
ВАЛЕРИЙ НАЗАРОВ
Ўзбекистонда қонунлар фақат амалдорларнинг оддий фуқаролар устидан ҳукмронлигини мустаҳкамлашга ҳизмат қиладиганган ўхшайди. Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига, деган демократик тамойил ҳаётга тадбиқ этилган эмас. Шу шиордан маънавий рағбат олиб, қаноат ҳосил қилиб, меҳнат қилаверинглар, дейилгандек туюлади.
Бундан, ишлайвер, ишлайвер, ишлайвер, ҳоким учун ишла, ўринбосарлар учун ишла, прокурор, суд учун ишла. Лекин ўзингни ўйлама, сен робот бўлишинг керак, деган маъно келиб чиқади. Робот масаласида Ўзбекистон Япониядан ҳам ўзиб кетди. Японлар механизмларни қўлласа, Ўзбекистон одам инженерлари тирик одамларни роботларга айлантириш устида тажриба ўтказмоқда.
Ушбу тажрибани умумлаштириб, охирига етказиш учун, ўзи ҳақ бермаса-да, рўзғор бутлигини таъминлаш учун чет давлатларга плу топиш илинжида ёлланиб ишлашга кетаётган йигитларимизни ҳам ички ишлар поғоналари томонидан элакдан ўтказиб, илиниб қолган майда-чуйда маблағларидан ҳам халос қилиб, ҳамёнларини тозалаб ўтказмоқдалар. Овозингни чиқарма, эътироз билдирма, менинг кўйимга тушасан.
Мен Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи чиқарган қарорлар ҳимоясида 2009 йилдан бери Хива тумани ҳокими Д. С. Аллақулиев томонидан поймол қилинган юридик ҳуқуқимни тиклаш учун ҳаракат қилиб келаяпман. Суд мажлиси 5 марта бўлди, аппеляция, кассация, Олий хўжалик суди, Сенат доирасидаги суд ва ҳуқуқ қўмитаси, Конституциявий судга мурожжатлар. Ҳар қайсисини эшигига 3 марта қайта аризалар билан кириб чиқдим. Эндиликда уларнинг вазифаси ҳуқуқ ҳимояси эмас, фуқароларни амалдорлар ҳукмига эътирозсиз бўйсундириш, “кнопка” билан бошқариладиган роботга айлантириш эканини синовдан ўтказдим. Барча ишончларим сўнди.
Воқеанинг асл моҳиятини англатиш учун худди олдингидай баъзи ҳужжатларни келтириб ўтмоқчиман:
Мен илгариги жавоблардан ҳам қониқиш ҳосил қилмай, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Р. Эшоновга ушбу такрорий аризани почта орқали жўнатган эдим:
Ҳурматли қонунлар мажмуаси амалиёти тадбиқчилари! Мен ушбу аризамни учинчи марта йўллаш ҳолатимни ҳамма тарафдан чегаралаб, яшашга бўлган иштиёқимни сўндириш учун қилинаётган ҳаракатлар асосидан келиб чиқиб, поймол қилинаётган ҳуқуқимни тиклаш, унутилаётган қасамёдларни эсга тушириш учун қилинаётган ҳаракат деб билгайсиз. Шу ўринда болалигимда ўқиганим, айёр тулки тўғрисидаги эртакни айтиб беришга руҳсат этгайсиз:
Бир тулки доим товуқларни қийратиб, ер экан. Бунга чидолмаган товуқлар тулкининг устидан арз қилиб, айиқнинг олдига боршибди. “Айиқполвон, тулкининг дастидан бизга кун йўқ. Ҳар куни кечаси бизларни қийратгани қийратган. Ҳеч кимдан ҳайиқмайди”, дейишибди улар. “Тулки-я, вой, муттаҳам-эй, мен уни жазосини бераман”, дебди айиқ. У тулкини чақиртирибди. Тулки келиб, думини силкитиб: “Айиқ ҳазратлари, мен сизнинг биқинингизга тош ботмасин деб пар ёстиқ келтирдим”, дебди тулки ва юмшоққина ёстиқни айиққа узатибди, “Булар сизнинг ғамингида юрганимни билишмайди”. Айиқ пар ёстиққа суяниб роҳатланиб, товуқлардан юз ўгириб: “Аҳмоқлар, боринглар, иккинчи бунақа бемаъни арз билан бошимни қотирманглар”, деб уларни қувиб солибди. Шу кечаси яна икки товуқнинг шўри қурибди.
Товуқлар бўрига арзга боришибди. “Тулкининг дастидан дод!” дейишибди. Бўри тулкини зирқиратиб ҳайдаб келтирибди. “Бўри жаноблари!” дебди тулки думини ликиллатиб. “Мен биқинингиз ерга ботмасин деб пар ёстиқ келтирдим”. У бўрининг қўлтиғи остига юмшоққина ёстиқни қўйибди. “Бу попукли аҳмоқлар сизнинг ғамингизда юрганимни билишмайди”. Бўри пар ёстиққа суяниб роҳат қилибди ва товуқларга дўқ уриб: “Кўзимдан йўқолингилар, бадбахтлар. Тулки ўз ишини билиб қилади. Бундан кейин хайрли иш қилганлар устидан арз қилиб келманглар” деб бақирибди. Товуқлар жонларини ҳовучлаб уйларига қайтибдилар. Шу кечаси уч бош товуқ тулкига ем бўлибди.
Эртакнинг давомини зарурат туғилса, худо хоҳласа, кейинги арзимда баён қиларман. Зора, “Эртаклар-яхшиликка етаклар” дейишганидек, сизларга инсоф бериб, қизим сенга айтаман, келиним сен эшит, турфидаги услубни ўзгартириб, ватанимиз қонун поспобнларига “Ҳаёт сабоғидан олмаса таълим, Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим” дегандай, ҳадеб менга фалончи-фалончилардан жавоб берилганини тўтиқушдай такрорлайвермай, “что”, “к чему”, “откуда”, “кому”ларга адолат тарозуси билан ёндашиб, иш юритсангиз. Ахир бу ишда Вазирлар Маҳкамасининг 476-сон қарори 8-иловасидаги IV банд 13-қисм, VI банд 20-қисмда белгиланган кучи синовдан ўтказилмаяпди-ку. Ёки бу йўриқнома кимгадир қонуний куч, кимларгадир бўйсуниш шарт бўлмаган ҳужжатми?
Мени адресимга Олий хўжалик суди шикоятлар бўилми бошлиғи бу сафар ҳам, “Сизга тушунтирилган”, жавобини канда қилмай, умумий тарздаги жавобни такрорлабди. Хўш, нимани тушунтирди? Биттаси, ҳоким қарорининг бекор қилиниши хўжалик судига тегишлимаслигиними? Кимга тегишлилигини аниқлаш учун мен Конституциявий судга мурожаат қилаяпман. Иккинчиси, иқтисодий тажовуз, яъни давлат божи юклаш билан пўписа қилишми? Хуллас, айёр тулки сценарийси, тулкидан қабул қилинган юмшоққина пар ёстиқни ҳалоллаш. Биттаси йўқки, “Ҳой, тулки, сен нима учун ва нечта товуқни еб битириб, терисидан пар ёстиқ ясадинг”, дейдиган. Яъни туман ҳокимининг фермерга айблов сифатида белгиланган Ер кодексининг 6.36.6-моддаси бузилишини тасдиқловчи исботи қандай тарзда амалга оширилган, ҳужжатлари борми, кўрсатинг, дейдиган.
“Калавани чувалаштирсанг арқон, норозини чувалаштирсанг достон” дейилганидек, 22-09-05/9844-сонли ишнинг ниҳоясини сохталаштириш ёки одиллаштириш сизларга буюк маъбуд томонидан буюрилган. Суюкли пайғамбаримиз САВ Муҳаммад мустафо айтган эканлар: Бир марта адолат юзасидан қилинган ишнинг савоби минг карра қилинган тоат ва ибодатдан юқори туради. Буёғи ўзларингизга ҳавола. Мен фақат ҳақиқат синмаслиги тарафдориман.
Уч йилдан бери адолат излаб ва уни тополмай зўравонликларга, саробларга дуч келиб, ўз ҳуқуқини поймоликдан асрашга ожизлик қилаётган, аммо адолат кучи ғолиб чиқишидан умизд узмаётган Хива туманидаги “Хазина” фермер хўжалиги раиси В. Назаров. 14 апрель 2012 йил.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судидан 27.04.2012 санаси 02-12/390-рақами билан яна аввалгиси билан бир хил жавобни олдим:
Хоразм вилояти Хива тумани
“Оқёп” қишлоғи “Шихлар”
маҳалласи 1-бўлим
В. Назаровга
Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига юборган такрорий мурожаатингиз кўриб чиқилди.
Сизга шуни маълум қиламизки, ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Конституциявий суди:
1) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларининг, ҳукуматнинг ва маҳаллий давлат ҳокимияти оргалари қарорларининг, Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мослигини аниқлайди;
2) Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;
3) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;
4) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколат доирасида бошқа ишларни ҳам кўриб чиқади”.
Мурожаатингиз тааллуқлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судига кўриб чиқиш учун юборилди ва натижаси ҳақида сизга хабар бериш сўралди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси У. Т. Гиясов
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 2012 йил 3 май санаси 12-2155 у/4927-рақами билан ёзилган жавобида ҳам айтарли ўзгариш йўқ:
“Хазина” фермер хўжалиги
раиси В. Назаровга
Хоразм вилояти Хива тумани
“Оқёп” қишлоғи “Шихлар”
маҳалласи 1-бўлим
Сизнинг вилоят хўжалик судида кўрилган 22-0905/9844-сонли хўжалик иши юзасидан қабл қилинган суд қарорларидан ва мурожаатларингиз юзасидан берилган жавоблардан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига 2012 йил 12 апрелда йўллаган қайта такрорий аризангиз Олий хўжалик судида ўрганиб чиқилди.
Мазкур иш юзасидан қабул қилинган суд қарорлари устидан норози бўлиб муқаддам юборилан назорат тартибидаги шикоят аризаларингиз иш ҳужжатлари билан бирга Олий хўжалик суди масъул ходимлари томонидан бир неча бор ўрганилиб, суд томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўланиб, асослантирилган ва қонуний қарорлар қабул қилинганлиги, келтирган важларингиз асоссиз эканлиги тўғрисида ваколатли мансабдор шахслар томонидан Сизга тушунтирилиб, батафсил жавоблар берилганлиги такроран маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди
фуқароларни қабул қилиш ва шикоятлар бўлими бошлиғи Т. Юсупов.
ТАМОМ ВАССАЛОМ!



