
Наманган мухандистлик – иқтисодиёт иниститути доценти, фан номзоди Ҳакимжон исмли укамизнинг қиз фарзанди бу йил чет тиллар иниститутининг немис тили фани бўйича битирди ва инглиз тилидан ҳам сертификат олди. Ҳакимжон қизини ишга жойлагани Намангандаги чет тили бўйича лицейга олиб борса, директор кутилмаганда, “Қизингиз малака ошириш иниститутидан олийгоҳнинг дипломини тасдиқловчи ҳужжат олиб келса, кейин ишга қабул қиламан”, дебди. Ота директордан бунинг сабабини тушинтириб беришни талаб қилса, “Биздаги тизим шунақа”, дермиш раҳбар. Ота-бола малака ошириш иниститутига боришади. У ердан эса, “Қизингиз бизда 4 ой малака оширади, 700 минг атрофида пул тўлайсизлар, кейин ҳужжат берамиз”, деган жавоб олишади.
Ҳозирги кунда Ҳакимжоннинг қизи маҳсус йўлланма асосида Германияда 4 ойлик курсда таҳсил олмоқда. Қизнинг ётоқҳонаси, озиқ овқати, ҳуллас ҳамма ҳаражатларини Германия томони ўз бўйнига олибди.
Энди савол туғилади: Ўқишни ота-онаси маблағи ҳисобига битириб, ўз ватанимда ишлайман деган тайёр кадрга, керакли шарт – шароитлар яратиб бериш ўрнига, уни бошқатдан ўқитиб, пулини олиш тизими қайдан пайдо бўлди? Бу давлат тизимими ёки пул ишлаш мақсадида маҳаллий раҳбарларни ўйлаб топган найрангими? Иш топа олмаган ёки топган даромади оиласини боқишга етмаган миллионлаб кадрларимиз ўзга юртларда турли муаммоларга дучор бўлиб, ишлаб юришибди. Ҳакимжон укамизнинг қизи шу ерда ўз ватандошларининг фарзандларига сабоқ бериб, ишлаб юрса бўлар эди-ку? Бу қизимиз Германияда маҳсус курсни битиргач, ҳамма шароитлар яратилганлигини кўриб, ўзга юртда қолиб кетса, бунга ким жавоб беради?
Носир ЗОКИР
“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Наманган ва Фарғона вилояти бўйича координатори



