
Урганч шаҳри кўчалари, хиёбонлари, истироҳат боғларини айлансангиз, гужум ва қайрағоч дарахтларини қуртлар кемириб, барча барглари оқариб, илма-тешик бўлиб кетганини кўрасиз. Айни ёз ойларида, яшиллик инсон учун сув ва ҳаводек зарур саналган бир пайтда, азиз дарахтларимизнинг бундай ҳолга тушиши кўрган кишида анча ёқимсиз таассурот қолдиради.
Шуниси қизиқки, бошқа дарахтлар бинойидай. Рус ўрмонларига мансуб эман, каштан, қайин, ўзимизнинг тутлар ва бошқа мевали ҳамда манзарали дарахтларга жин ҳам урмаган. Лекин тол ва теракларда ҳам зараркунанда қуртлар макон қурганлиги яққол кўриниб турибди. Улар ҳатто тез-тез суғорилиб турса ҳам, қандайдир муддати етганда ҳе йўқ, бе йўқ, ўз-ўзидан қуриб қолаяпти.
Кўпчиликнинг таъкидига кўра, қадрдон дарахтларимизни қуртлар томонидан бундай ҳалокат ёқасига келиб қолиши кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига масъул шахслар томонидан ҳар йилгидек вақтида дориланмаганидир. Аввалги йилларда дорилаш вақтида амалга оширилгани туфайли гужум ва қайрағочлар анчайин файзли кўринишга эга бўлган. Жуда бўлмаса, барглари бу сафаргидан кўра яшилроқ, кўримлироқ эди.
Бу йил эса дорилаш негадир энди-энди амалга ошириляпти. Одамларнинг айтишича, у ҳам хўжакўрсинга қилинади. Қуртларни ўлдирадиган дори миқдори кам қўшилиб, эритманинг кўп қисмини сув эгаллайди. Натижада ҳам кечикиш, ҳам сифатсиз дорилаш кўзланган фойдани бермайди. Гужум соясида ўтираман десангиз, уст-бошингиз қуртдан тўлади. Бир пайтлар шундай эдики, гужум ва қайрағочлар жоннинг ороми эди. Соясида ўтирсангиз, барча дардларингиз, чарчоқларингиз тарқаб кетарди.
Гужум қуртларининг қандайлигига келсак, бир вақтлари ҳамма дарахтларни қирғинга учратган “Шаҳар мўйловдори” кўзга ташланавермайди. У дарахтларни ичидан емиради. Яна асосан халқимиз “Билайн қурт” деб номлаган қурт уларни кемирмоқда. Унинг “Билайн” деб номланишига сабаб унинг кўриниши худди “Билайн” компанияси белгисига ўхшаб, сариқ ва қора чизиқли эканидир.
Ана шу митти ва антиқа қуртлар ҳар бир дарахтда сон мингта. Кўзимизга аён вазиятга қараганда шаҳарда бу зараркунандаларга қарши кураш кўнгилдагидек самара бермаётган кўринади.
Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.



