
Халқ радиоси берган хабарларга кўра, Паркент туманининг порахўр прокурори А. Набиев ва ниҳоят қўлга тушган. Ҳозирда тергов Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 210 – ва бошқа моддалари доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
А.Набиев кўп йиллар Паркент туманда прокурорлик қилиб, порахўрликнинг пирамидасини, тармоқли маркетингини яратган аммалдорлардан биридир. Бундан олдин ана шундай ҳунар билан Тошкент вилояти прокурори лавозимларида ишлаган Р. Муҳиддинов, М. Қиёмовлар қонун “тўрига” тушган, ҳамда тегишли жазога мубтало қилинган эди.
Кўп надоматлар бўлсинким, амалдорларнинг қон-қонига сингиб кетган бу иллат бошқа соҳаларда ҳам керагидан ортиқ. таъмагирликга чек қўйиши керак бўлган ташкилот раҳбарларнинг ўзлари улардан кам эмас чоғи, порахўрлик ёшариб, кўкариб гулласа гуллаяптики, лекин сўлмаяпти, сўнмаяпти. Буни кўп жойда учратиш мумкин. Жумладан, икки-уч йилдирки, Паркент туман аҳолиси нотариусга ёлчигани йўқ. Чирчик шаҳридан паркентга бирровга келиб кетувчи нотариус Даврон Ибодов эса нотариус “тақчиллиги”дан фойдаланиб қолиш илинжида “нархини” кўтариш билан овора. Одамлар бечора “нотарус”чини кута-кута чўзилишган. Тумандаги Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимида эса очиқдан очиқ савдо. Бунга мудира Гуля Берикова бош қош. Масалан, биргина никоҳ қоғозининг ўзи нақд 200 000 сўмга пулланади. Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нархи эса 100 000 сўм қилиб “белгилаб қўйилган”. Бозор савдоси деган “бало” биргина “ЗАГС” бўлимидагина эмас, Паркетдаги жамики корхона-ташкилотларда, ҳатто ҳуқуқ идораларида ҳам ҳукмрон. Миршабларни эса қўяверинг. Уларнинг яқинига йўлаб бўлмайди. Халқни қўриқлашга масъул бу ташкилот фақат ва фақат ўзини қўриқлаш билан овора. Очилмаган жиноятлар, беркитилган ишлар керагидан кўп.
Паркент туман касалхонасидаги аҳвол ҳаммасидан ошиб тушади. Пулингиз бўлмаса кафанга буюртма бераверинг. “Соққанг” бўлса – яшайсан, ҳамёнинг хароб бўлса, ҳолинг ҳам хароб: ёруғ дунё билан видолашасан – қўясан.
Содда қилиб айтадиган бўлсак, ким порахўр? Бошқачароқ қилиб айтганда, нима порахўр? “Порахўратўралар”ми, ё тузумми? Бу саволларга ўзингиз жавоб топиб, масаланинг моҳиятини билганингиздек тушуниб олаверинг….
Саноат АБДУРАҲМОНОВА
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Тошкент вилоят бўлими фаоли



