
Мана, бир неча йилдирки, Ўзбекистоннинг барча вилоятларида банклар томонидан пластик карточкалар жорий этилди. Даставвал, корхона ва ташкилот ходамларининг ойлик маошлари омммавий равишда мажбурий равишда пластик карточкаларга туширилган бўлса, кейинчалик пенcионерлар ва икки ёшгача бўлган болаларнинг нафақа пулларини, кам таъминланган оилаларга берилаётган моддий кўмак маблағларини ҳам пластикка ўтказиш жорий этилди.
Мабодо Ўзбекистонда пластик карточкалардан тўла-тўкис фойдаланиш тизими пухта ишлаб чиқилганда эди, бу хизмат тури аҳолига бағооят катта қулайликларни туҳфа қилган бўларди.
Тўғриси-да, бозор, ёхуд дўконга йўқотиб қўйиш хатаридан хавфсираб катта миқдордаги маблағни кўтариб борган қайда-ю, ихчамгина “сармоя сандиқча”нгиз – пластик карточкангизни бежирим ҳамёнингизга солиб келганингиз қайда. Бу “сармоя сандиқча”нинг яна бир қулай жиҳати шундаки, агарда уни йўқотиб қўйгудек бўлсангиз, хавотирланишга ҳожат йўқ. Токи “парол”ини билмас экан, мана ман деган устаси фаранг ҳам уни очаолмайди, “ичидаги” сармояни сарфлай олмайди.
Бироқ, кўп афсуски, “сармоя сандиғи” деб аталмиш бу пластик карточкалар Ўзбекистон аҳолисининг оғирини енгил, мушкулини осон қилиш ўрнига жонига жабр қилмоқда, шўрини қуритмоқда.
Мана, масалан, Фарғона шаҳридаги пeнционерлар, икки ёшгача бўлган болаларнинг нафақа пулларини, ким таъминланган оилаларга берилаётган маблағларни ҳам пластик краточкаларга ўтказиш урф бўлган.
Шўрлик фуқаролар шунисига ҳам рози. Бироқ, Фарғона шаҳар халқ банкининг ҳар бир нафақахўрга, икки ёшгача бўлган болалар нафақасини олувчи оналарнинг номига, модддий кўмак ажратилган фуқароларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида пластик карточка очишнинг имкони йўқ эмиш. Шу сабабдан ҳар бир маҳаллада истиқомат қилувчи икки ёшгача бўлган болалар нафақасини олувчи 6-7 нафар оналар учун атиги битта аёлнинг номига пластик карточка очилган. Қолган 5-6 та оналарнинг маблағи ана шу аёлнинг номида бўлган пластик карточкага ўтказиб берилади. Барча томоша ана шундан кийин бошланади. 6-7 наар аёлнинг барчаси ҳам биринчи бўлиб пластикдаги пулини олгиси, ишлатгиси келади. Аёллар ўртасида “менга бер, менга бер”, “Биринчи менга зарур эди”, “Аввал мен ишлатиб олай” деган тортишувлар юзага келади. Натижада, улар “сармоя сандиғи”даги маблағларини нақд пул қилиш масаласида ўша халқ банкининг “учар” ходимларидан бирига ёхуд савдо шахобчаларининг сотувчиларига мурожжаат қилиш борасида муросага келиб олишади.
Пластик карточкадаги сармояни нақд пулга айлантиришнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун банк ходими, ёхуд сотувчига ҳожатбарорлиги учун “хизмат ҳақи” берилиши шарт. Нақд 15 фоиз. Дейлик, пластикда 100 минг сўмингиз бўлса, қўлингизга 85 минг сўми тегади. Йўқ, агар дўқондан маҳсулот оламан десангиз ҳам оқибати шу, пештахтадаги барча маҳсулотлар “терминал”га 15 фоиз қимматига сотилади. Ўзбекистондаги савдо тизимининг ёзилмаган қонунияти шу.
Ўзи-ку, икки ёшгача бўлган болалар нафақаси 120 минг сўмнинг нари берисида. Онаизор шўрликлар ана шу арзимаган маблағнинг ҳам қарйиб 20 минг сўмини банк ходимига, ё сотувчига “ҳадя” қилишга мажбур бўлишмоқда.
Шу сабабли, Фарғона шаҳридаги барча маҳаллаларда истиқомат қилувчи аёллар “Ҳар биримизнинг номимизга алоҳида-алоҳида пластик очиб беринг. Битта шахснинг номидаги пластик карточкага 7-8 нафар кишининг пулини тушириб беришларингиз бизга ноқулайлик туғдирмоқда” дея Фарғона вилоят ва шаҳар Халқ банки маъмуриятига бир эмас, бир неча маротаба бориб арз-ҳол қилишган. Аммо Халқ банкининг жавоби битта: “Ҳар бир фуқаронинг номига алоҳида пластик очиш учун банкимизнинг имкониятлари чекланган. Иложимиз йўқ. Сабр қилишингизга тўғри келади!”.
Ўзбекистон Молия вазирлигида мудраб ўтирган мутахассислар ҳам қизиқ. Аввал пластик карточкалар ва “терминал”ларнинг ғамини емайдими, ана ундан кейин пластик деган нағмаларини жорий қилмайдими? Бу нима аҳвол? Бу нимаси? Аҳоли қачонгача сабр қилиши керак?
Гулҳаё БОБОЖОНОВА
“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Фарғона вилояти бўлими етакчиси



