ОБ-ҲАВОНИ КАЙСИ ТАШКИЛОТ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ?!

Саида ҚУРБОНОВА

Қишлоқ одамлари тонгда, баъзан тонгдан олдин уйғонишади. Қарияларимиз бомдод номозини ўқишга туришса, йигитларимиз югуриш учун, ёшларимиз далага ишга бориш учун. Келинларимиз нон ёпиб, сигирини соғиб, сутини пишириб, болаларини, оила аъзоларини овқатлантириб, супир-сидир ишларинитугатиб, далага чопиққа кетишади.Тонгнинг мужизавий сеҳридан, мусаффо ҳавосидан баҳраманд бўлган кишиларнинг кун бўйи кайфияти чоғ, тетик, иши эса унумли бўлади.

Илгари кун бўйи кетмон чопган одамлар кечки овқатни қилиб бўлгач, салқин ҳавога чиқиб, аёллар гўдаклари, эрлари билан бир тўда, ёшлар бир тўда, кизлар бир туда бўлиб гурунг қилишарди. Ҳозирги кунда эса бизнинг қишлоқ аҳолиси Оллоҳ берган бундай неъматнинг на тонгги, на тунггисидан баҳраманд бўлолишмаяпти. Эрталаб туриб на нафас олаоламиз, на дераза очаоламиз.
Тонг отмасдан турган кексаларимиз, югираётган йишгитларимиз, юмушларини саранжом қилиш учун шошаётган келинларимиз, хуллас, барча бир қўлларида рўмолча билан оғиз-бурунларини ёпиб, баъзилари рўмоллари билан боғлаб олиб, юришга мажбур бўқлишмокда. Нафас олаётганлар ҳам тўйиниб нафас олишмайди, қисқа нафас олишга мажбур бўлишмокда. Чунки сасиётган, қўланса ҳиддан нафас олган кишининг кўнгли айнаб, нафаси сиқилади. Ёимғир ёғиб, сувни қўзгатса борми? Бунинг устига салгина епкин турсачи? Уйда ҳам
ўтириб бўлмай қолади. Бунинг сабаби эса қишлоғимиздан беш юз метр наридан оқиб утаётган зовур. Зовурда оқаётган сувга қарасангиз қон, ичак-чавоқ аралаш кўкариб кетган сув сасиб оқмокда. Одамларнинг айтишича, бу сув тери заводидан чиқаётган чиқинди эмиш. Илгари қамиш ва сув ўтлари билан қопланган шу зовурдан болаларимиз балиқ тутишарди. Чурраклар сузиб юрарди. Бақалар, қундуз (андатра) болаларди. Ниначилар, капалаклар учиб юришарди. Бугунги кунда зовурга бориб қарасангиз, ҳатто чивин учмайди. Илгариги сув ўтлари, қамишлар йўқ. Қимирлаган жонли нарсани тополмайсиз. Зовурда фақат қон ва ҳар хил химикатлар аралаш сасиб кетган сув окмокда.
Пахтакор шаҳрининг, қолаверса, Жиззахнинг ярим ахолиси шу заҳарли ҳаводан нафас олмоқда. Одамлар азият чекмокда.
Шу масала юзасидан Пахтакор тумани ҳокимлигига бориб, Табиатни мухофаза қилиш бўлимини изладим. Туман ҳокимлиги девонхонасидан суруштирсам, тайинли жавоб ололмадим. Ҳокимиятдан чиқиб, талай ташкилотларга кириб чиқдим. Тополмагач, одамлардан сураб-суруштириб туманнинг хусуийлаштириш биносининг хоналаридан бирида жойлашганлигини аниқладим. Айтилган жойга бордим. Бироқ у ерда ҳам бир ой турмасдан, қаергадир кўчиб кетганлигини айтишди. Шу ерда ишлаётган танишимдан туманнинг табиатни мухофаза қилиш бўлимии бошлиғининг исми Камол эканлигини билдим ва илтимос қилиб бошлиқнинг телефон рақамини олдим. Ниҳоят, + 99872.570-19-86 рақамига телефон қилдим.
Телефондаги гаплашувимиз узоқ чўзилмади. Бошлиқ ҳақиқатдан ҳам Пахтакор туманининг Табиатни муҳофаза қилиш бўлими раҳбари эканлигини, аммо туманда иш жойи мавжуд эмаслигини, кўтарилаётган масалага бошқараётган ташкилоти маъсул эмаслигини, бу иш билан туман Санитария бўлими шуғулланиши кераклигини, шунинг учун ўша ерга мурожаат қилишимни тушунтириб, телефонини ўчириб қўя қолди.
Ҳайрон бўлиб туманнинг Санитария бўлимига бордим. Улар эса бу иш билан Табиатни мухофаза қилиш бўлими шуғулланишини айтишди.
Шу борада бир неча бор ўзим гувоҳ бўлган воқеалар хаёлимдан ўтди. Агар биронта оддий киши зарурат туфайли битта дарахт кесиб қолса борми, “Сен табиатга зарар етказдинг, битта дарахт бир йилда бунча, ўн йилда мана бунча кислород ишлаб чиқарган бўларди!”, деб ҳисоблагич ҳам, бечорани судма-суд судровчилар ҳам, бўйнига отнинг калласидек жарима қўйувчилар ҳам топилган бўларди.. Яна бу шаввозлар ижросини ҳам кечиктиришмасди. Юқоридаги айтилаётган зовур эса атрофга заҳар тарқатаяпти. Аммо бирон ташкилот, биронта раҳбар бу ҳолатга эътибор бермаяпти. Иккала ташкилотдан ҳам ҳафсалам пир бўлиб қўйидаги саволларга кўмилдим.
Бошлиқ ўзи бошқараётган ташкилотнинг вазифаси нимадан иборатлигини ростдан ҳам билмайдими? Балким ўриндиқ банд бўлиб туриши кераклигидан, бошлиқни номигагина ўтқазиб қўйишибдими? Одамлар қачонгача бу ҳаводан нафас олишади-ю, қачонгача азият чекишади? Бу ҳолатга ҳамма бирдай маъсул эмасми? Зовурда оқаётган сув бошқа зовурларни ҳам захарламаслигига ким кафолат беради? Натижада бошқа зовурлар ҳам шундай, яъни бизнинг зовурга ўхшаб ўлик ҳолга келиб қолмайдими? Нафсимизни вақтида жиловлайлик! Бугунги фойдани деб эртанги кунимизни фожеага айлантириб қўймайлик!!!

Саида ҚУРБОНОВА
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Жиззах вилоят бўлими етакчиси

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares