Ўтган йили қўшним фермернинг буғдойдан бўшаган еридан бир гектарини ижарага олди. Ўз маблағи эвазига ерни ҳайдатиб текислади ва далага сув қўйиб юборди, шоли ниҳолларини келтирди.Айни ниҳоллашни бошлашган пайтда эса сув насослари тўхтатиб қўйилди.
Натижада ернинг суви қуриб, ниҳоллар нобуд бўлди. Шолини яхши парваришлаб, ҳосилини сотиб, рўзғор тебратишни ният қилган қўшним бундан изтиробга тушди. Бола-чақасини қандай боқишни билмай қолди. Танг аҳволда қолган бу йигит пул ишлаш учун Россияга кетишга мажбур бўлди?
Шу тариқа ҳар йили аҳолининг шоли экишига ҳалақит берилади. Бошқа экинлардан келадиган даромаддан фермернинг ҳисоб рақамига ҳамда давлат ғазнасига маблағ тушиши яхши, албатта, лекин оддий хоразмликлар, айниқса, қишлоқ аҳолиси учун шоли асосий даромад манбаи ҳисобланади.
Юртдошларимиз шолидан оладиган даромадлари эвазига рўзғорларини бутлайдилар, тўйлар қиладилар. Шундай экан, айни керак пайтда насослар тўхтатиб қўйилиши ниҳоятда ажабланарли ҳолдир.
Дилроз ҚУЛМУҲАММАД




