ЎЗБЕКИСТОН: ОДДИЙ АҲОЛИНИНГ ОҲЛАРИ…

 

Малоҳат Эшонқулова

               “Ўзбекистонда аҳоли иқтисодий тангликдан  азоб чекмоқда. Тирикчилик ташвишидан ортмай қолган одамлар рўзғор деб аталмиш аждаҳонинг кўксига ёқа, елкасига енг бўлиш илинжида овора. Халқ йўқчилик оташида беўтин ёнмоқда”, дегудек бўлсам,  “Нуқул тирноқ ичидан кир қидирасизға? Шоирнинг шеърини эшитмаганмисиз?: “Иллат излаганга иллатдир дунё, ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё” деганлар. Яхши нарсаларни ҳам кўрсин ахир кўзларингиз?” дея  айрим  “ватанпарварлар” таъна тошларини беаёв отишади.

           Бугун қўлимга   аслида иллат изламаётганлигимни, ҳақ гап деяётганлигимни исботловчи бир фуқаронинг аризаси тушиб қолди.   Мен  ушбу аризани ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилмоқ истадим.  Муддаом, бу гал кенг жамоатчилик менинг – бир журналистнинг ёзганлари орқали эмас, халқнинг бир вакили дарди, ҳасрати мисолида кундалик ҳаётини кўз олдига келтирсин. Айни мақсадда мен  Саноат опа Абдураҳмонованинг Ҳукумат идораларидан бирига ёзган аризасини айнан, таҳрирсиз келтиришни лозим топдим. Зеро,  Ўзбекистондаги ҳақиқий хаёт мазкур аризада қисман бўлса-да ўз ифодасини топган:

 

                                                               “ Ўзбекистон Республикаси

                                                               Миллий хавфсизлик хизмати

                                                               Чилонзор райони

 

                                                              Ф-о. Абдураҳмонова Саноат Караевна

                                                              Чилонзор р-н, В 20 “А” даҳаси,

                                                               2 – уй, 49- хона

                                                               Тел. 702-16-32

 

                                  А    Р    И    З    А 

 

            Мен Абдураҳмонова Саноат юқорида кўрсатилган манзилда яшайман.. 1975 йилдан буён. Бўрижар маҳалласига қараймиз-а. Ҳамма маҳаллаларга

 

 

бериладиган ёғ ( пахта ёғи демоқчи – М.Э.) бизнинг маҳаллада ҳам бор, лекин биз ўз вақтида ололмаймиз. Ҳар ой ой оладиган ёғ 2 ёки 3 ойда  1 марта берса беради, ёки у ҳам йўқ. Бу ой шунинг, оладиган ёғнинг ёнига қўшимча килоси 2100 сўмдан 2 кг дан гуруч олган одамга ёғ бераяпти. Мен катта оиламан. Менинг пенциям 127 000. (сўм демоқчи – М. Э.) Пенция оладиган куни ҳамма налоглар бирин-кетин, иссиқ сув, газ, эл. энергияси, мусор, совуқ сув инспекторлари кутиб туришади. Шундоқ қўл қўямиз, шундоқ олиб кетишади. ( Олишимиз керак бўлган нафақа пулимизни демоқчи. М. Э.) Чолим 2-гр. Ногирон. Неварам болаликдан ногирон. Ўғлим арендага машина ҳайдайди, қизим ҳамшира. Шу қизим ишхонага ҳам 10-12 астоновка пиёда бориб келади. Оган ойлиги налогимизга етмайди. Мен рўзғоримни чўнтагимга қараб Қўйлик бозордан  1200 ёки 1500  сўмдан гуруч оламан. Менга гуруч керак эмас, десам, “ёғ ҳам йўқ” деди магазинчи. “Менга шу ёғ ва 2 кгдан гуруч қўшиб сотасан дейишди. Бўлмаса, боринг оқсоқолга. Мен шу гуручни расход қилиб олиб келганман. Ман буни кимга сотаман бўлмаса” деди сотувчи. Оқсоқол эшитишни ҳам ҳоҳламади. Бу маҳаллада ҳамма томони махинация, халқ учун ҳечам ёндошмайди. Нима қилса, у билгани-билган, ҳеч қачон ҳеч кимга ҳамда маҳаллани умуман тушунмайди. Қандоқ қилиб оқсоқоллик лавозимини…  Қанча атрофда улпатлар ва қариндош уруғи, дугоналари, шунча одам қўллаб-қувватлаган. Лекин халқни ҳеч ҳам ўйламайди. Бу жойга инсофли, эътиқодли инсон  бўлиши керак. Мен инсофдан қисқача ёздим. Лекин кўп болалаик онаман. 34 йил уй вакили бўлганман. Кўп нарсани тушунган онаман. Менга шу ёғ масаласини ҳал қилиб беришилани сўрайман.

                      21.IV/ 2012. Абдураҳмонова С.   ( имзо)

 

        Аризани олдим

        Ибрагимов С.

                ( имзо)         21.04.2012 й. ”

 

               Аризага кўз югуртирарканман,  унинг муаллифини саволга тутдим:

–                 Опа, мана, ариза ёзганингизга ҳам бир ярим ой бўлиб қолибди. Хўш, бу идорада бирор бир ёруғлик чиқдими?, – сўрадим ўсмоқчилаб.

–     Шикоятим асосида  маҳалламизда текшир-текшир бошланган. Бундай дейишимнинг сабаби 12 май куни маҳалла оқсоқолимиз билан маҳалла хотин-қизлар қўмитаси раиси уйимга келишди. Нақд 4 соат мен билан суҳбат қуришди. Маҳалла оқсоқолимиз ҳатто кўз ёш ҳам қилди. “Мени ўйламасангиз, болаларимни ўйланг. Раҳмингиз келсин. Жуда ўлар жойда эмассиз-ку. Яшашингиз ёмонмас. Илтимос, бориб раддия ёзиб беринг-да, аризангизни қайтиб олинг” дея роса ёлворди ҳам. Уларга қўполлик қилмадим, аммо жим ўтириб гапларини эшитдим. Бироқ ҳеч қандай жавоб ҳам қилган эмасман.  Охийри улар гапира-гапира толиқиб қолишди, ноумид бўлиб ортига қайтиб кетишди. Шу-шу қайтиб келишган эмас. Аммо маҳалла сув қуйгандек жим-жит. Афтидан, мендан ёруғлик чиқмаслигига кўзи етган маҳалла оқсоқолимиз Маъмурахон  Тумандаги Миллий хавфсизлик хизмати ходамларининг оғзини ёғлашга эришган бўлса керак, бир ярим ой бўлишига қарамасдан, ҳалигача МХХдан шикоят аризамга бир энлик жавоб йўқ,  – деди тушкунликка тушган Саноат Абдураҳмонова дили оғриб, –  Маҳалламизда эса бирор бир ўзгариш йўқ. Ёғ олувчиларга  мажбуран гуруч қўшиб сотиш тўхтаган эмас…. Бозорда  1200-1500 сўмга танлаб оласиз. Бозордаги арзон гуручни маҳаллага келтириб, қимматига зўравонлик билан  сотганига куясизми яна?  Мана, шу бугун ҳам маҳалламиздаги 10 дан ортиқ аёллар ёғга қўшиб мажбурий гуруч сотилишига қаршилик кўрсатиш учун маҳалла оқсоқолининг ҳузурига кетишганди. Билмадим, нима бўлдийкин?…

–                 Тақсимот бўйича, бир ой учун ўзи битта фуқарога маҳалладан бор-йўғи 100 грам ёғ сотиш  кўзда тутилган деб эшитганим бор, шундайми?  100 грам ёғ олиш учун навбат кутасизларми?, – яна саволлар ёмғирини ёғдирдим.

–                 Ҳа, бир кишига бир ой учун  100-150 граммдан беришади. Аммо мен туман Миллий хавфсизлик хизмати идорасига борганимда, у ердаги йигитлар “Белгиланган тартибга кўра, битта одамга 100-150 грамм эмас, 250 граммдан то 500 граммгача “положина” дейишди.  Маҳалла оқсоқоллари эса, гуё туяни ангишвона билан суғоргандек, аҳолининг оғзига томчилатиб қўяди-да, қолган барча пахта ёғларини ўзларига қарашли дўконларга, ё таниш дўқондорларга пуллашади. Маҳалламиздаги кўчанинг ўзида 10 дан ортиқ озиқ-овқат магазинлари бор. Мана шу дўконларнинг барчасини бизнинг маҳалла оқсоқоли ёғ билан таъминлайди.  Маҳаллага маълумотнома олиш учун чиқсангиз, то тўрт тангасини бермагунингизча,  “справка” беришмайди. Эй. Хуллас, ҳаммаси расво….

 

             … Юрт отаси томонидан  мамлактани иқтисодий ривожлантиришнинг беш тамойилларидан бири сифатида – “Олдин иқтисод, кейин сиёсат” деган ибора қўлланилган эди. Мана сизга  “Олдин иқтисод, кейин сиёсат” деган шиор остида олдга эмас, ортга қараб югургилаётган   “келажаги буюк” давлатнинг бугунги қиёфаси…. Аттанг….

 

 

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares