ТАТАРЛАР ВА КОРЕЙСЛАР БИР ЯЙРАДИЛАР

Яқинда Урганч шаҳридаги Амир Темур номли истироҳат боғида вилоят татар миллий-маданий маркази бошчилигида “Сабантуй” ва Қорейс миллий-маданий маркази бошчилигида “Оволь Тано” миллий байрами бўлиб ўтди. Бу тадбирларда Татар ва Корейс миллатларининг мустаҳкам оилалари вакиллари ҳомийларнинг эсталик совғалари билан тақдирландилар. Мазкур байрамларда нафақат татар ва корейслар, балки ўзбек, рус ва бошқа миллатларнинг вакилари ҳам жон-жон деб иштирок этиб, мазза қилиб ўйнаб-кулдилар.

 

Бугунги кунда Хоразмда ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшаб келмоқда. Шуни айтиш керакки, Хоразмда азалдан милат айириш хусусияти йўқ. Шунинг учун ҳам миллий дискриминация ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.  Вилоятда рус, қозоқ, татар, корейс миллий-маданий марказлари ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши вилоят бўлими фаолият кўрсатмоқда.

 

Мавжуд миллий марказлар ва дўстлик жамияти бўлими томонидан тез-тез турли  тадбирлар, кечалар, фестиваллар, кўрик-танловлар ўтказилиб, уларда миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур вазифаларни бажаришда миллий-маданий марказларнинг ролини ошириш, уларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш борасида вилоят ҳокимлиги томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

 

Жумладан, Урганч тумани Ғойбу қишлоғидаги “Туркманлар” маҳалласида қатор миллий тадбирлар ўтказилган.  1-июнь “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишланган тадбирларда вилоят Корейс миллий-маданий маркази бадиий ҳаваскорлик жамоаси Хива шаҳридаги 20-сонли “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари билан учрашув ўтказиб, байрам концерти дастурини намойиш қилган.  

 

Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares