НОНЛАРДА ХАВФЛИ БАКТЕРИЯ ПАЙДО БЎЛМОҚДА

Бахтиёр Маҳмудов

 

Яқинда уйимиз яқинидаги дўкондан  қизим 4 буханка нон олиб келди. Олган вақтимиз кечқурун эди. Эртаси куни эрталаб қолган нондан бир баханкасини кесиб, нонушта қилмоқчи эдик. Қарасак, ноннинг мағзи балчиқдай ёпишқоқ бўлиб қолибди. Бунинг устига, ёқимсиз ҳид ҳам таратади.  Тўғри, нон ҳақида бундай дейиш яхши эмас. Лекин дўкондан биз олган буханка нон, нон дегулик эмас.

 

Балки сал ўтмай ёпишқоқ моддага айланиб қоладиган нон фақат битта дўкондадир, бошқа дўкондан олсак олам гулистон, деб ўйладик. Шу хаёлга ишониб, фарзандларимиздан бирини бу сафар сал узоқроқдаги бошқа дўконга жўнатдик. Аммо, не кўз билан кўрайликки, у дўкондагиси аввалгисидан ҳам ошиб тушди, келтирилган буханка нон дўкондаёқ касалга чалинибди. Еб бўлмайди. 

 

Шу аснода атрофдаги озиқ-овқат дўконларининг нонларини бир-бир синаб кўрдик. Меҳнат билан топган маблағимиздан айрилганимиз қолди.  Бир дуруст нон ея олмадик. Нима қилиш керак. Дўкондан хоразм шевасида “чўрак” деб аталадиган ўзбек нонини келтирсак ва ҳар куни шуни истемол қилсак,  жуда қиммат. Бир донасининг нархи ҳар хил  – 800, 1200, 1500, 2000 сўм. Буханка нон – 500 сўм. Ўзбек нони юпқа ёйилган ва 100 грамм ҳам чиқмайди. Ўзбекмиз, нонхўрмиз. Бир ўтирганда тўртталамиз чўрак нондан 4 та-5 тасини юмалоқ ёстиқ қиламиз. Буханка нон эса – 500-600 грамм, тўйимли. Буёғини ўзингиз солиштириб кўраверинг.

 

Буғдой олиб, ўзимиз уйда нон ёпсак ҳам бўларди. Бироқ хотиним ҳам, мен ҳам эрталабдан кечгача ишдамиз. Уйда кам бўламиз. Нон ёпишга вақт йўқ. Суриштириб кўрсак, шаҳарнинг деярли барча дўконларида аҳвол шундай экан. Маълум бўлишича, ноннинг истемолга яроқсиз бўлиб қолишига “картошка таёқчалари” деб номлаган бактериялар сабаб экан. Бу бактериялар нонни бижғитиб, уни еган одамда ичак касалликларини пайдо қилиш қобилиятига эга. Ўтган йил ёзда, кузда, бу йил қишда, баҳорда ундай эмас эди.  Хавфли бактерияли нонлар айнан бу йил ёзда пайдо бўлди.

 

Шуни айтиш керакки, 2010 йилда бу муаммо анча кучайганди. Нафақат вилоятларда ҳатто пойтахтда ҳам ана шундай сифатсиз, картошка таёқчалари билан касалланган нонлар дўконларга чиқарилгани кўпчиликда норозилик уйғотганди. Интернет саҳифаларида бу ҳақда юзлаб мақолалар ёритилган. Улардаги факт ва фикрларга кўра, нонларнинг бу хусусияти новвойхона печларида етарли иссиқлик ҳосил бўлмай, нонлар паст градусли иссиқликда пиширилишидан ҳам юзага келган. Яна бир тахмин шуки, бу нонларга ишлатилаётган буғдой инсонлар истеъмоли учун эмас, қорамолларга ем-хашак учун экиладиган навли буғдойдир.

 

Нима бўлганда ҳам факт фактлигича қолади. Буханка нонларнинг сифатига путур етаяпти. Улар истеъмолга яроқсиз бўлганлиги учун, охир оқибат ҳақиқатан ҳам уй ҳайвонларига ем сифатида берилаяпти.

 

Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares