ОСМОН ОЗОНИГА ПУТУР ЕТКАЗМАСЛИК УЧУН ЕРНИ ҚУРБОН ҚИЛИШ УСЛУБИ

Валерий НАЗАРОВ

 

Халойиқ огоҳ бўлинг ва ўрнак олинг, Хива тумани ҳокими чиқиндиларни даф қилиш борасида оламшумул ихтиро яратди. Кулманг ва атрофдагиларга тарқатинг.

 

Хива туманидаги Шихлар маҳалласидаги захкаш ва анхорлар бўйида чиқиндихона қилиб белгиланган майдонлар турли ахлатларга тўлиб-тошиб кетди. Туман ҳокими  ўйланиб қолди. Экологияни яхшилаш мақсадида чиқиндиларни ёндириб юбориш таъқиланган бўлса, нима қилиш керак?  У охири бир тадбирни ўйлаб топди. Чиқиндиларнинг ҳаммасини бульдозерлар билан йўлларга  асфальт тариқасида ёйдирди.

 

Қориштирилиб, тепкиланиб йўлга ёйилган чиқиндилар ичида Менделеев даврий системасидаги барча ноёб маъданлар, шиша идишлар, баклашкалар, турли-туман рўзғор буюмлари, биологик ўлим топган сарқитлар, итлар, чинни синиқлари, эски-тускилар бор.  Аҳолининг далаларга бориб келадиган йўли бекилиб, олдидан эксковатор билан зовур қазилса-да, “Ахлат тшалаш маън қилинади” дея, катта қилиб, кимки ахлат ташласа, 316 минг сўм жарима солиниши, ёзиб қўйилган бўлса-да, халқ пиёда ёки велосипедда, кичик аравачаларда қирғоғидан ва чеккаларидан сўқмоқ очиб ўтишга мажбур. Бошқа айланма йўл эса уларга узоқлик қилади.

 

“Мусор”да пашша-чивинлар, турли хил зараркунанда жониворлар кўпайиб, ўтаётганларга ҳужум уюштириб, кўз очиришга қўймайди. Энди бу ҳужум кўзга кўринарли ва келажакда кўринмас бало табиат ифлослигини юзага келтириб, шунингсиз ҳам экологик мувозанати бузилган воҳамизга турли хил касалликлар ёйилишига сабаб бўлмасмикан!

 

Каттаконлар, амалдорларнинг тагида машина. Улар бу ерлардан жирканиб, ташриф ҳам буюришмайди. Ўша йўл ёқасида эса фермернинг буғдой экилган катта даласи мавжуд. Эртага бу ғалла дони заводларга топширилиб, тозаси-ю ифлоси бир майдонга жамланади. Уни озиқ-овқат сифатида реализация қилинади. Хивамизда ҳозир сариқ касаллиги, саратон, қон босими ошиши, токсик касаликлар, қандли диабет ва ҳоказолар авжига чиқиб бораяпти. Олий Мажлис ва Сенатга экологик масала бўйича сайланган 14 нафар депутат бунга қандай қарайди?

 

Валерий Назаров, “Бирдамлик”нинг Хоразм вилояти бўлими раиси.

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares