
Бизлар журналистмиз, элнинг дастёри,
Сўзни қурол қилиб олган аскармиз.
Йўлчи юлдуз каби ҳақ йўл дийдорин
Намойиш этгувчи ёритқичлармиз.
Футболчи югурар копток изидан,
Журналист янгилик изидан чопар.
Янгиликни ушлаб олган кезида
Қалблар дарвозаси томонга отар.
Қоғоз жонланади эзгу сўз билан,
Неча қалб қўрини шимиб олган у.
Энди у қоғозмас, муқаддас Ватан
Ҳаёти акс этган ойдин бир кўзгу.
Нурли истиқболга ҳалақит берган
Тўсиққа эътибор қаратилади.
Бугунги ҳаётнинг кўринишидан
Келажакка замин яратилади.
Бу касбга кириш бор, чиқиш йўли йўқ,
Бутун бир умрни қамрайди ижод.
Бизлар игна билан қазиймиз қудуқ,
Тоғни теша билан қазиса Фарҳод.
Ёзиш, ёзиш бизда ҳамиша истак,
Бошқача ҳаётни бошлай олмаймиз.
Токи танда уриб тураркан юрак,
Қўлдаги қаламни ташлай олмаймиз.
Бахтиёр МАҲМУД



