ЎЗБЕКИСТОН: “БИРДАМЛИК” ЕТАКЧИСИ ТАЗЙИҚ ОСТИДА…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

 

            Хабарингиз бор, 29- ва 31 май кунлари “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Фарғона вилояти бўлими етакчиси Гулҳаё Бобожонованинг “Бирдамлик” сайтида “Ўзбекистон: Пластик карточкалар етишмасмиш…”, “Ўзбекистон: Аҳоли лотерея ўйнашга мажбур” сарловҳали хабарлари  эълон қилинган эди.

 

            Муаллиф ўз хабариларининг бирида Фарғона вилоят халқ банкида пластик карточкалар етишмаётганлиги сабабли кам таъминланган оилаларга ажратилган  моддий кўмак маблағлари, шунингдек 2 ва 16 ёшгача бўлган болаларга тўланаётган нафақа пулларини олувчи  5-6 нафар киши атиги бир дона пластикдан фойдаланишга мажбур бўлаётганлиги хусусида маълумот берган бўлса, иккинчи мақолада  вилоят халқ банки томонидан “Омад лотто” лотерея билетлари нафақа олувчи аҳолига мажбурий тарзда сотилаётганлиги танқид остига олинган эди.

         Хабарларда тилган олинган ҳар иккала мавзу юзасидан  “Озодлик” радиосида эфирга узатилган эшиттиришларда  мавжуд вазият борасида ўз фикр ва қарашларини баён қилган “Бирдамлик” етакчиси Гулҳаё Бобожоновага ҳақ гапни айтиши қимматга тушадиган бўлди.

          Гап шундаки, Гулҳаё Бобожонова шу йилнинг январь ойида Фарғона шаҳридаги  ўзи истиқомат қилаётган Истиқлол маҳалласига  бир нечта номзодлар орасидан маслаҳатчи сифатида танлаб олинган эди.

          – Аслида менинг маҳаллага маслаҳатчи сифатида қабул қилинишим осон бўлмаганди. Биласиз, бизда ҳақгўйларга кун йўқ, қийин. Азборойи ростгўйлигим, курашчанлигим туфайли раҳбарларга ёқмаслигимни биламан. Шу сабаб маҳалламизда маслаҳатчи бўлиш учун ҳам  бир қанча қийинчиликларни енгиб ўтишимга тўғри келганди, – дейди Г. Бобожонова.

           Фарғона вилоят ва шаҳар ҳокимлиги Бобожоновани Истиқлол маҳалласига маслаҳатчи этиб тайинлашга қарор қилганида,  афтидан, “Малаҳатчилик Гулҳаёга мисоли бир тузоқ, тўғри сўзни айтувчи оғзига тамба бўлади. Адолат йўлида қилаётган югур-югурларини йиғиштириб қўяди” дея хаёл қилишган кўринади. Бироқ, вилоят “катталари” ҳомтама бўлишган чоғи, улар ўйлагандек бўлиб чиқмади. Гулҳаё ҳақ гапини қўймади.

              Гулҳаёнинг “Бирдамлик” сайтида чиққан хабарлари ва “Озодлик” радиосида берган интервьюларидан  жазавага тушган Фарғона вилоят амалдорлари “бебош” бу аёлнинг танобини тортиб қўйишга астойдил жазм қилишди.

Гулҳаё Бобожонова

             Вилоят раҳбарлари ишни “Истиқлол маҳалласи маслаҳатчиларини қайта кўрикдан ўтказиш”дан бошлади. Ҳокимтўраларнинг режасига кўра, шу бугун эрталабданоқ Гулҳаё Бобожонова  Фарғона шаҳар ҳокимлигига, “суҳбат”га чақиртирилди.

             –  Шаҳар ҳокимиятига борсам, бир хонада мен танимайдиган бир эмас, беш-олти нафар киши ўтиришган экан. Улар мени у ёқ, бу ёқдан гапга тутган бўлди. Кейин бир маҳал ўзини “Фарғона шаҳар ҳокимлиги Иқтисод бўлими бошлиғи Абдуллажон Ҳолматов бўламан” деб таништирган  шахс менга қараб, “ Тушунмадим, ўзи сизни ким Истиқлол маҳалласига маслаҳатчи қилиб танлаган? Шуни билингки, сиз, умуман, маҳаллага маслаҳатчи бўлишга арзимайдиган аёлсиз” деса бўладими?  Абдуллажон Ҳолматовнинг гапига ўтирганлар очиқ-ошкора истеҳзоли кулишди. Мени масхаралаб кулишди. Бу руҳиятимга жуда ёмон таъсир қилди, – дейди Гулҳаё Бобожонова биз билан бўлган суҳбатда, – Улар бу нағмаларини нима учун қилаётганликларини жуда яхши биламан. “Тўғри гап – туққанингга ёқмайди” деганлари шу-да. Аҳолини азобга қўяётган муаммолар ҳақида оғиз очгандим, “тепадагилар”нинг кўзига балодек кўриниб қолдим…. Уларга ҳақ гап ёқмайди. Ҳамма жабру жафоларга чидаш, сабр қилиш, ноҳақликга қарши чиқмаслик керак уларга. Аксинча, фақат хушомадгўйлигу қуллуқ қилиб кун кўриш керак…. Мен эса уларнинг бу зайилдаги талабларини бажара олмайман…

              Ажабо, Гулҳаёнинг “жавобини”  нега энди айнан  молиячи бердийкин?  Одатда маслаҳатчилар ҳокимиятнинг “Маърифатчилари” томонидан элакдан ўтказилур эди-ку? Ё маҳалла маслаҳатчиларини Ҳокимиятнинг молия бўлими бошлиқлари тайинлашадими?  “Озодлик”нинг куни кеча берган эшиттиришида “Омад лотто”нинг  халқ банкига тегишлилиги хусусида гап кетганди.  Халқ банки жамиятнинг умуртқа пағонаси бўлмиш Молиянинг тасарруфидами ахир? Ҳайҳот, наҳот тахминларимиз тўғрии бўлса? “Омад лотто”нинг олғирлари айнан мана шу молиячилар бўлмасин тағин?…

            Хулласикалом,   айнан мана шу тақлидда Гулҳаё Бобожонова маслаҳатчилик  “мавқеи”дан (агар мавқе деб аташ ўринли бўлса!) мусавво  қилинди.

             Бу ҳали “Бирдамлик” етакчиси Бобожоновага қилинаётган босимнинг, тазйиқнинг бошланиши, холос…

             Тўғри гапни айтганларнинг бошига тўқмоқ тушаверадими? Қизиқ, Ўзбекиcтон деб аталмиш жамиятга фақат маддоҳлар гуруҳи керак холосми?  У ҳолда тузум ўз аксини қаерда, нимада қандай қилиб кўради?  Кўра оладими? Ахир ўз юзидаги доғ-дуғдан халос бўлиш учун ҳам одамзод кўзгуга қараб туриши керакку? Жамиятдаги муаммони кўра билиш, батараф этиш учун ҳам, аввало ана шу камчиликни кимдир кўрсатиши, айтиши, айта олиши керакми аҳир? Ёки Ўзбекитсон ҳар қандай камчиликдан ҳоли, бенуқсон, эртакмакон диёрми? Мамлакат жаннатми, жаҳаннамми?

              Мабодо Ўзбекистон жаннатмакон бўлса, жaннатни жаҳаннамга айланмаслиги учун ҳам, агарда, Ўзбекистон жаҳаннам бўлса, уни жаннатга айлантириш учун ҳам бизга, жамиятга  Гулҳаё кабилар керак,    Гулҳаёлар керак. Шундай эмасми?

 

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” халқ демократик  ҳаракати Ўзбекиcтон бўлими етакчиси

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares