Бундан бир йилча олдин бир танишим мени ўз тўйига таклиф қилди. Унинг қирқ еттида бўлиб, аввал ҳам икки марта уйланиб, ажрашган. Биринчи хотинидан бир қиз кўрган. У ҳам отаси билан яшамасди.
Танишим янги келинга қалин тўлаб, тўйдан олдинги қиз йиғинини ҳам ўтказиб берган. Икки томондаги тўй харажатларининг ҳаммасини ўзи тўлаган. Мен қатнашган тўй давраси кичикроқ бўлса-да, ҳофизу раққоса, видеотасвирчи ва бошқа хизматчилар таклиф қилинган эди.
Буларнинг ҳаммаси куёвтўра бўлиб кийинган танишимнинг ёнида оппоқ либосда ўтирган келиннинг истаги ва талаби билан бўлаётган экан. Танишимнинг изоҳ беришича, 18 яшар қизнинг ўзи билан яшаб кетишига кўзи етаркан. Чунки келин кимгадир “алданиб”, боши тошга текканлардан эмиш.
Афсуски, танишимнинг кутгани бўлмади. У ишдалигида ёш хотини онаси ёрдамида барча қимматбаҳо кийим-кечакларни, тақинчоқларни, танишимнинг жамҳариб қўйган пулларини олиб уйига кетибди. Танишим кейинчалик минг уринмасин, уни ортига қайтаролмади.
Кейинги йилларда Хоразм вилоятида юқоридагига ўхшаш ҳодисалар кўп юз бермоқда. Кўпчиликнинг фикрига кўра, бу азбаройи “ахлоқли”ликларидан “алданиб” қолаётган “соддадил” қизлар ва уларнинг ота-оналари ўйлаб топган янги бизнес тури экан.
Дилроз ҚУЛМУҲАММАД.




