
Тошкент шаҳар летцийларидан бирининг 2-курсида таҳсил олаётган қизим бор. Шўх, ўта қизиқувчан. 1 май куни “Ҳаёт учун!” деган марафонга мен ҳам бораман, деб туриб олди. Йўқ дея олмадим.
Қош қорайганда гуё биров билан ёқа бўғишгандек, уст-боши идраб, бир куйлакдан тушгудек бўлиб кириб келди уйга. Нима бўлди, деб сўрасам, миллонлаб одамлар йиғилган экан, оломоннинг оёғи остида қолиб кетдим, дейди. Йўқ, ҳартугул шифокорлар тез тиббий ёрдам кўрсатишиб, хушини йўқотган боламни ўзига келтиришибди. Оёқ-қўллари кўкариб, уст-боши йиртилиб, титилб кетган, бир аҳволда. Лекин шундай бўлса-да, мамнун кўринди.
– Хўш, нимани кўрдинг, нималар қилдинглар?, – сўрадим ундан.
– Йиғилганлар чопишди. Ким биринчиликни олганиниям билолмай қолдим. Қўшиқчилар келишган экан. Қўшиқ айтишди. Йиғилган ёшлар гала-гала бўлиб “Ҳаёт учун! Ҳаёт учун!” деб қичқиришди. Ҳамма ёшлар шунақанги хурсанд, шунақанги бахтиёр эдики, ҳамма ёқда куй, ҳамма ёқда қўшиқ, кулгу…. Шу!, – деди қизим мамнунлигидан лаб-лунжини йиғиштира олмай.
– Энди айтчи, бу тадбир шахсан сенга нима берди? – дедим энсам қотиб.
– Вуй, сиз билмайсиз-да, аяжон, озмунча артистларни кўрдикми? Эҳ-ҳей…, – деди қизим ҳаяжон билан мен номини эслаб қолишим мушкул бўлган гуруҳлар ва қўшиқчиларни бирма-бир санаркан.
– Шугина холосми? 2 минг сўмга ҳоҳлаган санъаткорингни сотиб олишинг, уйда ётиб олиб, истаганча ашулла айттиришинг мумкин-ку? Ашуллачиларнинг даъвоси диск-да. Битта қўшиқчини кўриш учун чиқдингми майдонга? – дедим ўсмоқчилаб.
– Ҳа-да, – деди қизим, кейин бироз ўйланиб турди-да, – Аяжон, агар хафа бўлмасангиз, бир гап айтаман, – деб қолди.
– Айт!
– Хафа бўлиш йўқ-а, – деди у аввалдан ўз хавфсизлигини ҳимоялаб олишга уринаркан.
– Қисқа қил, гапир!, – дедим бетоқат бўлиб.

– Кўчага, майдонга чиқсам, ҳамма хурсанд. Шод, бахтиёр. Эй, уларнинг “Ҳаёт учун!” деб қичқирганларини эшитсангиз эди. Қараб турсам, Ўзбекистонимизда ҳамма бахтиёр, ҳаётларидан мамнун экан-ку? Сиз доим танқид қиласиз, норози бўласиз. Хафа бўлмангу, сиз худди ғаламислик қилаётгандек туюлиб кетдингиз менга…, – деди қизим ҳайиқибгина.
Оҳ, қизалоғим-а, инсон боласининг бахтиёр яшаши учун биргина “Ҳаёт учун!” деб қичқиришнинг ўзи кифоя қилса кошки эди?
Ҳа-а-а-а-а, шунақа, де, қизим, демак, тузумда ҳамма бахтли-тахтли, бой-бадавлат, тўла-тўкис, фақат бир менгина ношукур банда эканман-да-а, шундайми?
Инсон манфаатлари кафолатланган, инсони улуғланган тузум қандай бўлади ўзи, шуни биласанми, болам?
20 йил ЎЗМТРда ишладим. Аммо бирор бир ҳамкасбимнинг косаси оқарганини кўрмадим… Айниқса, рамозон ойида ҳар гал аянчли манзаранинг гувоҳи бўлардим. Аксарият ҳамкасбларим азборойи ислом динини чуқур билгани, тушунгани, бандаликнинг фарзларини адо этишлик учунгина эмас, бечораҳоллиги, ойлик маошини иқтисод қилиш учунгина рўза тутишарди. Буни сен билмайсан. Мен биламан бу ҳақиқатни. Олий маълумотли зиёлиси, журналисти хор бўлган юрт қани, айт, яна қайда бор? Харитадан кўрсатиб берчи?
Ҳатто бир куни 50 ёшлардаги бир ҳамкасбим, кўп йиллик тележурналист вақт тушликдан ўтиб қолган айни бир пайтда хушсиз йиқилганини кўрганим бор. Кимдир уни бетоб деса, биров қон босими ошиқ деди. Аммо етиб келган тез ёрдам шифокорлари бехуш журналистнинг ўта камқонлигини, очликдан бемадор, силласи қуриб йиқилганини қайд қилган. Кейин аниқ бўлишича, тўртта боласини боқиш учун қурби етмаган ҳамкасбим ойлик маошини иқтисод қилиш учун ишхонада умуман тушликка чиқмасдан ишларкан. Шундай кунларнинг бирида очлик унинг тинкасини қуритган. Энг даҳшатлиси, бу ҳолни кўрган ўзга кексароқ бир тележурналист: “Эй, ахмоқ-а, инсон овқатланмасдан ҳам яшаши мумкинми? Бунчалар қурумсоқ бўлиш керак эмас-да одам. Маоши етмайдиган биргина сенми? Тажрибанг етмас экан, биздан маслаҳат сўрамайсанми? Очликдан сақланишнинг бошқа йўллари ҳам бор. Мана, ўғилларимни уйлаб, қиз чиқарадиган бўлганимдан буён мен ҳам ишхонада “обед” қилишни йиғиштириб қўйганману, аммо очдан ўлганим йўқ. Тушлик пайти яқинлашавергач тилингизнинг тагига туршак ташаб қўйинг. Ана маза, мана маза. Ошқозонни тўқ тутади. Энг муҳими, туршак юракка фойдали. Мана, биз иссиқ овқат танаввул қилмасак ҳам, туршак шимиб кун кўриб юрибмизку” деган ғолибона қиёфада мамнунлигини яширмай. Бунисигаа нима дейсан?
Ишлаб, меҳнат қилиб, марказий ТВда тер тўкиб-да қорни тўйиб нон емаслик натижасида ҳолдан тойиш яна қайда бор? Шуми бу жамиятдаги сен кўраётган бахт? Шу бўладими сен эътироф этаётган фаровонлик?
Биласан, ойига 250-300 минг сўмдан ортиқ маош олган жойим йўқ. ( Қалам ҳақи билан қўшиб ҳисоблаганда). Ҳафтада 5 иш куни бўлса, мен 5 эмас, етти кун, дам олишларсиз, кундузи-ку, кундуз, ҳатто ярим тунгача, кези келганда, тундан тонгача ишлаганларимни, монтаж столида кўзим илиниб, муккасидан кетган пайтларимни ўзгалар билмас, аммо сен биласан. Бу нафақат менинг, балки барча тележурналистларнинг бошида бор савдо. Бироқ, мана шу меҳнатлар баҳоси 300 минг сўм. Мажбурий коммунал тўловлар 60 минг сўмнинг тагига боради. Бир қоп ун 70 минг сўм, 5 литр ёғ 28 минг, бир кило гўшт 17 минг, битта тухум 350 сўм, бир кило сариёғ 15 минг сўм бўлиб турган бир пайтда, 300 минг сўмлик маошга фаровон яшашни орзу қилиш мумкинми? Мумкин. Фақат бунинг учун инсон танаввул қилишни унутиши, фақат ҳаводан озиқланиши лозим бўлади. Аммо ҳали дунёда бирорта бир олим инсон боласининг ҳаводан озиқланиб умр кўриши мумкинлиги ҳақида илмий иш қилган эмас. Ана, сен, қўлингдан келса, шуни ихтиро қил. Ўзбекистон фуқароларининг дуосини олган бўлардинг. Ҳа, яна, 300 минг сўмлик маошга усти бут, қорни тўқ бўлиб яшаши учун, инсоният тош даврига, қадимий ҳаёт тарзига қайтиши лозим. Куйлак, шим, пойабзал, бош кийим деб бошини оғритиб юрмайди ўшанда. Авратларини табиатнинг саховати билан бўй чўзган ўт-уланлару, бир ҳовуч хас-ҳашак билан ёпиб олиб, юраверади. 300 минг сўм маош, емаса, етади, ҳатто ортиб ҳам қолади. Уст-кийим кияман демаса, эпласа бўлади. Мана, сен ибтидоий даврлардаги одамлардек истиқомат қилишга рози бўлармидинг? Йўқ-а?
Менчи, мен нима қилардим? Менгина ҳам очликдан бехуш йиқилган ҳамкасбимнинг ҳолига тушмаслик учун 15 йилдирки, тамадди қилиш учун уйда таом тайёрлаб, ишхонага олиб боришимни билармидинг? Йўқми? Билардинг. Аммо, айтчи, кунни тунга улаб тер тўкишим эвазига тўланаётган хақ ҳисобига сизларни – шу икки гўдагимнинг устини бут, қорнини тўқ қилишнинг иложи бўлдими? Имконичи? Бормиди? Айтчи, нега мактабга кеч қолмаслик учун транспортда кетасан-у, келишда уйга 8 бекат яёв қайтасан? Азборойи чиниқиш учун эмас-ку, ҳарҳолда, шундайми? Қишда совуқ, қор, ёзда иссиқ демайсан, пиёда йўл босишдан бўйин товламайсан? Негалигини биласанми? Оилавий етишмовчилик, тангликни тушунганинг учун ҳам шундай қиласан. Истаганинг учун эмас, мажбурлигинг боис. Нима, мен кўзимнинг иккитагина оқу қорасига транспорт учун маблағ беришни истамасмидим? Маблағ-ку, маблағ, жонимни ҳам бермасмидим, агар бу ёғимда бўлса?… Шуми сен эътироф этаётган тузумнинг каромати?
Оҳ, қизим-а, ҳали булар биргина ўзимнинг, оиламнинг, ҳамкасбларимнинг мисолида айтганларим – жамият учун одатий бўлиб қолган шунчаки “арзимас” ҳодисотлар…
Гулсара ҳолангни биласанми? Учта фарзанди бор. Бола-чақаси билан пешонасини офтоб тешиб, далада ишлайди, ер чопади, пахта теради. Аммо, ёзги таътилда, уларнинг уйида ойлаб юриб, кўргансан, биласан, шу уч ой мобайнида қозонида бир кило гўшт қайнаганми? Кўрганмисан? Йўқ. Кўрмагансан. Қайнамаган. Буни жуда яхши биласан. Ҳатто “Нега?” деб ажабланган кунларинг ҳам бўлган. Негалигини айтай: пахта эгатларида эгилиб ишлаганларга берилаётган пулга мушук ҳам офтобга чиқмайди, ҳатто. Ғалвирни сувдан кўтариш вақти келганда эса, “план”дан ортиқ ғалла-ю ҳосилни сен ардоқлаётган мана шу ҳукумат урвоғигача супириб олади. Бир-икки қадоқ ғаллани олиб қолганларни “халқ душмани” деб қамоққа тиқади. Шунинг учун!
Қишлоқдаги амакингнинг сендан кичик боласи бошидан ўтказаётган азобларни кўр. Эрта саҳар шудринг кечиб тут баргларини уруш учун йўл олади. Енг-боши шудрингда шаллабо бўлиб барг уради, ипак қуртига солади, ана ундан кейингина мактабига боради. Аммо пилла “план”ини уч юз фоиз уддалаган тақдирда ҳам улар тортган машаққатлар баҳоси бир пул. Гадойга хайр қилгандек хақ тўланади. Мана, нима учун ўзбек қорни тўйиб овқат еяолмайди бугун?! Қишлоқдаги шўрлик ўқувчилар йилда уч ойгина мактаб партасини кўришади, холос. Ерга чигит қадалиб, то ҳосил йиғиштириб олингунга қадар қишлоқ боласининг куни далада, эгат орасида ўтади. Шу гапларим тўғрими, ахир? Сен эътироф этаётган фаровон юрт ёшларининг болалиги эгатларда эмас, мактабларда ўтиши керак эмасми?
Бир йилда уч ой мактаб кўрганлиги учун ҳам улар Олий ўқув даргоҳларига пора бериб киришга мажбур. Пора бериб имтиҳон синовларидан ўтишга маҳкум. Пора қистириб ишга жойлашишга интиқ, интизор. Пора билан тиббиёт институтини тугатган шифокорнинг жарроҳлик столида қанча беморнинг куни битган, биласанми? Пора билан ўқитувчи бўлиб олган устоз шогирдига нимадан ҳам сабоқ берарди? Шуми сен эътироф этаётган тўқлик, тукинлик? Шуми сен тан олган бахтиёр турмуш, фаровон ҳаётнинг кўркам қиёфаси?
Кейинги ҳисоб-китобларга қараганда, 6 миллондан ортиқ Ўзбекистонлик йигитлар оила тебратиш, тўрт танга топиш илинжида турли мамлакатларга тариқдек сочилиб кетган. Қуллик азобида кун кечиришмоқда. Нега? Биласанми? Бор бало ишсизликда. Ишчи-ходамга тўланаётган маошнинг миқдорида. “Олдин иқтисод, кейин сиёсат” дейишади. Аммо айтчи, журналист, шифокор, меъмор, ўқитувчи, судья, прокурор, солиқчи, божхона ходими олаётган ойлик маошига боласини боқа оладими? Йўқ. Шунинг учун ҳам жамият порахўрлик батқоғига ботиб бўлди. Пора бермасанг, иш битмайди. Шуми сен таърифини келтираётган тузумнинг шарофати?
Гуландом опангни кўр: эри олий тоифали шифокор, ўзи кимсан, ЎзМТРКда журналист. Икки ўғли, икки келини, уч нафар набираси билан икки хонали “дом”да яшайди. Маошидан орттириб, ўғилларига том тикка қилолмайди. Қурби етмайди. Банкдан кридет олай деса, “соққаси” олаётган сармоясидан қиммат. Ойлик фоизлари чақиб олади кишини.
Болалигимда қўшнимиз Пардабой бобонинг 11 нафар ўғли бўларди. Рўзғор тебратишда қийналган бўлса, бордир, бунисини билмадим. Аммо шуни аниқ биламанки, Пардабой бобо барча ўғилларига том тикка қилиб берганди, бера олганди. Гуландом опанг иккитагина ўғлининг бошпанали бўлишини истамайди дейсанми? Истаганда қандоқ? Аммо на илож, осомн узоқ, ер қаттиқ. Бу тузум фуқароларнинг фаравон ҳаёт кечиришлари учун эмас, очдан ўлмасликлари учунгина ҳақ тўлайди, холос. Ё мен ноҳақманми?
Нега энди ўзбек халқи доимо қорин ташвишида яшаши керак? Нега энди бу ойда ёғ олдим, кейинги ойда гуруч, кейинги сафар ун харид қиламан, деб ҳамиша хомчўт қилишга маҳкум? Нега аҳоли ойлик маошини у ойдан бу ойга қадар етказаолмай, қарзлар занжирини ясашга мажбур бўлиши керак?
Нега энди биз, ота-оналарнинг фарзандимизга чидамли, сифатли пойабзал олиб беришга қурбимиз етмайди? Нега энди ҳамиша Хитойнинг бир ой кийилса, тўзиб кетадиган туфлисини харид қилишга шаймиз? Нечун халқ доимо рўзғорнинг йиртиғига ямоқ, енгига ёқа бўлиш ҳақида қайғуришга маҳкум? Нима, ўзбек осмон ўпар орзулар борасида бош қотиршга муносиб эмасми? Қориннинг қайғуси ҳақида эмас, кашф этиш, яратиш хусусида ўйласа, орзу қилса бўлмасмиди? Бўларди. Бироқ бунинг имкони йўқ. Айтчи, одамларни қорин ғамига ким солди? Сен тарафкашлик қилаётган шу тузум эмасми?
Миршабидан тортиб, домласига қадар қўлга қараса, соққа бўлса бас, сутни қора дейишдан ҳам тоймаса, кимнинг айби бу? Халқнингми ё ҳукуматнинг? Бир биридан чиройли, дабдабали қотиб қолган қонунлар ишламаса, ҳаётни эмас, қоғозларга кўрк бўлиб, безак берса, Шуми сен олқишлашга ошиққан тузум?!
Шунча муаммолар қалашиб, қато-оор тизилиб турган бир пайтда, биргина “Ҳаёт учун!” деб ҳайқирган билан иш битармиди, болам?
Аслида одамлари улуғланган юртда инсонлар бир луқма топиш, оиласини боқиш, қорин тўйғазиш қайғуси билан эмас, улуғ хаёллар, қўл етмас орзулар оғушида яшаши керак. Бу шарт. Кишиларни нафснинг қулига айлантиришга асосланган Ҳукуматга ҳайриҳоҳ бўлиш мумкинми? Миллатни миллат сифатида улғайишига эмас, ўлимига олиб келувчи бу тузумни улуғлаб бўладими?
Мана, сен ибтидоий тузумда яшашни истамайман дединг. Аммо, айтчи, Ўзбекистон қишлоқ аҳолиси турмуш тарзининг, нари борма, XX асрнинг бошларидаги, 1915-20 йиллардаги ҳаётидан нима фарқи бор? Нимаси ортиқ? Нега қишлоққа борсанг, қолгинг келмайди? Чунки у ерда электр энергияси деган сўзни унутасан, ҳафталаб электр чироғини кўрмайсан. Радио эшитмайсан, компьютерда ўтиролмайсан, телевизорга тикилмайсан. Ҳатто қўл телефоннинг қуввати тугаб, ҳафталаб ёнмай қолиши ҳам мумкин. Бир сўз билан айтганда, ҳаётдан тамомила узиласан. Тўғрими? Сенингча нега шундай? Далададаги оғир меҳнатдан эзилиб уйига қайтган деҳқоннинг иссиққина сувда ювинишга, телевизор кўришга, копьютерда дунёдан бохабар бўлишга ҳаққи ўйқми? Бор. Нима, электр энергияси қахатми? Йўқ. Акс ҳолда, ўз халқини азобларга қўйиб, электр токини ҳали Ҳатой, ҳали Афғонистонга пуллашмаган бўларди. Унда нега шундай? Буларнинг бари – халқни тутқунликда ушлаб туриш учун қўлланган тадбир. Халқни қулликда тутиб туриш мақсадида ўйлаб топилган “оқилона” йўллардан бири. Ҳа, нима, оддий аҳоли телевизор кўрсинми, радо эшитсинми, компьютерда интернет титкилаб, дунё ҳодисотларидан хабардор бўлсинми, кўзи очилсинми, саводи чиқсинми? Кейин зўравон тузумга, ўз хўжасига қарши бош кўтарсинми? Тахтдан қулатсинми? Кишанларни парчаласинми? Ҳақиқий ҳаётни орзу қилиб қолсинми? Йўқ-да. Бундай ахтога йўл қўйиш мумкни эмас. Айтчи, мактаб болаларининг йил ўн икки ой пахта далаларига қувилишининг боиси, хирмон тўплашдагина иборат деб ўйласанми? Адашасан! Бу тузум соҳибларига халқ оми қолса, саводи бўлмаса, ҳуқуқни билмаса, ҳаққини талаб қилмаса, тили чиқмаса бўллгани. Бор ҳақиқат шу. Халқни узоқ вақт тутқинликда ушлаб туришнинг энг қулай усулларидан бири бу.
Ўзбекистондаги истаган қишлоғингга бор. Гарчи Ўзбекистон то дунёнинг нарги чеккасига қадар табиий газ етказиб бераётган бўлса-да, бечора аҳоли ўчоғига тезак қалашга мажбур. Қўли касов, сочи супирги. Халқ шўрлик бир нарса дегудек бўлса, айрим Ҳокимтўраларнинг “Нима, ота-бобонг газ кўрганмиди? Тезак ёқмаганмиди? Танчада ўтирмаганмиди? Шундай қилган, аммо совуқдан ўлмаган. Ота-боболаринг қилган ишни қилсангларчи?” дея дўғи баланд. “Ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик” дейишади бунинг отини. Ўтин йўқ, кўмирнинг нархи осмонда, ҳатто гўзапояни ҳам кўп кўришади. Ночор аҳоли қабристондаги дарахтларни, тут шоҳларини кесишга маҳкум. Шуми сен таърифига ошиқаётган тузумнинг кўрки, шуми сен тан олмоқчи бўлган жамиятнинг жамоли, қизалоғим.
Хўш, айтчи, бу жамиятда нимага шукур қилиш керак? Ҳукм сураётган тинчликками? Шукрона келтиришимиз керак бўлган бу тинчлик қандай қурбонликлар эвазига эканлигини биласанми? Ўзбекитсон аҳолисининг хорлиги, зорлиги, ҳаётининг қурбонлиги эвазига эмасмикин? Бу борада чуқурроқ мушоҳада қилиб кўриш керак…
Зотан инсон боласи ҳаётга бир мартагина келади. Нари борса 70 йил умр кўради. Ўзбек бу оламга икки бор келмайдики, “Бу сафар бўлмаса, кейинги гал одамдек яшарман” деса, ўзини овутса. Ўзбекистон аҳолисининг ҳам одамлардек яшашга, тўкис, тўкин тирикчилик қилишга, фаровон кунларни кўришга ҳаққи бор. Бироқ, сен олқишлашга ошиқаётган айнан мана шу тузум Ўзбекистон фуқароларини одамлардек яшаш бахтидан чорак асрдирки мусавво қилиб келмоқда. Шундай эмасми? Эҳ, гапираман десанг, гап кўп, аммо айтган билан адо бўлармиди? Қайтага ёнаётган дилнинг ўртангани қолади, қизалоғим ….
“Йўқ, аяжон, сиз нотўғри гапираяпсиз! Хато айтаяпсиз! Ёлғон сўзлаб, маломат қилаяпсиз” дегин, қани, бўл, айтмайсанми? Гапларингизнинг барчаси бўхтон, барчаси ёлғон. Асл ҳақиқат мана бундай, мана бундай дегин, менинг сўзларимни инкор қилиб кўргинчи болам, бўла қол….
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА



