-ғувир қилиб турибди. Навбат жуда узоқни ташкил қилган. “Билайн” компанияси ходимларининг қўли қўлига тегмайди. Хоразмда аҳолининг табиати шундайки, навбат кутишга дош беролмайди, тартибни бузувчилар чиқиб туради. Ана шу нарса навбатнинг янада чўзилиши ва янги рақам олишларнинг бироз чўзилишишга сабаб бўлмоқда.

 

Шунингдек фуқаролардаги ҳар сафар шундай воқеалар асносида юзага келадиган ваҳима ҳам янги рақам олувчилар сонини хаддан зиёд ошириб юборди. “Билайн”нинг эски мижозлари эса ўз рақами ҳисобини тўлдиришда бироз  қийналдилар. Ҳамма жойда янги рақам олувчилар навбати тургани уларни тўлов кассасига яқин боришга қўймай турди. “Мен “Билайн”нинг Урганчдаги офисига “Клик модем” тарифидаги рақамим ҳисобини тўлдиришга бордим. Лекин пулни тўлай олмай қайтдим. Офис тўла одам экан. Навбатда турсам, бир неча соат вақтим кетишини ўйлаб, ҳисбоимни тўлдиришни кейинга қолдирдим” – дейди урганчлик Ихтиёр Садуллаев. Тошкентда ўқишга кириш учун кетган абитируент Умрбек Жуманиёзов телефон орқали қуйидагиларни гапирди: “Тошкентдаги “Пайнет”ларнинг бир нечтасига бордим. Аммо “Билайн” рақами ҳисобини тўлдришим учун пулни қабул қилишмади. Хоразмга телефон қилиб, ҳисбоимни тўлдришларини илтимос қилсам, у ерда ҳам аҳвол шу экан”.

 

Шуни айтиш керакки, “МТС” рақамларида чекка қишлоқларгача алоқа яхши бўлса ҳам айрим нуқсонлар фуқароларнинг жиғига тегганига ўзим бир неча бор гувоҳ бўлганман. Айниқса, ҳисобдаги пулнинг бирдан ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ  камайиб қолиши тез-тез содир бўлиб турган эди. Қандай сўралмаган хизматлар ўз-ўзидан ёқилганилиги тўғрисида хабар келиб, кунига 10 цент, 20 цент ўз-ўзидан ғойиб бўлиб қолар, кейин мижоз шу хизматни ўчиролмай анча овора бўлишишга тўғри келарди.

 

Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares