МАҚСАДИМИЗ МАРКАЗИЙ ОСИЁ ХАЛҚЛАРИНИНГ ДЎСТЛИГИНИ ЁРИТИШ…

Газеталарнинг тақдимот маросими

Таҳририятдан: Яқинда “Туркистон тонги” номли қозоқча ва ўзбекча газеталарнинг тақдимот маросими бўлди. Ҳар бир нашрнинг майдонга келиши маънавий ҳаётимизда қувончли воқеа ва Қозоғистонда демократик тамойиллар илдиз отаётганининг далилидир. : мухбиримиз икки тилда чиқадиган “Туркистон тонги” газеталарининг муассисларидан суҳбат олган. Қуйида шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

 

Мухбир:– Бу газетанинг ташкил бўлиши, мақсади ва вазифалари ҳақида гапириб беришларингизни истардик.

 

С. Байдуллаев:- Кейинги пайтларда Жанубий Қирғизистонда юз берган қонли воқеълар ҳамма қатори қозоқ ва ўзбек зиёлиларини ҳушёр торттиргани ҳеч кимга сир эмас. Бизнинг туркий халқларимизнинг “дўстлари” кўп ва халқларимиз орасида содда ва баъзи омилари ҳам йўқ эмас. Агар “дўст”лар орага қутқу солса, арзимаган учқундан аланга чиқиб кетмайди, деб ҳеч ким кафолат бераолмайди. Қозоғистон Марказий Осиёда демократияга интилаётган, тинчлик сақланаётган ўлка. Шундай бўлса ҳам қозоқ ва ўзбек зиёлиларидан бир қанчаси шу масалани муҳокама этиб, Қозоғистонда қозоқ ва ўзбек тилларида алоҳида-алоҳида газета таъсис этиш керак, деган фикрга келдик. Кичкинароқ бўлса ҳам “Туркистон тонги” ташкил этилди ва рўйхатдан ўтказилди. Гап келганда айтиб ўтиш лозимки, агар Ўзбекистонда ҳам шу хил миллатлараро мувофиқликни таъминлашга ёрдам берадиган газета очилса яхши бўларди.

 

Мухбир:– Ўзларингиз айтаётгандай, миллатлараро мувафиқликни бугунги Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи ҳам таъминлаб турибдику… Шу маънода…

 

Б. Норбой:- Узр гапингизни бўламан. Таъминлаб тургани тўғри. Ўрисларда: “Каша маслом не испортиш” деган мақол бор. Яъни, шовлага сариёғ солган билан уни таъмини бузолмайсан, аксинча, ширин бўлади, дегани. Ҳукуматларнинг тинчликни сақлаб тургани яхши… Биз, яъни қозоқ ва ўзбек зиёлилари, тарихчи ва журналистлари биргаликда, бу тинчлик бардавом ва абадий бўлиши тарфдоримиз. Камтарликдан четроққа чиқиб айтадиган бўлсак, тинчлик ва дўстликнинг тарихий, маънавий-руҳий асосларини ёритиб, халқларимиз туби, тарихи, маъавияти бирлигини ёритадиган материаллар бермоқчимиз. Шундай маънавий руҳий ҳолат яратиш керакки, ҳукматнинг аралашувисиз ҳам халқларимиз дўстликда ва омонликда яшаб қолишсин.

 

Мухбир:– Ҳукуматга ёрдам берётган экансизларда! Тарихий, маънавий асослари деганда нималарни кўзда тутяпсизлар.

 

С. Байдуллаев:-Халқларимиз тарихан бир халқ эканини кўзда тутяпмиз. Маълум ва машҳур Нуҳ тўфонидан кейин ўз ривожини қайта бошлаган Одамзодга Ер юзи бўлинганда Нуҳнинг ўғли Ёфас (туркийча Ўлжайхон) чекига Марказий Осиё – Туркистон ерлари тушган. Тарихчиларнинг гувоҳлик беришларича, унинг авлодлари Туркистон тупроқларида кўчманчилик билан кун кечиришган ва тарихчи Рашид-ад-Диннинг “Жамиъ-ат-таварих”ида ёзилишича, ёзда яйловларда, қишда (Барсуқ ва Корақум атрофларидаги) қишлоқларда, баҳорда эса, Инонч шаҳар ёнидаги Ўртоқ ва Қўртоқ ҳудудларида умргузаронлик қилишган. Ўлжайхон ҳукмронлик қилган замонлардаёқ бу ерларда Сайрам, Талас (Исфижоб) сингари кўплаб шаҳарлар мавжуд эди…

 

Б. Норбой:– Сейитбойнинг гапини давом эттириб шуни айтиш керакки, Туркистон ҳудудидаги халқлар (худди ўғизлар: қипчоқ, қалач, қангли, қарлуқ каби турли тоифаларга бўлингандай) турли қавмларга бўлиниб, ҳар бири ўзларини ўз уруғлари оти билан атай бошлашган. бу ҳудудларда: агар, алчин, арғун, арлат, баған, барлас, баҳрин, бўстон, будай, буйазут, буйтай, буйурак, буркут, бусе, ғариб, гирей, жалайир, жалджут, жуладжи, журат, жусулажи, дуджир, дурмен, йадж. қалмак, қалывай, қанглы, қара, қарлуқ, қары, қатаған, кенагес, қераит, қилечи, қипчоқ, қохат, қўнғирот, қур, қурлаут, қучи, қыргыз, қырк, қышлық, қиёт, манғит, масид, маҳди, меркит (мирзо Улуғбек ва кейинчалик Л.Н. Гумелов бу уруғнинг отини макрит деган сўз билан аташган), минг, митан, найман, никўз, оғлан, оғлен, ойрат, онг, онгачит, онгут, олхонут, пўладчи, рамадан, сарай, сахтиян, сулдуз, сымырчик, табын, там, тама, танғут, тарғил, татар, тувадак, туркман, тушлуб, ўз, уйғур, уймаут, уйшун, урмак, ўтарчи, хафиз, хитай, чақмақ, чилкас, чимбай, ширин, шубурғон, шуран, юз, ябу”, (сингари, тарихчилар гувоҳлик беришича, “92 Ўзбек уруғи” номини олган) уруғлар яшаган. Тарихчи олим Рашид-ад- Диннинг гувоҳлик беришича, бу ҳудудда яшаган туркий халқлар ўзининг сони билан бошқа халқлардан устунлик қилган ва кейинроқ мўнғўл номини ҳам олган. Бинобарин, булар ҳақиқий мўғил эмас,туркийлашган мўғиллар бўлган.

 

С. Байдуллаев:- Характерли томони шундаки, юқоридаги уруғларнинг баъзилари қозоқларда, баъзилари ўзбекларда ҳам учрайди. Бу ҳол ҳам қозоқ ва ўзбекларнинг туби бирлигидан нишонадир.

 

Мухбир:- Бунга тарихий далилларингиз ҳам борми?

 

Б. Норбой:- Бор! Кўплаб тарихчилар, Чингизхоннинг катта ўғли Жўжининг онаси туркий қавмдан бўлиб, биологик отаси туркий бўлганига ишора қилади. Яъни туркий элларни босиб олган Чингиз Қўнғирот уруғининг бир шохчаси бўлган Ўлхонут қавмидан бўлган Ўэлун исмли аёлни ўзига хотинликка олади (бу аёлнинг аввалги эри Чилгир-Боқо – Баҳодир эди) ва кўп ўтмай бу аёлдан фарзанд туғилади. Унинг исмини Жўжи (Жўлши) қўйишади. Чингизхон афтидан фарзанди ўзидан бўлмаганини билган кўринади, чунки, Жўжини (яъни катта ўғлини) эмас, учинчи ўғли Ўгэдэйни ўзига ворис қилиб тайинлайди. Шунингдек, Жўжи Баҳодир ҳам ўзининг ҳақиқий отасини билган бўлса керакки, аскарларининг асосий қисмини (70 минги, яъни 80 фоизини) ўз қавмидан, туркий Қўнғирот уруғидан олган. Жўжининг учта аёли ҳам Қўнғирот уруғи вакиллари қизлари бўлиб, афтидан у пайтда ўз уруғидан уйланиш таъқиқланмаган. Кейинчалик ҳам кўплаб туркий уруғлар эса Жўжи Баҳодир қўл остида умргузаронлик қилишган.

 

С. Байдуллаев:- Жўжининг қўл остидаги туркийларнинг кейинчалик Чингизийлардан мутлақо ажралиб чиқиб Олтин Ўрда хонлигига асос солишгани бежиз эмас… Қолаверса, Олтин Ўрданинг энг буюк хони туркнинг Қўнғирот уруғидан бўлган Олжай-хотин ва Мангу-Тимурдан туғилган Ўзбекхон ҳам мўғил эмас, туркий қавмдан эди. Демак, Олтин Ўрда бевосита туркийлар қурган хонлик эди.

 

Б. Норбой:- Кейинроқ (1428 йили) Абулхайрхон Ўзбек хонлиги деб аталган хонликка асос солган ва 40 йил хонлик қилган… Айрим тархчилар Абулхайрхоннинг Олтин Ўрда хонлигига, Ўзбекхонга алоқаси йўқ, деб ўйлашади. Агар алоқаси бўлмаганда у хонликнинг отини Ўзбек хонлиги деб қўймасди. Шу орада Ўзбек хонлиги жунғорлар билан уришган ва енгилган. Абулхайрхон бу енгилишга лашкарбошилар Керей ва Жонибек айбдор деб, уларни жазолашга оғзаки фармон берганини эшитган Жонибек ва Керей аскарлари ва оилаларини олиб, Чу водийсига қочиб кетган ва Қозоқ хонлигини қуришган.

 

Мухбир:- Икки хонлик кетма кет қурилган, демоқчисиз?

 

Б. Норбой:- Шундай, кетма кет қурилган. Абулхайрхоннинг болалари ва набиралари Ўзбек хонлигининг давомчилари бўлишган. Жумладан, Шайбонийлар династиясига асос солган Муҳаммад Шайбонийхон ҳам унинг невараси бўлиб, ўзбек хонлигининг йўлбошчиси эди. (Гога Ҳидоятов бир мақоласида Шайбонийхон гўё Керей ва Жонибеклар билан яқин замондошдай ёзади. Аслида улар ўртасида қирқ эллик йиллик фарқ бор). Ўша пайтдаги удумларга асосан тили ва дини бир подшолар ҳам бир бирига қарши уришаверган. Ўзбек хонлиги вакиллари ҳам Темурийларнинг авлодлари билан жанг олиб бораверган. Шайбоний ҳам Темурийлар авлоди бўлмиш Бобурга қарши курашган ва уни Туркистон ҳудудидан Афғон ва Ҳиндистон ҳудудига кетишга мажбур қилган. Аммо ўша пайтда ўзларини туркий деб атаган Темурийлар ва ўзини ўзбеклар деб атаган, тили, дини, урф одатлари бир хил (Бунга ўша асрларда яшаган Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома” асари тарихий гувоҳ…) бўлган Ўзбек хонлиги бир бирига уруш очгани тарихда бор гап.

 

С. Байдуллаев:- Бунга шуни қўшимча қилиш керакки, ҳозирги Туркистон ерлари Шайбонийхон қўлига ўтгандан кейин ҳам, ўзини туркий деб атаган Темур ва Бобур бошқарган халқлар бу ҳудудларда яшаб қолишаверган. Ҳозирда Шайбонийларнинг авлодлари Сурхондарё. Қашқадарё вилоятларининг қатор туман ва қишлоқларида, Бухоро ва Самарқанднинг ён атрофидаги туман ва қишлоқларда яшашади. Кейинчалик ўша ўзини туркий деб атаган (“Бобурнома”даги “Фарғона эли бари туркдир. Бозорларида туркий билмас киши йўқдир” сўзларини эсланг) аҳоли ва ўзбек хонлиги қўл остидаги туркийлар бугунги кунда Ўзбекистон деб аталган юртда яшашади.

 

Б. Норбой:- Руслар бу ерларни босиб олгандан кейин уни Туркистон губернияси деб атаган ва минг йиллардан бери бўлганидай, орада ҳеч қандай чегара бўлмаган. Туркистон ҳудудидаги қишлоқларнинг бирида ўзбек деб аталган, иккинчисида қозоқ деб аталган, учинчисида уйғур ёки тожик деб аталган миллатлар яшайверишган. Шунинг учун ҳам Сайрам ва Туркистонда ўзбеклар, Конимех, Томди туманларида қозоқлар яшаб келган ва ҳозир ҳам тинчлик ва омонликда, дўстлик ва иттифоқликда умр кечиришмоқда. Шўро ҳукумати қурилгач, бири олдинроқ, бири кейинроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон республикалари ташкил этилган ва рамзий чегаралар чизилган… Кейинчалик тарих тақозаси билан бу хонликлар туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари қарор топди.

 

Мухбир:- Тарихий асослар етарли эканлигига амин бўлдик. Энди газетанинг мақсад ва вазифаларини ҳам ёритиб берсангизлар.

 

С. Байдуллаев:- Ҳар бир нашрнинг ўз йўналиши бўлиши кераклиги ҳаммага аён! Юқорида ҳам қисман айтганимиздай, “Туркистон тонги”нинг бош мақсади Марказий Осиё ҳудудида яшаётган халқларнинг миллий тотувлиги ва дўстлиги, иттифоқини ёритиш, ўзаро миллий низоларни олдини оладиган мақола ва асарларни оммага етказишдир.

 

Б. Норбоев: – Шунинг учун ҳам газетадан, “Тарих сабоқлари”, “Дарғалар”, “Маданият марказларидан хабарлар”, “Қозоқчани ўрганамиз”, “Туронни куйлаймиз”, сингари рукнлар ўрин олган. “Адабиёт ва санъат олами”, “Шеърият”, “Аҳвол қалай мардикор?”, “Таҳлил” рукнларида маъанавиятдаги ва жамиятдаги жабҳалар ҳақидаги бадиий асарлар, ҳаётимизда бўлаётган жараёнларни кенг ва атрофлича ёритадиган асарларга ўрин берилади.

 

Мухбир: – Аҳвол қалай мардикор? Рукнида нималар ҳақида гап кетади?

 

Б. Норбоев:- Маълумки, Қозоғистонга Марказий Осиёнинг қатор мамлакатларидан мардикорлар келиб ишлашади. “Аҳвол қалай, мардикор?”, рукнида Қозоғистонда, Россияда ва бошқа ўлкаларда ишлаётган ўзбек, қирғиз, туркман ва бошқа миллатларнинг мавсумий муҳожирлари ҳаёти, уларнинг муаммолари ёритилади. Чунки, мардикорлар аҳолининг ҳуқуқий жиҳатдан энг кам ҳимояланган қисми. Мен “Сана сезим” ташкилотида ишлаб, улар ёрдамида “Меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий кўмак кўрсатиш ўрталиғи”ни қурганимизда амин бўлганман. Афсуски, маълум иқтисодий сабабларга кўра ҳозирда бу марказ ишлаётгани йўқ. Газетада миллатидан қатъий назар ўша мардикорларнинг ҳаётини кўпроқ ўзлари ёзган мақолалар, берган суҳбатлар орқали ёритмоқчимиз, агар улар ёрдам сўрашса, журналистика йўли билан кўмак бериш ниятимиз ҳам бор.

 

С. Байдуллаев:- Шунингдек, “Қўшниларда нима гап?” рукнида Марказий Осиёдаги мамлакатларда бўлаётган қатор янгиликлардан дараклар берилади. “Ҳазил – Зил” рукнида ҳажвиялар, “Спорт”да шу соҳага оид янгиликлар, Қозоғистон ва Ўзбекистон мамлакатлари эришган ютуқлар, айрим камчиликлар ёритилади. Табиийки, “Эълонлар”, “Жарнама” рукнлари ҳам ўрин олган. Ва албатта, иш жараёнида газетхон талаби билан янги рукнлар очилиши мумкин. Қозоқ ва ўзбек тилидаги ҳар икки газетда таҳририят муҳим деб билган материаллар қозоқча ҳам, ўзбекча ҳам зарур ўринларда русча ҳам таржима қилиб босилади.

 

Б. Норбой: – Хуллас, биз олди қочди ҳангомаларни ёритиб, газетадан фойда кўриш учун эмас, интеллектуаллар, халқларимизнинг оқил ва жонкуяр, фидоий ва заҳматкаш вакиллари учун, элимизнинг бугуни ва келажаги учун ишлаймиз. Аммо бу иш битта иккита, ҳатто беш ўнта одамнинг қўлидан келадиган иш эмас. Шунинг учун биз халқларимизнинг оқил ва фидоий фарзандларига мурожаат қилмоқчимиз: келинглар, биргалашайлик, бировларнинг ғашига тегмайдиган, ҳеч кимни ҳақорат ва бадном қилмайдиган, аммо онгини юксалтириб, буюк Туркистон элидаги барча халқлар вакилларининг маънавий дунёсини юксалтирадиган, бирлаштирадиган, улар орасида низо қўзғамайдиган мақолаларингиз, бадиий асарларингиз билан бизга муаллиф ва ҳамкор бўлинг!

 

Мухбир: – Батафсил ва қизиқарли суҳбатларингиз учун рахмат! Ўйлайманки, бу суҳбат бизнинг ўқувчиларимиз учун ҳам фойдали бўлади.

 

Суҳбатни У. Қурбонтоев ёзиб олган

 

Газетани pdf форматда Замондош сайтининг Рукнлар бўлимидаги Туркистон Тонги ҳаволаси орқали ёки мана бу ҳавола Туркистон тонги газетаси орқали ўқишингиз мумкин.

 

http://zamondosh.com   

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares