“Жамият ва маърифат” сабоқлари

Ботир НОРБОЙ

Ҳали Қозоғистоннинг Сайрам туманида фаолият юритаётган Қозоқ ўзбек университетига ишга ўтмаган пайтларим эди. Тасодифан киоскада сотилаётган “Жамият ва маърифат” газетасига кўзим тушди ва уни олиб ўқий бошладим. Газетада босилган мақолалар ўзининг эркин ёзилгани билан, шеърлар эса ниҳоятда кўп ва хилма хиллиги билан диққатимни тортди…  

Сўнг таҳририят билан ҳамкорлик қила бошладим. Сабаби: хонасига қадам ранжида қилишим билан бу газетанинг муассиси ва раҳбари Абдумалик Сармонов мени таҳририят билан ҳамкорлик қилишга ундади. Таҳририятга берган биринчи мақолам “Туркчиликнинг назарий ва амалий муаммолари” ҳеч қандай ўзгаришсиз чиққанини кўриб, бу ерда ҳақиқатан ҳам цензура йўқлигига ишондим. Чунки мақола: “Туркий зиёлилар учун жонини қурбон қилиш мумкин бўлган бир муаммо бор: у ҳам бўлса, туркий бирлик йўлида кураш олиб боришдир”, деган гап билан бошланар ва қўшни республикаларда бу жумлалар албатта таҳрир этиларди.

Кейин ҳам баҳоли қудрат газетага материал бериб, айни замонда, бу ерда чиқаётган ҳар хил савиядаги мақола, шеър, ҳикоялар билан танишиб юрдим ва газета таҳририятига ўзимга ёққан ёки маъқул бўлмаган материаллар ҳақида оғзаки равишда фикрларимни айта бошладим… Маълум бўлишича кичик бир жамоа ҳар ҳафта каттагина материаллар сиғадиган газетани чиқариб туришар ва обуначилар сони 7 минг атрофида экан. Ҳар ҳафта шунча материални топиб беришнинг ўзи осон эмаслигини, шу туфайли ҳам тахририят аъзолари уларни элакдан ўтказишга баъзан улгармаётганини энди тушуниб етмоқдаман. Аммо кейинчалик “Жамият ва маърифат” таҳририяти ва унинг марҳум аъзоси Ирисали Жуманов шеърий асарларни таҳрир қилиб, пишитиб чиқараётганининг, яхши назмий асарлар учун “Соҳир мисралар” рукни жорий этилганини кўриб, мамнун бўлдим.

Менга “Жамият ва маърифат”даги баҳсли мақолалар, интернетдан олиб босилган ижтимоий-сиёсий муаммолар кўтарилган материаллар айниқса, ёқарди.

Кунлардан бирида “Етти йил” ва бу кичкинагина мақолага қарши ёзилган “Қалқон бўлайлик” материали чиқди. Орадан бир оз ўтмай, Шуҳрат деган мардикорнинг: “Совуган ошга тилла қошиқ бўлманг…” номли мақоласи ҳам дунё юзини кўрди. Бу хил мақолалар ҳеч шубҳасиз Жанубий Қозоғистондаги ўзбекларнинг сиёсий савиясини бир қадар юқори кўтаришига ишондим. Кейинчалик ҳам шу хил долзарб мавзудаги асарлар босилиб турди ва булар ҳақда таҳририят аъзоларига фикримни билдириб юрдим…

Бир гал таҳририятга борганимда Абдумалик Сармонов: “Бизга адабиёт ҳақида бир қанча давомли мақолалар ёзиб берсангиз ва уларни биз пешма пеш босиб борсак, яхши бўларди”, деган таклифни айтди. Шундан сўнг “Адабиётдаги демократик ва аксилдемократик тамойиллар” мавзуида (ҳар бири камида бир ярим бетдан келадиган) 8 мақолам босилди… Бу мақолалар Жанубий Қозоғистондаги шоир ва ёзувчилар ижодига қай даражада таъсир этганини билмасамда, уларнинг пешма пеш босилгани учун таҳририятдан миннатдор бўлдим…

Бугунги кунга келиб қозоқ ва ўзбек тилларида миллатлараро муносабатларни мувофиқлаштириш, қозоқ ва ўзбек халқининг дўстлигини янада мустаҳкамлаш маъносида “Туркистон тонги” газетасини очиб иш бошладик. Тўғриси, “Жамият ва маърифат” билан рақобатчи эмаслигимизга, биз мутлақо бошқа йўналишда материаллар бераётганимизга, газеталаримиз бир хил номда бўлсада, икки тилда, ўзбек ва қозоқ тилларида алоҳида нашр эканлигига қарамасдан “Туркистон тонги”ни таҳририят аъзолари рақобатчи деб тушунмасмикан, деган хавотиримиз бор эди. Аммо гумонларимиз нотўғри бўлиб чиқди.“Жамият ва маърифат” раҳбарияти, хусусан Абдумалик Сармонов кичкинагина газетамизни хуш қаршилади. Газетамизнинг биринчи сони “Жамият ва маърифат” босмохонасида босилдики, биз бундан миннатдор бўлдик. Журналистнинг нони қаттиқ, деган гап бор. 12 йил давомида, ҳар ҳафта газета чиқариб туриш осон иш эмас албатта. Зеро бу таҳририят аъзолари томонидан яни иккита (бир пайтлар маърифат фидоийсива шоир Абдураҳим Пратов асос солган “Камалак”, “Бойчечак” журналлари ва “Болажон” газетаси ҳам чоп этилмоқдаки, уларнинг бардош ва иродасига қойил қолиш керак. Биз газета таҳририяти билан бундан кейин ҳам ижодий ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.

 

Ботир Норбой.

 “Туркистон тонги” газетаси бош муҳаррир ўринбосари.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares