12 июнь куни Қирғизистон элчихонаси олдида ўтказилиши режалаштирилган норозилик пикетида иштирок этиш мақсадида мамлакатнинг барча вилоятларидан “Бирдамлик” етакчилари ва фаоллари Тошкент сафарига отланишган.
Ҳаракатнинг Хоразм вилоят бўлими етакчиси Валерий Назаров ҳам ўз сафдошлари билан йўл олислиги боис икки кун аввал, 10 июнь куни Тошкент тараддусида йўлга чиқишганди. Бироқ йўловчилар ўз манзилларига етиб келиша олмади.
– 3-4 кун олдин Хоразм-Тошкент йўналиши бўйича поеъздга чипта олиб қўйгандик. 10 июнь куни тахминан соат 15.30 ларда номаълум йўлтўсарларга учрадик, – дейди Валирей Назаров шу бугун эрталаб телефон орқали бўлган суҳбатимизда, – Тошкентга бориш учун йўлга нон, ул-бул харид қилиш учун вокзалга кетаётиб бозорчага тушгандик. Ғафлатда қолган эканман. Шу пайт ёнимда ўрта ёшли бир нотаниш аёл пайдо бўлди. Кутилмаганда у “Нега оёғимни босасан!” дея ёқамдан олиб қолса бўладими? Ғала-ғоқур бошланиб кетди. Шу пайт 3-4 та “миршаб” ҳам тайёр турган экан. Мени таппа босишди-да ички ишлар бўлимига олиб кетишди. “Мен пайғамбар ёшидан ўтган одамман. Аёлларга тегажоғлик қилиш ёки безорилик кўчасига кириш ёшидан ўтганман. Илтимос, мени йўлдан қўйманглар, Тошкентга кетишим керак” дея ҳарчанд ёлвормайин, қўлимдан паспортимни, поеъзд билетимни олиб қўйиб, э йўқ, бе йўқ, ўзимни бир сутка қамаб қўйишди. У ердаги калтак ва ҳақоратларни айтмайсизми? Мана, ҳозиргина қўйиб юборишди. Кейин билсам, мен билан бирга сафарга отланган ҳамроҳларимни ҳам алоҳида-алоҳида тутиб, қамоққа жўнатишган экан. Калтак еганимга, таҳқирланганимга ачинмайман. Поъезддан қолиб кетдим, шунисига сиқилиб ўтирибман. Мана, ҳамон паспортимни ҳам, поъезд чиптамни ҳам қайтаришгани йўқ. Қайтаришадими йўқми, қайтаришса, қачон беришади, номаълум. Мабодо паспортимни қўлга киритиб олсам, чипта-ку, энди куйди, таксида бўлсаям Тошкентга етиб олиш ниятида ҳаракат қилаяпман. Аммо сзилар кайфиятларингизни асло туширманглар. Аслида бор хатолик мендан ўтган. Ғафлатда қолибман. Кимдир бизнинг сафаримиз ҳақида керакли идораларга аллақачон хабар бериб улгуришган экан чоғи. Улар йўлда провокация уюштиришларини ҳисобга олмаган эканман. Кейин билсам, ёқамга ёпишган аёл ёлланма “қароқчи” экан. Шундай бўлишини билганимда, бозорчага тушмаган бўлардим. Аслида, тажрибамдан келиб чиқиб, ҳар нарса бўлишини билишим, провокацияларга тайёр туришим, эҳтиёт бўлишим керак эди.
Ўзбекистон ҳукуматининг тегишли идора ходимлари “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими фаоллари томонидан Қирғизистон элчихонаси олдида ўтказилиши режалаштирилган норозилик пикетининг бўлиб ўтишига халақит беришга астойдил бел боғлаган кўринади. 12 июнь – сешанба кунига қадар ҳали фурсат бор. Аммо “йўлтўсар”у “қароқчи”ларнинг “Бирдамлик”чиларни тўхтатиб қолиш учун яна қандай нағмалари бор, буниси энди ҳали номаълум!
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Ўзбекиcтон бўлими Матбуот маркази



